Кредит тўлов графиги кредит шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кредит муддатидан олдин сўндирилганда банк қарздорга тўлов графигини қайта ҳисоблаб, ўз базасида янгилаб қўйиши ва қарздорга тақдим этиши зарур.
Қарздорнинг кредитни муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқи ва унинг тартиблари кредит шартномасида белгиланади.
Агар, кредит шартномасида ушбу тартиб қарздорнинг ёзма мурожаати билан амалга оширилиши кўрсатилган бўлса, қарздорнинг аризасидан сўнг банк кредитни муддатидан олдин сўндиришга ҳақли. Акс ҳолда, кредит тўлов графигига нисбатан ортиқча келиб тушган сумма, кредитнинг асосий қарзини сўндиришга йўналтирилиши лозим.
Ушбу вазиятда, банк ходимининг эътиборсизлиги билан кредит муддатидан олдин сўндирилмай тўлов графиги қайта ҳисобланмаганлиги туфайли кредит бўйича ортиқча фоизлар ҳисобланган бўлса, тижорат банки олдинги даврларда ортиқча тўланган суммаларни инобатга олиб янги тўлов графигини тузади ва янги тўлов графигига асосан кредит фоизи учун ортиқча олинган суммани қарздорга қайтаради.