Молиявий саводхонлик даражасини ошириш ва жамғариш маданиятини шакллантириш мақсадида Марказий банк Тошкент вилоятида аёллар учун икки кунлик ўқув тренинглар ташкил этди.
Ўқув тадбирлари давомида Марказий банк мутахассислари томонидан банк омонатлари орқали маблағларни жамғариш имкониятлари, молиявий хавфсизликнинг асосий қоидалари, ижобий кредит тарихини шакллантириш учун масъулиятли қарз олишнинг аҳамияти, шунингдек, аҳоли учун давлат томонидан яратилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида тушунтиришлар берилди.
Паркент, Бўстонлиқ туманларида ўтказилган тренинглар орқали 160 дан ортиқ аёллар шахсий молиявий маблағларини бошқариш, кредит ташкилотлари билан муносабат ўрнатиш ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ўз билим ва кўникмаларини оширишди.