“Кредит олиш учун ушбу кредит билан боғлиқ бир қанча ҳаражатлар қилишга мажбур бўлдим.” – бу Сизга таниш сўзлар бўлса керак. Маълумки, банкдан олинаётган ҳар қандай кредит бўйича унинг турига қараб, уни олиш, фойдаланиш ва тўлаш билан боғлиқ бўлган ҳаражатлар юзага келади.
Бундай ҳаражатлар, кредитнинг асосий қарзи ва фоизлари билан биргаликда кредитнинг тўлиқ қийматини ташкил этади. Бунда, ҳаражатлар бир вақтнинг ўзида тўланмайди ва ўларнинг тўлови ва миқдори кредит тури ва кредит таъминотига қараб юзага келади.
Шундай қилиб, кредитнинг тўлиқ қиймати деганда, истеъмол кредити ёки қарз олиш билан боғлиқ барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда кредит қайтарилганидан кейинги реал фоиз ставкаси тушинилади.
Масалан кредитнинг йиллик фоиз ставкаси 20% бўлса, кредитнинг тўлиқ қиймати йиллик 23% дан тўғри келиши мумкин. Айнан бу кўрсаткич банклар таклиф этаётган кредит маҳсулотини солиштиришга ва энг мақбулини танлашга имкон яратади.
Кредитнинг тўлиқ қийматига кредит тури ва гаров таъминоти турига қараб қуйидаги ҳаражатлар киради:
- Асосий қарз ва фоизлар бўйича тўловлар. Ушбу тўловлар мажбурийдир;
- Банк фойдасига амалга ошириладиган тўловлар — кредитни расмийлаштириш ва ундан фойдаланиш давомидаги комиссион тўловлар. Бунда, Сиз кредитни ўз вақтида тўламаганингиз учун ҳисобланган жарима, пеня ва неустойкалар кредитнинг тўлиқ қийматига киритилмайди;
- Гаров таъминоти сифатида кредит қайтмаслик хатаридан суғурталаш бўйича амалга оширилган тўловлар (полис), агар кредит гаров мулки сифатида ушбу таъминот турини тақдим этаётган бўлсангиз;
- Гаров мулкини (автотранспорт, ускуна, кўчмас мулк) суғурта қилишда суғурта ташкилотига тўланадиган тўловлар, агар кредит гаров мулки сифатида ушбу таъминот турини тақдим этаётган бўлсангиз;
- Гаров таъминоти сифатида кафиллик (кафолат) олиш учун кафил (кафолат берувчи)га тўланадиган тўловлар, агар кафил Сиздан бундай тўловни амалга оширишни талаб этса;
- Гаров мулкини баҳолаш учун баҳоловчи ташкилотга тўланадиган тўловлар, агар кредит таъминотига бундай гаров мулкини (кўчмас мулк, автотранспорт, ускуна, қимматбаҳо тош кабилар) тақдим этаётган бўлсангиз;
- Кредит олиш учун ҳужжатларни тайёрлаш, уларни банкка топшириш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар (воситачилар)га тўланадиган тўловлар. Бундай ҳаражатлар ҳақиқатда тўланган вақтда ҳисоби юритилади
Юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, кредитнинг тўлиқ қиймати кредит ҳужжатларини тайёрлашдан бошлаб, то уни охирги тўловларини амалга оширгунга қадар кредит бўйича барча тўловларни ҳисобга олган ҳолда ҳисобланиши керак.
Эътибор қаратинг! Банклар кредитнинг тўлиқ қийматини кредит шартномасида тўлиқ ва яхши ўқиладиган шрифтда кўрсатишлари керак.
Кредитни олишдан олдин, банк мутахассисидан Сиз олмоқчи бўлган кредитингиз бўйича кредитнинг тўлиқ қийматига нималар кириши ва у қандай ҳисобланишини батафсил сўрашга ҳақлисиз!