Марказий банк томонидан хотин-қизлар ва меҳнат мигрантлари оила аъзоларининг молиявий саводхонлигини ошириш ва жамғариш маданиятини шакллантириш мақсадида Сирдарё вилоятида икки кунлик ўқув тренинглар ўтказилди.
Ўқув тадбирлари давомида Марказий банк мутахассислари томонидан банк омонатлари орқали маблағларни жамғариш имкониятлари, молиявий хавфсизликнинг асосий қоидалари, ижобий кредит тарихини шакллантириш учун масъулиятли қарз олишнинг аҳамияти, шунингдек, аҳоли учун давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Сирдарё, Гулистон ва Ховос туманларида ўтказилган тренинглар орқали 200 дан ортиқ аёллар ҳамда 100 га яқин меҳнат мигрантларининг оила аъзолари шахсий молиявий маблағларини бошқариш, кредит ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишди.