Ломбард

Охирги янгиланиш:  30.Июн.2020 10:00 AM
2991
Ломбард
6

Ломбард - нима ва қайси ҳолларда ломбарддан фойдаланиш қулай?

Агар бирон-бир сабабларга кўра сизга зудлик билан пул керак бўлганда ҳамда бирор кимдан қарз олиш ёки бир неча соат ичида кредит олиш имкони бўлмаса, Сиз, ломбардда уч ойдан ошмайдиган кредитни қимматбаҳо кўчар мол-мулкингиз гарови эвазига олишингиз мумкин.

Ломбард хизматларининг қулайлиги шундаки, кредитни олиш учун узоқ вақт сарфланмайди ва кўп хужжатлар талаб қилинмайди.

Ломбардда кредитни олиш ва қайтариш схемаси қуйидагича:

07
  • Сиз ломбардга қимматбаҳо мол-мулкни тақдим киласиз (агар керак бўлса, ломбард гаровга қўйиладиган мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки бошқа далилларни тақдим этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга), паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат, шунингдек қарз олувчининг фаолияти ва даромадлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатлар ;
  • Гаровга қўйиладиган мол-мулк баҳоланади;
  • Сизни кредит шартномасининг умумий шартлари билан таништириб чиқишлари керак. Агар сиз улар билан рози бўлсангиз, кредит шартномасини имзолайсиз ва қўлингизга пул маблағлари ва иккита ҳужжатни оласиз: кредит шартномасининг ўзи ва гаров картаси (билет).
  • МУҲИМ!!! Ломбард гаровга қўйилган мулклардан фойдаланишга ва уларни тасарруф этишга ҳақли эмас. Шунингдек, ломбард гаровга қабул қилган мулкни гаровга қабул қилиш пайтида шунга ўхшаш ва шундай сифатга эга мулкларнинг нархларига мос баҳодаги тўлиқ суммасида ўз ҳисобидан гаровга қўювчи фойдасига суғурталаши шарт.
  • Ломбард томонидан қабул қилинган мол-мулк, ломбардга тегишли бўлган барча тўловлар қопланганидан сўнг эгасига қайтарилиши мумкин. Учинчи шахс гаровга қўйилган мол-мулкни фақат мол-мулк эгаси томонидан белгиланган тартибда берилган ишончнома орқали олиши мумкин.

Агар кредитни сўндириш иложиси бўлмаса, гаровга қўйилган мол-мулк ломбард томонидан сотилади ва кредит, кредит бўйича фоизлар, жарима (неустойка) ва уни сотиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлар учун тўловлар амалга оширилади. Шу билан, гаровга қўйилган мол-мулкни сотувидан олинган маблағ етарли бўлмаган тақдирда, ломбардга бўлган қарз ёпилади.

Агар гаровга қўйилган мол-мулкни сотиш чоғида олинган сумма ломбардга тўланилиши лозим бўлган суммадан ортиқ бўлса, у ҳолда Сизга фарқи (тафовути) тўланади.

Ломбардда гаров мол-мулкини йўқотишса ёки зарар етказишса, нима қилиш керак?

06Гаровга қўйилган мол-мулк йўқотилган ёки етишмаган тақдирда, ломбард, гаров билетида кўрсатилган баҳолаш суммасига мувофиқ унинг қийматини мол-мулкнинг эгасига қайтариши шарт. Гаровда ушлаб турилган мол-мулкка зарар етказилган ҳолларда, ломбард, етказилган шикаст енгиб бўлмайдиган куч оқибатида юз берганлигини исботлай олмаса, гаровга қўювчи мулкдорга тарафларнинг келишуви билан белгиланган лекин гаров билетида кўрсатилган мол-мулкнинг қийматидан кўп бўлмаган миқдорда тўлаб бериши шарт.

Кредитни сўндиргунча гаров сифатида тақдим этилган мол-мулкни гаровга олувчи сотиши мумкинми?

Кредит суммаси белгиланган муддатда қопланмаганлиги тақдирда, ломбард, нотариуснинг ижро ёзуви (ижро этиш учун асос бўлиб хизмат қилувчи тартибот ҳужжати) асосида имтиёзли бир ойлик муддати ўтганидан сўнг гаров мол-мулкини сотиши мумкин.

Ломбардлар томонидан бериладиган кредитларнинг ижобий ва салбий томонлари

+ Олиш осонлиги: гаров мол-мулки ва бир нечта ҳужжатлар керак холос;

+ Тезлиги: кредит олиш жараёни узоқ вақт талаб қилмайди;

+ Хатар (риск) пастлиги: агар қарзни тўлаш имкони бўлмаса, унинг сўндирилиши гаровга қўйилган мол-мулкнинг ҳисобидан амалга оширилади, ушбу маблағ ломбарднинг талабларини тўлиқ қондириш учун етарли бўлмаса ҳам;

- Фоиз: Ломбардлар карзларни жуда юқори фоизда беришади.

Ломбардлар яна қандай хизматларни тақдим этади?

Ломбардлар шахсий истеъмолга мўлжалланган фуқароларнинг кўчар мол-мулкларини сақлаш учун ҳам қабул қилишлари мумкин. Сақлаш учун мол-мулкни қабул қилишда, ламбард мижозга шахсий сақлаш квитанциясини беради.

Ломбардга топширилган нарса баҳоланиши ва унинг тўлиқ баҳоланган суммасига мувофиқ мижознинг фойдасига суғурталаниши лозим.

Мижоз ашёни қайтариб олишдан бош тортган ҳолатда, ломбард ушбу ашёларни уч ой муддат ичида сақлаши керак. Уч ой ўтгандан сўнг талаб қилиб олинмаган ашёларни ломбард сотиши мумкин.

Ломбард аҳоли омонатларини банк сифатида қабул қиладими?

Ломбардлар омонатларни қабул қилиши тақиқланган (рухсат берилмаган). Ломбардлар тижорат банкларидан маблағлар, юридик шахслардан ва жисмоний шахс-таъсисчилардан қарз маблағларини жалб этишга ҳақли.

Ломбардлар фаолиятини тартибга ким солади?

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонун билан белгиланган тартибда ломбардлар фаолиятини лицензиялайди, тартибга солади ва назорат қилади. Марказий Банк сайтида Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган ломбардлар рўйхати мавжуд.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Марказий банк

Марказий банк

Халқаро молиявий институтлар

Халқаро молиявий институтлар

Тижорат банклари

Тижорат банклари

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X