Тўлов баланси ҳақида нималарни биласиз?

Охирги янгиланиш:  01.Июн.2020 5:13 PM
2442
Тўлов баланси ҳақида нималарни биласиз?
12

Тўлов баланси – маълум бир вақт мобайнида (чорак, ярим йил, бир йил ва ҳ.к.) бир мамлакат ва унда рўйхатдан ўтган корхоналар, жисмоний шахслар ва давлат идораларининг бошқа мамлакатлардаги корхоналар, жисмоний шахслар ва давлат идоралари билан амалга оширган барча иқтисодий операцияларини ўзида акс эттирувчи статистик ҳисоботдир.

Масалан, товар ва хизматларни экспорт ёки импорт қилиш, бошқа бир давлатга кредит бериш ёки жалб этиш, кредит бўйича тўловларни амалга ошириш, халқаро пул ўтказмалари, қимматли қоғозлар бўйича халқаро савдолар ва бошқалар шулар жумласидандир. Ушбу ҳисобот мамлакат ташқи иқтисодий ҳолатини таҳлил қилиш ва унга оид пул-кредит, валюта сиёсати каби макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш учун муҳим статистик асос вазифасини ўтайди.

Халқаро валюта жамғармасининг таснифига биноан, тўлов баланси жорий операциялар ҳисоби, капитал билан боғлиқ операциялар ҳисоби, молиявий операциялар ҳисоби ҳамда соф хатолар ва йўқотишлар каби таркибий қисмлардан иборат.

Товарлар ва хизматлар экспорти ва импорти, бир мамлакатнинг хорижда ишловчи ҳамда ўша давлатда ишловчи чет эллик ишчиларнинг даромадлари ва харажатлари, бир мамлакатнинг ташқи активлари ва мажбуриятлари бўйича қўлга киритган ёки тўлаб бериши лозим бўлган даромадлари, шунингдек, халқаро пул ўтказмалари, грантлар ва инсонпарварлик ёрдамлари ва бошқа операциялар тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобида акс этади.

Бундан ташқари, бир мамлакатдаги корхонанинг бошқа бир мамлакат корхонасига катта миқдорда бағараз молиявий ресурс тақдим этиши ёки ихтиёрий равишда қарзидан воз кечиши каби капитал трансфертлари ҳамда ер, табиий ресурслар, шартномалар, маркетинг ишланмалари каби ишлаб чиқарилмаган номолиявий активлар савдолари тўлов балансининг капитал билан боғлиқ операциялар ҳисобида жамланади.

Шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги активлар ва мажбуриятлар билан боғлиқ операциялар тўлов балансининг молиявий операциялар ҳисобида юритилади. Молиявий ҳисоб тўғридан тўғри инвестициялар, портфел инвестициялар, молиявий деривативлар (своп, опцион ва ҳ.к.), бошқа инвестициялар (валюта ва депозитлар, савдо кредитлари ҳамда аванслари ва бошқалар) ва резерв активларидан иборат.

Назарий жиҳатдан, жорий ҳамда капитал билан боғлиқ операциялар ҳисоблари сальдоси йиғиндиси молиявий ҳисобнинг сальдосига тенг бўлиши лозим. Аммо, амалиётда ҳисобот шаклланишида фойдаланиладиган маълумотлар турли манбалардан олиниши, актив ва мажбуриятлар қийматининг ўзгариши ва бошқа ўзгаришлар тўлов баланси қисмларининг номутаносиблигига олиб келади. Ушбу номутаносибликлар тўлов балансида соф хатолар ва йўқотишлар сифатида кўрсатилади.

Марказий банк тақдим этган “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи” нашрига кўра, 2019 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича жорий операциялар ҳисобининг дефицити ўтган йилнинг мос даврига нисбатан деярли икки мартага қисқарган бўлиб, 1,4 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Дефицитнинг қисқариши экспортнинг ўсиш суръатлари импортникига нисбатан юқорироқ бўлгани билан изоҳланади.

Жорий операциялар ҳамда капитал билан боғлиқ операциялар ҳисобларидаги дефицитлар молиявий операциялар ҳисоби эвазига молиялаштирилади. Масалан, жорий операциялар ҳисоби дефицитининг асосий манбаларидан бири бўлган савдо баланси дефицити (импорт ҳажмининг экспорт ҳажмидан ортиқлиги) асосан молиявий операциялар ҳисобидаги инвестициялар ва қарзлар эвазига қопланади.

Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, Марказий банк маълумотига кўра, 2019 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган товарлар импортнинг катта қисмини (32%) машиналар, ускуналар ҳамда механизмлар ташкил қилмоқда. Ушбу маҳсулотлар учун тўловлар асосан молиявий ҳисобдаги жалб қилинаётган инвестициялар ҳамда ташқи қарзлар эвазига молиялаштирилди.

Жаҳон тажрибасида тўлов баланси ҳисоботи асосан Марказий банк ёки Статистика қўмитаси (Статистик идора) томонидан шакллантирилади ва ҳар чоракда фойдаланувчиларга тақдим қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 2018 йилдан бошлаб тўлов баланси бўйича статистик ҳисоботни Халқаро валюта фондининг Тўлов баланси ва халқаро инвестицион позиция бўйича қўлланмасининг олтинчи нашрига асосан шакллантиради ва Кенгайтирилган маълумотларни тарқатишнинг умумий тизимида ўрнатилган муддатларда таҳлилий кўринишдаги нашр билан биргаликда жамоатчилик учун тақдим қилади




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Тўлов баланси ҳақида нималарни биласиз?

Тўлов баланси ҳақида нималарни биласиз?

Жорий халқаро операциялар ҳақида нималарни биласиз?

Жорий халқаро операциялар ҳақида нималарни биласиз?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X