Кредит ташкилотлари (банк, микромолия ташкилоти, ломбард) аҳолига кредит ажратиш бўйича қарор қабул қилишда бир нечта омилларни инобатга олади. Масалан, қарздорнинг кредит тарихи, унинг кредит бўйича тўлов қобилияти, қарздорнинг қарз юки кўрсаткичи ва бошқалар. Кўпчиликда қарз юки нима эканлиги, қандай ҳисобланиши, нима учун кераклиги ҳақида саволлар туғилиши табиий. Биз ушбу мақола орқали шу саволларга жавоб берамиз.
Қарз юки нима ва уни ҳисоблаш нима учун керак?
Қарз юки кўрсаткичи - қарз олувчининг кредит (микроқарз) бўйича ўртача ойлик тўловлари миқдорининг унинг ўртача ойлик даромади миқдорига бўлган нисбати.
Масалан, ўртача ойлик маоши 5 млн.сўмни ташкил этадиган фуқаронинг кредити (микроқарзи) бўйича ўртача ойлик тўлови 4 млн.сўм бўлса, унинг қарз юки кўрсаткичи 80 фоизни ташкил этади.
Қарз юкини ҳисоблаш кредит ташкилотларига таваккалчиликларни (рискларни) баҳолашга ёрдам беради. Қарз олувчининг қарз юки кўрсаткичи қанчалик катта бўлса, унинг қарзни тўлай олмаслик эҳтимоли ҳам шунча катта бўлади.
Қонунчилик бўйича қарз юки кўрсаткичи жисмоний шахсларга микроқарз ажратилаётганда ҳисобланади ва бу кўрсаткич 50 фоиздан ошмаслиги лозим.[1]
Аҳолига ажратиладиган бошқа кредитлар (ипотека кредити, автокредит, истеъмол кредити) бўйича қарз юки кўрсаткичи банкларнинг ички сиёсатидан келиб чиққан ҳолда улар томонидан мустақил белгиланади.
Ўртача ойлик даромадлари ва ойлик тўловлари қандай аниқланади?
Қарз олувчининг ўртача ойлик даромадлари миқдори охирги 12 ой ичида олинган жами даромадлар (иш ҳақи, пенсия, фоиз, дивиденд ва бошқа турдаги даромадлар) суммасини 12 га бўлиш орқали ҳисобланади. Агар қарз олувчи
12 ойнинг охирги 7 ёки 8 ойи давомида даромадга эга бўлган бўлса, унда унинг ушбу давр ичида олган жами даромадлари мос равишда 7 ёки 8 га бўлинади.
Шартномада микроқарз ажратиш ҳақидаги мурожаатда биргаликда қарз олувчи назарда тутилган бўлса, унинг даромадлари ҳам ўртача ойлик даромад ҳисоб-китобига киритилади.
Кредит ташкилотлари қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг ўртача ойлик даромадларини аниқлашда қуйидаги тасдиқловчи ҳужжатлар ва маълумотлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга:
- иш берувчи томонидан тасдиқланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумот;
- пенсия миқдори тўғрисидаги маълумот;
- фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия бадаллари тўғрисидаги маълумот;
- қарз олувчининг банк ҳисобварақларига тушган даромадлари тўғрисидаги маълумот;
- тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлар;
- фоизлар, дивидендлар, мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар тўғрисидаги маълумотлар.
Бунда, қарз берувчи юқорида келтирилган ҳужжатлар билан чекланиб қолмай бошқа маълумотлардан ҳам фойдаланиши мумкин.
Ўртача ойлик тўловлар миқдори ҳисоб-китобига қуйидаги тўловлар киритилади:
- янги олинаётган микроқарз бўйича тўловлар;
- биргаликда қарз олувчининг тўловлари ((микроқарз) ажратиш тўғрисида кўриб чиқилаётган аризада биргаликда қарз олувчи назарда тутилган бўлса, унинг кредит ташкилотларидан илгари олган ҳар бир кредити (микроқарзи) бўйича тўловлари);
- бошқа кредиторлар билан тузилган ҳамда амалда бўлган ҳар бир кредит (микроқарз) шартномалари бўйича тўловлар;
- қарз олувчи кафил сифатида иштирок этган кредитлар (микроқарзлар) бўйича тўловлар (агар қарз юки кўрсаткичини ҳисоблаш санасида улар бўйича 30 кундан ортиқ муддати ўтган тўловлари мавжуд бўлса).
Бунда қарз берувчи ўртача ойлик тўловлар миқдорини ҳисоблашда актуал (олинган санаси 7 иш кунидан ошмаган) маълумотлардан фойдаланиши лозим.
[1] Қарз олувчи жисмоний шахсларнинг қарз юкини тартибга солиш тўғрисидаги низом: https://lex.uz/ru/docs/4654149