Келажакда моддий қийинчиликларга дуч келмаслик учун бугундан ўз даромад манбаларингизни шакллантиринг!

Охирги янгиланиш:  22.Авг.2022 11:15 AM
422
Келажакда моддий қийинчиликларга дуч келмаслик учун бугундан ўз даромад манбаларингизни шакллантиринг!
2

Ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли молиявий вазиятларга дуч келади. Доимий даромад манбаига эга инсонлар, оила боқувчилари тўсатдан соғлиқлари ёмонлашганда, турли сабабларга кўра ўз иш жойларини тарк этганларида ёки пенсияга чиққанларида нафақат ўзини, балки оила аъзолари харажатларини таъминлашда қийинчиликларга дуч келиши мумкин.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан МДҲ давлатларида молиявий саводхонлик даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, 83% респондентлар давлат томонидан бериладиган пенсия тўловларига умид қилишар экан. Лекин пенсия тўловлари фаровон ҳаёт тарзи учун етарлими? Шуни унутмаслик керакки, пенсионер фаровон яшаши учун унга ишлаган вақтидаги ўртача ойлигининг 70% баробари миқдорида даромад маблағлари келиб туриши лозим.

Хўш, келажакда моддий қийинчиликларга дуч келмаслик учун маблағларни қаерга йўналтириш керак?

Даставвал, ўз жамғармангизни шакллантиринг ва уни тўғри сармояга йўналтиринг. Ушбу киритилган сармоя сизга пассив даромад олиб келишга хизмат қилсин.

Қуйида келажакда молиявий фаровонлик ва барқарорликни таъминловчи айрим усуллар ҳамда уларнинг афзаллик ва камчиликлари ҳақида маълумот берамиз:

Жамғармаларни банк омонатлари ёрдамида кўпайтириш

Афзалликлар:

  • пулларни жамғаришнинг хавфсизлиги, бунда сизнинг пулларингиз ишончли жойда қўриқланади;
  • омонат учун фоиз даромадлар ҳисобланиши;
  • омонатнинг қайтарилиши кафолатланганлиги.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам сизнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги пулларингиз Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди орқали тўлиқ қайтарилиши кафолатланган;

  • омонатнинг жозибадорлиги.

Ҳозирги кунда омонатларни онлайн очиш имконияти ҳам мавжуд бўлиб, бу сизга вақтингизни, маблағингизни тежашингизга ёрдам беради. Шунингдек, кўпчилик омонат турларида омонат миқдорини исталган вақтда тўлдириш ва қисман ечиб олиш каби имкониятлар ҳам мавжуд.

Камчиликлар:

  • фоизли даромад миқдорининг камлиги.

Бунда сизнинг даромадингиз омонат миқдорига боғлиқ бўлади. Омонат миқдори қанча кўп бўлса ҳисобланадиган фоизлар ҳам мос равишда шунча кўп бўлади;

  • муддатидан олдин ёпилган омонат фоизларнинг йўқотилиши.

Агар сизга ўз маблағингиз зарур бўлиб қолса ва сиз омонатингизни муддатидан олдин қайтариб олмоқчи бўлсангиз танлаган омонат турингизга қараб ҳисобланган фоизлар қисман тўланиши, тўланмаслиги ёки қайта ҳисобланиши мумкин.

Тавсия!

Омонатлар орқали пулларни тез ва самарали кўпайтириш учун омонатни ҳар ойда тўлдириш ва уни капитализация қилиш

Кўчмас мулк харид қилиш

Афзалликлар:

  • кўчмас мулкни ижарага бериш орқали даромад олиш;
  • шахcий тадбиркорлик учун фойдаланиш.

Агар сиз ўз тадбиркорлигингизни бошламоқчи бўлсангиз бошқаларга ижара тўламасдан ўз мулкингиздан фойдаланишингиз мумкин. Бу эса ортиқча харажатларни камайтиради.

Камчиликлар:

  • ортиқча харажатлар мавжудлиги.

Кўчмас мулк билан боғлик турли харажатлар мавжуд: коммунал тўловлар, турли носозликлар, солиқлар, техникани таъмирлаш/янгилаш харажатлари ва бошқалар;

  • кўчмас мулк ва ижара нархининг пасайиб кетиши.

Турли кутилмаган вазиятлар сабабли нархлар кескин пасайиши мумкин(масалан, бозордаги талабнинг кескин тушиб кетиши, ёки айнан сизда мавжуд кўчмас мулк турига нисбатан; янги қурилган уйлар сизнинг кўчмас мулкингизни жозибадорлигини камайтиради);

  • қиймат йўқолиши.

Мисол учун, йиллар ўтиши билан сиз харид қилган квартира ҳар томонлама эскиради ва бевосита унинг нархи бирламчи бозорникидан пастроқ бўлади.

Олтин қуймалар ёки эсдалик олтин тангаларини харид қилиш

Олтин ўз қийматини доимо сақлаб келган ҳамда аҳолининг инвестиция ва жамғариш имкониятларини кенгайтиради. Ҳозирги кунда тижорат банклари орқали сиз оғирлиги 5, 10, 20 ва 50 грамм бўлган, 999,9 софликдаги олтиндан тайёрланган қуймаларни ёки 15, 20 ва 31,1 грамм бўлган эсдалик тангаларини харид қилишингиз мумкин.

Афзалликлар:

  • эркин харид қилиш ва сотиш имкони.

Тижорат банклари орқали олтин қуйма ва эсдалик тангаларни харид қилиш ва қайта сотиш мумкин;

  • узоқ муддатларда яхши даромад олиш имкони.

Камчиликлар:

  • қисқа муддатларда даромад олиш имконининг камлиги;
  • йўқотиб қўйиш ёки ўғирлатиш эҳтимолининг мавжудлиги;
  • олтин қуймаларининг хавфсиз сақланишини таъминлаш.

Агар олтин қуйманинг қадоғи турли эҳтиётсизликлар сабабли очилган ёки унга зарар етказилган бўлса, бунда банк техник эксперизани амалга оширади (20 иш куни давомида) ва текширув якунлангандан сўнг тўлов амалга оширилади.

Суғурта маҳсулотлари

Сиз навқиронлик даврда яхшигина даромад топаётганингизда келгуси йилларни ёки кексаликни ўйлаган ҳолда ўз соғлиғингизни суғурталаб қўйишингиз мумкин. Афзалликлар:

  • ҳаёт ва бошқа суғурта турларидан фойдаланиш.

Бунда сиз турли талофатлар, бахтсиз ходисалардан суғурталиниш натижасида ортиқча кутилмаган харажатларни камайтирасиз. Мисол учун, ҳаёт суғуртасида турли касалликларга чалинганингизда даволаниш харажатлари суғурта шартномасида кўрсатилган суммада суғурта компанияси томонидан тўлаб берилади.

Камчиликлар:

  • суғурта ҳодисасининг рўй бермаслиги.

Агар ҳеч қандай суғурта ҳодисаси содир бўлмаса суғурта учун тўланган пуллар сизга қайтариб берилмайди.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Оилавий бюджет

Оилавий бюджет

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Мобил молиявий режалаштириш иловалари

Мобил молиявий режалаштириш иловалари

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X