Халқаро молиявий институтлар

Охирги янгиланиш:  31.Июл.2020 11:29 PM
10838
Халқаро молиявий институтлар
25

Халқаро молия ташкилотлари нима ва уларнинг жаҳон иқтисодиёти ривожланишидаги ўрни қандай?

Халқаро молия ташкилотлари жаҳон иқтисодиётида катта роль ўйнайди. Улар турли мамлакатларга маблағ ажратиш ва кредит бериш билан шуғулланадилар, жаҳон савдосини ривожлантириш ва молия тизимини барқарорлаштиришга ёрдам берадилар.

Халқаро молия ташкилотлари (ХМТ) - халқаро молия соҳасида давлатлараро (халқаро) битимлар асосида ташкил этилган институтлардир.

Қуйидагилар халқаро молия ташкилотлари иштирокчилари ҳисобланади:

  • давлат;
  • нодавлат ташкилотлар.

Жаҳон иқтисодий ривожи учун халқаро молия институтлари қайси функцияларни бажаради?

  • жаҳон иқтисодиётининг ҳолати, тенденциялари ва ривожланиш омиллари таҳлили;
  • жаҳон иқтисодиётини тартибга солиш, халқаро савдони қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида глобал валюта ва фонд бозоридаги операциялар;
  • инвестицион фаолият (халқаро ва ички миллий лойиҳаларга йўналтирилган кредитлар);
  • давлат лойиҳаларини кредитлаш;
  • халқаро кўмак дастурларини молиялаштириш;
  • илмий тадқиқотларни молиялаштириш;
  • хайрия фаолияти.

03uz

Бугунги кунда қандай ХМТлар фаолият кўрсатмоқда?

Халқаро валюта жамғармаси 1945 йилда ташкил топган бўлиб, халқаро валюта тизимининг ривожланишини ҳамда 189 та аъзо мамлакатнинг иқтисодий ва молиявий сиёсатини қўллаб-қувватлайди. Халқаро валюта фонди тўлов балансининг жорий ёки потенциал қийинчиликларига дуч келаётган аъзо давлатлар халқаро захираларини тиклашга, миллий валюталарини барқарорлаштиришга, импортнинг учун тўловларни давом эттиришга ва кучли иқтисодий ўсиш учун шароитларни тиклашга кредитлар ажратиш билан асосий муаммоларни бартараф этади.

Жаҳон банки гуруҳи вазифалари кенгайиши билан турли вақтда ташкил этилган ва функционал, ташкилий ва ҳудудий жиҳатдан бирлашган беш ташкилотни ўз ичига олади, жумладан:

  • Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ);
  • Халқаро ривожланиш ассоциацияси (ХРА);
  • Халқаро молия корпорацияси (ХМК);
  • Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп тармоқли агентлик (ИККА);
  • Инвестициявий низоларни ҳал қилиш халқаро маркази (ИНҲХМ).

Жаҳон банки гуруҳининг асосий мақсади ривожланаётган ва иқтисодиётига ўтиш даврида бўлган давлатларга молиявий ёрдам кўрсатиш ҳисобланади. Ушбу гуруҳ таркибига кирувчи ҳар бир институт ўз ресурсларидан мустақил равишда ва ўзлади белгиланган шароитда мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишга ҳисса қўшадиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича фаолият олиб боради.

Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки (ХТТБ) Бреттон-Вуд конференцияси қарорига асосан 1944 йилда ташкил этилган банк. Глобал ривожланиш ташкилоти бўлиб, Жаҳон банки гуруҳининг миссиясини қўллаб-қувватлайдиган, ўртача даромадли ва энг паст даражадаги даромадли мамлакатларга кредитлар, кафолатлар, хатарларни бошқариш бўйича маҳсулотлар ва маслаҳат хизматларини тақдим этувчи энг йирик банк ҳисобланади.

Халқаро ривожланиш ассоциацияси (ХРА)га 1956 йил асос солинган бўлиб, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатларга фоизсиз кредитлар ва грантлар тақдим этади. ЯИМнинг қиймати аҳоли жон бошига 835 АҚШ доллардан ошмайдиган мамлакатларгина ХРА дан қарз олиш ҳуқуққа эга. ХРА 30-40 йиллик муддатга ва дастлабки ўн йиллик имтиёзли давр (белгиланган муддатнинг асосий қарзини тўламаслик имтиёзи) билан фоизсиз кредитлар тақдим этади.

Инвестицияларни кафолатлаш бўйича кўп тармоқли агентлик (ИККА) ўз фаолиятини 1988 йилда бошлаган ва ривожланаётган мамлакатлар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, сиёсий хатарлардан суғурталаш ва хусусий инвесторларга кафолатлар бериш, шунингдек маслаҳат ва ахборот хизматларини кўрсатиш учун ташкил этилган. ИККА кафолати инвесторларни маблағлар ҳаракатини чеклашдан, мусодара қилинишидан, ҳарбий ва фуқаровий тартибсизликлардан ва шартнома шартларини бузиш хавфларидан ҳимоя қилади.

Инвестициявий низоларни ҳал қилиш халқаро маркази (ИНҲХМ)га 1966 йилда асос солинган бўлиб, давлатлар ва хусусий инвесторлар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш бўйича халқаро арбитраж ташкилоти (халқаро инвестициявий арбитраж) ҳисобланади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) 1991 йилдан буён фаолият юритиб, очиқ бозорга йўналтирилган иқтисодиётга ўтишни, шунингдек, Марказий ва Шарқий Европа давлатларида хусусий ва тадбиркорлик ташаббусларини ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи институтдир. Хусусий банк сектор билан ҳамкорликка эътибор қаратган ҳолда, лойиҳаларга сармоялар киритади, давлат сиёсати масалалари бўйича мулоқот олиб боради ва инновацияларни ривожлантириш, барқарор ва очиқ бозор иқтисодиётини барпо этиш учун техник ёрдам кўрсатади.

Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ) 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, у минтақаларга тўғридан-тўғри кредитлар ва техник ёрдамлар кўрсатиш орқали Осиёнинг иқтисодий ўсишини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган. ОТБ ривожланаётган аъзо мамлакатлардаги хусусий корхоналарга капитал қўйилмалар ва кредитлар ажратиш орқали тўғридан-тўғри ёрдам беради. ОТБ тегишли мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига самарали ҳисса қўшадиган ва мамлакат стратегиясига мувофиқ қашшоқликни камайтиришга энг катта таъсир кўрсатадиган лойиҳаларни молиялаштиради.

Осиё инфратузилма инвестиция банки (ОИИБ) Осиёдаги мураккаб инфратузилма эҳтиёжларини қондириш мақсадида давлатларни бирлаштириш учун ташкил этилган кўп томонли молиявий институтдир. У ўз фаолиятини 2014 йил январь ойида бошлаган ва хозирги пайтда унга 57та мамлакат аъзо. ОИИБ электр ва энергетика, транспорт ва телекоммуникация, қишлоқ инфратузилмаси ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сув таъминоти ва канализация, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда шаҳарлар ва логистикани ривожлантириш соҳаларида ишончли ва барқарор лойиҳаларни молиялаштиришни таклиф этади.

2008 йилда ташкил топган Молиявий оммабоплик альянсининг (МОА) мақсади молиявий оммабоплик бўйича самарали сиёсатни амалга ошириш орқали молиявий ресурслардан фойдалана олмайдиганлар учун тегишли молиявий хизматлар сифатини ва улардан фойдаланиш имкониятини оширишдан иборат. Дунёнинг 95 ривожланаётган мамлакатларининг тартибга солувчи молиявий ташкилотларини бирлаштиради. Альянс давлат молиявий тизимининг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшадиган муҳим сиёсий соҳаларда аъзо мамлакатларга грантлар ва техник ёрдам кўрсатади.

Ислом тараққиёт банки (ИТБ)  - исломий молиялаштиришга йўналтирилган кўп томонлама ривожланиш банки 1975 йилда ташкил топган. У аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш лойиҳаларини молиялаштиради. Банк шариат қонунлари ва тамойилларига асосланиб, аъзо давлатлар ва бутун дунё мусулмон жамоаларида ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлаш орқали ўз фаолиятини амалга оширади

Ислом тараққиёт банки гуруҳига қуйидаги ташкилотлар киради:

Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ХСРИК), 1999 йилда ташкил этилган бўлиб, хусусий секторга молиявий хизматларни тақдим қилади. У глобал ҳамкорлик платформасида кредит линиялари, маслаҳатлар, активларни бошқариш, инвестициявий битимлар ва бошқа операцияларни амалга ошириш учун стратегик ҳамкорликни таъминлайди.

Молиялаштириш усуллари қуйидагиларни ўз ичига олади, жумладан: капитал ва фойда олишда иштирок этиш, лизинг, қисман қайта сотиш ва бошқалар.

1999 йилда асос солинган Халқаро Ислом савдо ва молия корпорацияси (ХИСМК) Ислом тараққиёт банкининг автоном бўлинмаси ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси бутун Ислом дунёсидаги одамларнинг иқтисодий аҳволи ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида савдони ривожлантириш дан иборат.

1977 йилда ташкил этилган Халқаро қишлоқ хўжалигини ривожлантириш жамғармасининг (ХҚХРЖ) асосий мақсади ривожланаётган мамлакатларда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва кам таъминланганларнинг овқатланиш ҳолатини яхшилаш учун молиявий ресурсларни жалб қилишдан иборатдир. Жамғарма кам таъминланган қишлоқ уй хўжаликларининг овқатланишини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва даромадларни кўпайтиришга шароит яратиш мақсадида маблағларни сафарбар қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг пул-кредит сиёсати, солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш ва молиявий кўрсаткичлар статистикаси тизимини такомиллаштириш доирасида халқаро молия институтлари билан ҳамкорлиги тўғрисидаги маълумотлар Марказий банкнинг расмий веб-сайтида келтирилган.



Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Марказий банк

Марказий банк

Тижорат банклари

Тижорат банклари

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X