Кредит бу мажбурият, у совға ёки эҳсон эмас.

Охирги янгиланиш:  24.Апр.2021 11:16 AM
6718
Кредит бу мажбурият, у совға ёки эҳсон эмас.
34

Одатда, бирор бир каттароқ молиявий мақсадимизга тезроқ эришиш масаласини банкдан кредит олиш билан ҳал қилишга ҳаракат қиламиз. Кредит ўзи нима ва у бўйича нималарни билиш муҳимлиги ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Кредит - бу кредит ташкилотлари, масалан банк томонидан ажратиладиган қарз маблағларидир. Банклар пулларни бир ташкилотдан қарз олиб бошқасига маълум бир муддатга қарзга беради. Пулни қарз сифатида олиб ишлатгани учун фоиз тўлайди ва мижозларига қарзга бергани эвазига эса фоиз ундиради. Тўланган фоизлар ва ундирилган фоизлар ўртасидаги фарқ банкнинг даромади ҳисобланади. Демак, банкка тадбиркор сифатида қарайдиган бўлсак, у ўз бизнеси учун “хом-ашё” сотиб олади, “маҳсулотни ишлаб чиқаради” ва даромад кўриш учун мижозларига “сотади”. Бу ерда,

Хом-ашё – бу пулларни депозитга фоизлар эвазига жалб қилиш;

Тайёр маҳсулот – бу банк хизматлари;

Сотув – бу кредит ва бошқа банк хизматлари.

Кредит асосан маълум бир мақсадга, муддатга, таъминот остида, уни сўндириш графиги асосида ва қарздорнинг тўлай олиш қобилиятига қараб ажратилади. Бу кредитнинг асосий тамойиллари ҳисобланади. Чунки банк кредит бериш учун жалб қилган маблағларини омонатчи ва депозит эгаларига фоизи билан бирга ўз вақтида қайтариши, ўз харажатларини қоплаши ва кредитни қайтиш ёки қайтмаслик рискини олдиндан баҳолаши лозим. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир банк кредитлар бўйича фоиз ставкаларини мустақил белгилайди.

Кредит аҳолига, хусусий тадбиркорларга, йирик корхоналарга ва ҳаттоки давлатларга берилиши мумкин.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредитга бўлган эҳтиёжини таъминлаш ва тўхтовсиз фаолият олиб бориши учун банкларга доим пул ресурслари зарур. Банклар пулларни

  • ўз таъсисчиларидан;
  • аҳоли ва юридик шахслардан;
  • давлатдан ёки халқаро молия ташкилотларидан олишлари мумкин..

Юқоридаги ресурс манбааларидан келиб чиқиб, кредитларнинг тури ва шартлари белгиланади:

Истеъмол кредитлари. Мижоз томонидан маълум бир истеъмол товар ва хизматлари, масалан маиший техника, автотранспорт сотиб олиш учун уй-жойни таъмирлаш, тўй маросимлари, дам олиш ва даволаниш кабиларга йўналтирилган қарз маблағлари олиниши мисол бўлади.

Истеъмол кредитларини ажратишда банк ўз саъй ҳаракати билан ресурс жалб қилади. Табиийки, бундай ресурсларни банк маълум бир “нархда” сотиб олади. Ўз-ўзидан “маҳсулот ишлаб чиқариш”даги харажатларни қоплаш мақсадида банк бундай кредитларни нисбатан баландроқ “нархда” сотади.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратиладиган кредитлар. Бундай кредитлар бошланғич сармоя, айланма маблағни тўлдириш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш каби мақсадлар учун қисқа ва узоқ муддатларда ажратилади. Бунда кредит фоизлари давлат дастури асосида имтиёзли равишда ёки банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан, лекин имтиёзли кредитларнинг фоизларидан фарқли равишда ажратилиши мумкин.

Имтиёзли кредитлар. Давлат дастури асосида ажратиладиган имтиёзли кредитлар. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш учун давлатнинг махсус фондлари ёки халқаро молия ташкилотлари ҳисобидан турли хил имтиёзлар билан ажратиладиган кредитлар. Ушбу кредит шартлари бевосита ресурсни тақдим этаётган ташкилот томонидан ўрнатилади.

Ипотека кредитлари. Уй-жой сотиб олиш учун ажратиладиган кредит тури бўлиб, белгиланган шартлар асосида банкнинг ўз маблағлари ҳисобидан ёки давлат дастурлари асосида махсус давлат фондлари ҳисобидан имтиёзли равишда ажратилиши мумкин.

Ёдда тутинг! Давлат дастурлари асосида шартлари қатъий белгиланган имтиёзли кредитлардан ташқари ҳар қандай банк хизматлари бўйича фоиз ва комиссион тўловларни белгилашда банклар мустақилдирлар.

Кредит маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш икки карра масъулиятни талаб этади. Шундай экан, кредитни олиш, ишлатиш ва қайтаришда масъулиятни ҳис этиб, тартибли қарздорлардан бўлишга ҳаракат қилайлик. Чунки кредит бу совға эмас, у молиявий мақсадларимизга эришиш учун имконият. Бу имкониятдан масъулиятсизлик билан фойдаланиб, ўз вақтида қайтарилмаса кредит тарихига салбий таъсирини кўрсатади.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Кредит тарихи

Кредит тарихи

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X