Автокредит – сиз учун автотранспортга эга бўлиш калитими?

Охирги янгиланиш:  22.Май.2021 1:42 AM
2369
Автокредит – сиз учун автотранспортга эга бўлиш калитими?
3

Тараққиёт тезлашиб бораётган бир даврда шахсий автомашинанинг кундалик ҳаётдаги аҳамияти янада ортиб бормоқда. Ҳар бир шахс ёки оила ўз автотранспортига эга бўлишни истайди. Агар автомашина сотиб олишга етарли маблағ бўлмасачи? Бундай вазиятда тижорат банкларининг автокредит хизмати ечим бўлиши мумкин. Лекин ушбу хизматдан фойдаланишнинг ҳам ўзига яраша шартлари мавжуд. Бугун айнан автокредитдан фойдаланиш шартлари билан танишиб чиқамиз.

Автокредит – бу истеъмол кредитининг бир тури бўлиб, тижорат банклари томонидан жисмоний шахсларга айнан автомобил сотиб олиш учун ажратилади.

Автокредит кимларга берилади?

18 ёшдан катта, мунатазам расмий даромад манбаига эга Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолиятини расмий олиб бораётган норезидент шахсларга автокредит ажратилади.

Тижорат банкининг автокредити ҳисобига қандай автотранспортларни сотиб олиш мумкин?

Ҳозирги кунда, автокредит Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автотранспортларни сотиб олиш учун ажратилмоқда.

Баъзи тижорат банклари иккиламчи бозордан автомобил сотиб олиш учун автокредит ажратади.

Автокредит олиш учун қандай ҳужжатлар талаб қилинади?

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжат;
  • даромадлар ҳақида иш жойидан маълумотнома;
  • автомобил сотиб олиш шартномасининг нусхаси;
  • кредит қайтарилиши таъминотига доир ҳужжатлар.

Автокредит таъминоти учун нималарни гаровга қўйса бўлади?

Тижорат банкининг ички сиёсатидан келиб чиқиб, автокредит таъминоти учун қуйидагилардан бирини гаровга қўйилиши мумкин:

  • Кредит ҳисобига сотиб олинаётган автомашина;
  • Кўчмас ва кўчар мулк;
  • Суғурта полиси;
  • Учинчи шахс кафиллиги;
  • Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тақиқланмаган бошқа гаров турлари.

Автокредит олиш жараёни қандай амалга оширилади?

1. Автотранспортни кредитга сотиб олиш бўйича бозорни ўрганинг. Бунда,

-сотиб олмоқчи бўлган автотранспортнинг вазифалари ва қулайликлари, нарх-навоси, авторанспортни етказиб бериш шартлари, тўлов турлари ва шартларини билиб олинг.

-автокредит ажратадиган банкларнинг таклифларини ўрганинг. Эътиборингизни кредит фоизи, муддати, таъминот тури, автотранспорт нархидан келиб чиқиб тўланадиган бошланғич бадал миқдори, кредит суммаси, кредитни қайтариш жадвалига асосан ойма-ой тўлов суммаси, ва энг муҳими, тўловларни қайтара олиш қобилиятингизга қаратинг.

2. Автосалон билан шартнома имзоланг. Шартнома шартларини синчковлик билан ўқиб чиқинг, тўлов муддатларига эътибор беринг.

3. Банкни танланг. Автокредит бўйича қўшимча маълумотларни банкнинг веб-сайти, call-марказлари ва сизга яқин филиалларидан билиб олишингиз мумкин.

4. Автокредит олиш бўйича банкка ариза ва юқорида келтирилган тегишли ҳужжатларни топширинг.

5. Банк ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, сизга кредит ажратиш бўйича ижобий қарор қабул қилса, кредит маблағларини шартномага асосан пул кўчириш йўли билан тўлаб беради.

Эътибор қаратинг! Кредит ҳисобидан пул кўчирилган кундан бошлаб кредит бўйича фоизлар ҳисобланишни бошлайди.

6.        Банк пул кўчириб берган кундан бошлаб автосалондан шартномада кўрсатилган шартлар асосида ўз автомобилингизни олишингиз мумкин.

Муҳим! Тижорат банклари автокредит шартларини белгилашда мустақилдир. Бунда улар рақобат муҳитидан ва тегишли қонун ҳужжатларидан келиб чиққан ҳолда автокредит бўйича фоиз, муддат ва бошланғич бадал миқдорини белгилайдилар.

Автокредит муддати –1-5 йилгача белгиланиши мумкин.

Кредитни сўндириш усули – аннуитет (кредит муддати давомида бир хил тўлов) ёки дифференциал (ойма-ой камайиб бориш тартибида) бўлиши мумкин.

Имтиёзли давр – банк кредит бўйича асосий қарз тўловларини талаб этмайдиган давр. Ушбу давр мобайнида фақатгина кредит фоизлари тўланади.

Эслаб қолинг! Бошланғич тўловни амалга ошириш учун маблағ етарли бўлмаган ҳолда, бошқа кредит (масалан, микроқарз) олиш маслаҳат берилмайди. Чунки бу ўз навбатида қарздорнинг қарз юкини ошириб юборишга, унинг бошқа кредитдан фойдаланишида ушбу омил таъсир кўрсатишига олиб келиши мумкин.

Муҳим! Автокредит – бу жавобгарлик. Агар кредит бўйича тўловлар ўз вақтида амалга оширилмай қолса, бундай ҳолатда салбий кредит тарихига сабаб бўлиши ва муддати ўтган қарздорликлар кредит таъминоти бўлган автотранспорт воситасини сотиш эвазига сўндирилиши мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Пенсионерлар учун кредитлар

Пенсионерлар учун кредитлар

Кредит тарихи

Кредит тарихи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X