Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан иқтисодий йўналишдаги учта олий ўқув юртида волонтёр-талабаларни молиявий саводхонлик бўйича тренерликка тайёрлаш юзасидан тренинглар ўтказилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиали ва Тошкент молия институтининг 100 дан ортиқ талабалари волонтёр-тренерлар сифатида молиявий саводхонлик асослари бўйича ўқув тадбирида қатнашдилар.
Тадбир давомида Марказий банк ходимлари томонидан банк омонатлари орқали жамғармаларни шакллантириш, молиявий мақсадларни белгилаш, фоизларни ҳисоблаш тартиби, рақамли банк хизматлари ва маҳсулотларидан самарали фойдаланиш, молиявий хавфсизликни таъминлаш каби молиявий саводхонликнинг асосий масалалари ёритилди. Талабаларга волонтёрлик фаолиятининг ташкилий асослари ҳамда тренинглар ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари ва тингловчилар билан ўзаро ҳамкорлик тамойиллари тушунтирилди. Тадбирнинг интерфаол формати иштирокчиларга ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконини берди.
Ўқув машғулотлардан сўнг талабалар Тошкент шаҳридаги 25 та ноиқтисодиёт йўналишидаги олий ўқув юртида ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича келгуси тренингларни ўтказади.
"Ноиқтисодий йўналишдаги олий ўқув юртларида ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш" лойиҳаси молия ва иқтисод соҳасидаги асосий билимларни ўргатишга қаратилган. Бундан кўзланган асосий мақсад волонтёр-талабалар томонидан ёшлар учун молиявий саводхонликни ошириш ва оқилона молиявий хулқ-атворни шакллантиришга қаратилган ўқув тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишдан иборат.
Finlit.uz билан биргаликда молиявий саводхонлигингизни оширинг!
#молиявий_саводхонлик #финансовая_грамотность