Жамғариш техникалари

Охирги янгиланиш:  19.Сен.2022 2:10 PM
1396
Жамғариш техникалари
2

Бюджетни тўғри режалаштириш ва пулни оқилона сарфлаш учун аввало пулларни қаерга сарфланаётганини билиш керак. Бу харажатлар ва даромадларни ҳисобга олиш орқали амалга оширилиши мумкин. Молиявий режалаштиришда турли ёзма ва электрон воситаларга таянамиз:

  • блокнот ёки дафтар
  • мобил иловалар
  • компьютер дастурлари (Microsoft Excel, Microsoft Word)

Даромадлар, харажатларни тўғри тақсимлаш, молиявий мақсадлар ва молиявий ёстиқча учун пулларни ажратишни режалаштириш учун биз сизга жамғармаларни шакллантириш бўйича бир нечта техникаларни тайёрладик:

1. “Ярим-ярим” техникаси – энг оддий усул. Жамғаришга тайёр бўлганлар, лекин ҳисоблашни истамайдиган одамлар учун қулай техника хисобланади. Яъни, маошингизнинг ярмини жамғарма учун ажратасиз ва шу пулларни унутасиз, иккинчи ярмини эса кунлик харажатлар учун сарфлашингиз мумкин.

2. “60% техникаси” – молиявий маслаҳатчи Ричард Женкинс томонидан ихтиро қилинган, усулнинг моҳияти шундаки, даромадингизнинг 60% қисмини сиз жорий харажатлар учун, қолган қисмини эса қўйидагича тақсимлайсиз: 10% пенсия жамғармалари; 10% узоқ муддатли харидлар ва тўловлар; 10% режасиз харажатлар; 10% ҳар қандай ўйин-кулги.

3. “50-30-20” техникаси (Э. Уоррен)

Ушбу техника бўйича қўйидаги учта йўналишни мувозанатда сақлаш зарур:

Зарурият (даромаднинг 50% қисми): озиқ-овқат, коммунал хизматлар ва бошқалар;

Истаклар (даромаднинг 30% қисми): китоблар, фильмлар, кафе ва бошқалар;

Жамғарма (даромаднинг 20% қисми): 10% - молиявий ёстиқча, 10% - молиявий мақсадлар.

4. “Олти кўзалар усули” ёки “Кўзалар қоидаси” техникаси (англ. 6 Jars Budgeting Method) - бюджетлаштиришда қўлланиладиган классик конвертлар техникаси. Ушбу пулни бошқариш тизими Т.Харв Экер томонидан “Миллионердек ўйланг” китобида тасвирланган.

Ушбу техниканинг моҳияти шундаки, барча даромадларни олтита тоифа (кўзалар)га тақсимланади ва белгиланган тартибда сарфланади:

1-кўза. Зарур ёки жорий харажатлар (Necessity Account, NEC) - 55% ни ташкил қилади. Ушбу қўзада қўйидаги жорий харажатлар учун пул сақланади: озиқ-овқатлар, коммунал хизматлар, кредитлар, дори-дармонлар, транспорт, тиббиёт ва бошқалар.

2-кўза. Истаклар (Play Account, PLAY) - 10%. Бу кўзадан пул ўзингиз ҳақингизда қайғуришингиз учун сарфланади. Ўзингиз одатланмаган харидларни амалга оширинг. Ушбу кўзадаги пул ҳисобидан массаж, картинг клуб, концерт ёки дам олишга боришингиз мумкин. Ўзингизни рағбатлантиринг, ортиқча пул сарфлаганингиз учун виждон азобисиз роҳатда яшанг.

3-кўза. Молиявий эркинлик (Financial Freedom Account, FFA) - 10%. Ушбу кўза сизнинг молиявий эркинлигингиз учун чипта ҳисобланади. Пуллар ҳеч қандай шароитда сарфланмайди, фақат пассив даромад олиш учун ишлатилади. Молиявий эркин бўлганингизда ҳам, ушбу кўзадаги пуллардан олган фойданигина сарфлашингиз мумкин.

4-кўза. Таълим (Education Account, EDU) - 10%. Ушбу кўзадаги пул таълим ва шахсий ривожланиш учун сарфланади. Ўзингиз ва болаларингизга сармоя киритиш – пул сарфлаш учун ажойиб сабаб. Пуллар таълим, ўқув курслари, мастер-класслар, тренинглар ва китоблар учун сарфланади. Ўз-ўзингизни ривожлантириш сизга нафақат асосий ишингизда, балки қўшимча ва пассив даромад манбаларини яратишда ҳам кўпроқ имкониятлар бериши мумкин.

5-кўза. Захира фонди ва келажакдаги харидлар (Long Term Saving for Spending Account, LTSS) - 10%. Ушбу кўзада сақланадиган пуллардан молиявий ёстиқча сифатида катта харажатлар учун фойдаланиш мумкин (таътил, идиш ювиш машинаси, автомобиль ва ҳ.к.). Ушбу ҳисобдаги пул молиявий қийинчиликлардан халос бўлишга, қарзлардан қутулишга ва келажакка ишонч билдиришга имкон беради.

6-кўза. Совғалар ва хайрия ҳисобварағи (Give Account, GIVE) - 5%. Ушбу кўзадаги пул хайрия мақсадларида ёки дўстлар, қариндошлар, қўшниларга совғалар харид учун сарфланади. Бу пулларни қанча эркин сарфласангиз, шунча тезроқ қайтиб келади. Бундан ташқари, яқинларга совғалар улашиш ҳар доим ёқимли.

Жамғариш учун тавсиялар

Жамғармаларни янада самарали кўпайтиришга ёрдам берадиган қўшимча тавсиялар мавжуд:

1. Ҳар куни чўнтагингизда қолган майда пулларни “копилка”га жойлаштиринг. Улар ойнинг охирида йиғилиб кўпроқ пулга айланади.

2. Сиз сарфлайдиган пулларни тўрт ҳафтага ажратинг – ҳар ҳафтанинг охирида 7 кунлик бюджетдан ортган пулларингизни жамғармага ўтказинг.

3. Қайтарилган қарзларни “копилка”га тўлиқлигича юборинг. Аслида, бу сумма даромад эмас, шунчаки сиз аввалги ойларда ҳисобга олмаган пулларингизни қайтариб олдингиз.

4. Тасаввур қилинг, валюта айирбошладингиз. Мавжуд суммани яхлитлаб, ортиб қолган миқдорни “копилка”га жойлашингиз мумкин. Дейлик, 1 095 000 сўм миқдордаги сумманинг 35 000 сўмини жамғариш учун ажратасиз. Кейинчалик улар катта суммага айланади.

5. Ўзингиз учун жарималар тизимини ишлаб чиқинг. Зарарли одатлар учун ўзингизни молиявий жиҳатдан жазоланг. Масалан, машғулотни ўтказиб юбордингизми – “копилка”га 10 000 сўм жойлаштиринг. Ҳар икки ҳолатда ҳам фойда бўлади: ёки захирадаги пулингиз кўпайади, ёки янада интизомли бўласиз.

6. Кераксиз харажатларни икки ҳафтага кечиктиринг. Агар бу муддатдан кейин ҳам сизда харид хоҳиши сақланиб қолса, унда ихтиёр ўзингизда. Аммо 14 кун ичида ушбу харажат жуда зарур эмаслигига аён бўлишингиз ҳам мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Оилавий бюджет

Оилавий бюджет

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X