Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?

Охирги янгиланиш:  02.Июл.2021 3:22 PM
5525
Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?
63

“Йиллик 26 фоизгача фойдали банк омонати” каби рекламалари охирги пайтларда кўзга ташланмоқда. Рақамлар ўзига жалб этади ва биз ушбу омонатга маблағ қўйганимизда омонат фоизлари рекламадаги фоиз ставкаси бўйича бутун давр учун амал қилади деб ўйлаймиз. Аммо бу унчалик ҳам оддий эмас. Энг муҳими, омонат бўйича шартлар билан танишиб чиқсангиз, бундай турдаги омонат фоизлари маълум бир схема бўйича ҳисобланишини тушунасиз.

Омонат фоизлари поғонали ҳисобланиши нимани англатади?

Фоизлари поғонали ҳисобланадиган омонатлар (поғонали омонатлар) – бу омонат муддати давомида омонатдан олинадиган фоиз ставкаси бир неча марта ўзгарадиган омонат тури ҳисобланади. Одатда фоизлар кичигидан каттасига қараб, баъзида эса аксинча ўзгариши мумкин. Фоизлар қатъий давр учун (масалан, ҳар чоракда) кескин ўзгаради. Шу томонлама ушбу омонат турлари бўйича даромадлар зинама-зина юқорига кўтарилишга солиштирилади. Аммо бу кўтарилиш айтарли даражада юқори даромадни олиб келмайди.

Асосан, ушбу омонат тури бўйича фоизлар 2-4 даврга бўлинади (баъзан муддат
6-8 даврга бўлинади) ва ҳар бири учун маълум фоизлар белгиланади. Банклар омонатчиларни жалб қилиш учун ушбу маркетингдан фойдаланадилар. Муддат охиридаги юқори фоиз ставкаси (ёки аксинча, муддат бошидаги юқори фоиз ставкалари) оддий аҳолини чалғитувчи жозибали “сароб” ҳисобланади

Фоизлари поғонали ҳисобланадиган омонат турларини банклар реклама қилаётганда, улар ушбу омонат бўйича одатда ҳақиқий фоиз ставкасини эмас, балки омонат муддатининг қисқа оралиғида қўлланиладиган максимал фоиз ставкасини кўрсатишларини эътиборга олиш зарур. Агар бундай омонат турининг ҳақиқий фоиз ставкаларини нисбатан пастроқ бўлган ва қатъий белгиланадиган фоиз ставкадаги одатий омонат турлари билан солиштирилса, жами даромад миқдори деярли бир хил бўлади.

Омонат бўйича максимал ва ҳақиқий фоиз ставкаси нимани англатади?

Омонат бўйича максимал фоиз ставкаси – бу омонатнинг тўлиқ муддати давомида маълум давр учун ўрнатилган максимал фоиз ставкаси ҳисобланади.

Ҳақиқий фоиз ставкаси – бу омонатнинг ҳақиқий қийматини ҳисоблашингиз мумкин бўлган фоиз ставкаси. Бу кўрсаткични билиш орқали сиз, омонат даромадини ўзингиз ҳисоблаб, ушбу шартлар асосида пулларингизни омонатга жойлаштиришингиз мақсадга мувофиқлигини аниқлашингиз мумкин.

Банкларнинг таклифларини ўрганиб, омонатнинг ҳақиқий фоиз ставкасини ўзингиз ҳисоблашингиз мумкин. Дейлик, сиз 1 йиллик (ёки 365 кунлик) омонат фоизларини поғонали усулда ҳисобланиши бўйича таклифларни кўриб чиқмоқдасиз:

  • Биринчи давр: 1-3 ой – йиллик 18%
  • Иккинчи давр: 4-6 ой – йиллик 21%
  • Учинчи давр: 7-9 ой – йиллик 23%
  • Тўртинчи давр: 10-12 ой – йиллик 26%
Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш

Натижа қуйидагиларни англатади: сизнинг 1 млн.сўм миқдоридаги омонатингизга банк бир йил ичида 219 972,60 сўм тўлайди. Агар фоиз кўринишида ҳисоблайдиган бўлсак, ушбу сумма омонатингизни 21,9%ини ташкил этади:

(219 972,60 ÷1 000 000) × 100% = 21,9%

Айнан шу кўрсаткич омонатнинг ҳақиқий фоиз ставкаси ҳисобланади. Яъни, сиз дастлаб, ушбу омонат бўйича йиллик 26 фоиз даромад олишни мўлжаллайсиз, аслида эса сиз йиллик 21,9 фоиз даромад оласиз.

Омонат бўйича фоизларни ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги маълумотлар қаерда батафсил кўрсатилади?

Банклар маълумотларни жойлаштиришда қуйидагиларда омонатларнинг фоиз ставкаларини кўрсатадилар:

  • веб-сайтлар ва банк мобил иловалардаги нашрларда;
  • фоизларни ҳисоблаш миқдори, тартиби ва муддати бандида;
  • муддатидан олдин шартномани бекор қилиш шартларида.

Муҳим! Омонатнинг барча шартларини диққат билан ўрганинг: омонат ҳисобварағини тўлдириш имконияти мавжудми, омонатни муддатидан олдин ёпиш шартлари ва фоизларни ҳисоблаш қандай тартибда амалга оширилади.

Агар саволларингиз бўлса, ҳар доим ўзингизни қизиқтирган банк мутахассисларига мурожаат қилишингиз мумкин. Банклар депозит ҳақида тўлиқ маълумот беришлари шарт!




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Омонат нима ва уни қандай тушуниш керак?

Омонат нима ва уни қандай тушуниш керак?

Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?

Омонат фоизларини поғонали ҳисоблаш: у ўзи нима ва қандай ҳисобланади?

Онлайн-омонат нима ва нимани билиш муҳим?

Онлайн-омонат нима ва нимани билиш муҳим?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X