Амалда истеъмол нархлари индекси (ИНИ)дан фойдаланган ҳолда статистик маълумотларни тақдим этувчи ташкилот томонидан ҳисобланган инфляция кўрсаткичи ҳар бир аҳолининг шахсий (ўзи сезадиган) инфляция даражасидан фарқ қилиши мумкин.
Инфляциянинг расмий эълон қилинадиган даражаси аксарият уй хўжаликларининг талаблари асосида шакллантириладиган бўлиб, ўзида ИНИ (истеъмол савати)даги барча товар ва хизматларнинг умумий нарх даражасининг ўзгаришини акс эттиради. Шахсий (ўзингиз сезадиган) инфляция ўзингиз ёки оилангиз кундалик ҳаётида истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар нархларининг ўзгариши асосида шаклланади.
Эълон қилинадиган инфляция ҳамда шахсий (ўзингиз сезадиган) инфляция даражаси ўртасидаги фарқнинг асосий сабаблари қуйидагилардан иборат:
- Нархлар ўзгаришларини идрок қилиш (англаш). Шахсий (ўзингиз сезадиган) инфляция - бу оилавий бюджет харажатларига киритилган кундалик товар ва хизматлар нархларининг ўзгаришини идрок қилишдир. Агар биз мунтазам равишда сотиб оладиган товарнинг нархи ошиб кетса, унинг нархи биз кундалик ҳаётда камдан-кам сотиб оладиган товарнинг нархидан кўра кўпроқ ўсгандек туюлади. Мунтазам равишда сотиб олинадиган товар учун тўлов бюджетимизнинг кичик бир қисми бўлишига қарамай (ушбу товар жуда қиммат бўлмаса ҳам), барибир у бизда нархларнинг сезиларли даражада ошган таассуротини уйғотади;
- Оилангизнинг истеъмол савати умумий (мамлакат) истеъмол савати (ИНИ)даги товар ва хизматлардан фарқ қилади. Юқорида таъкидланганидек, ИНИ аҳолининг кўпчилик қисми томонидан истеъмол қилинадиган муайян товар ва хизматлар нархлари ўзгаришининг ўртача даражасини акс эттиради. Ушбу умумлаштирилган кўрсаткич (ИНИ) истеъмол саватидаги ҳар бир товар ёки хизмат учун нархларнинг ўзгариши ва уй хўжаликларнинг умумий харажатларидаги ушбу товар ёки хизмат учун сарфланган харажатлар улушини инобатга олган ҳолда ҳисобланади.
Ҳар бир оиланинг алоҳида истеъмол савати ҳақида фикр юритар эканмиз, ҳар бир оила ўзининг жорий эҳтиёж ва истаклари асосида шаклланган шахсий истеъмол қилинадиган товар ва хизматлар мажмуасига эга.
Шундай қилиб, ҳар бир оила ўзининг шахсий (оилавий) истеъмол саватига эга бўлсада, ушбу истеъмол савати умумий, мамлакат учун ҳисобланадиган ИНИни ҳисоблаш учун ишлатиладиган истеъмол саватидан табиий равишда фарқланади.
Ҳар бир оиланинг шахсий истеъмол савати нимани англатади?
Келинг буни икки оила мисолида кўриб чиқамиз. Ушбу оилалардан бири ёш оила бўлиб, уларнинг истеъмол учун асосий харажатларидан ташқари болалар озиқ-овқати, ўйинчоқлар ва бошқа харидлар (болалар учун) учун кундалик харажатлари ҳам мавжуд. Иккинчи оила эса фарзандлари вояга етган оила ҳисобланиб, уларнинг умумий харажатлари ўқув тўловлари (масалан, олийгоҳда таълим олиш учун белгиланган контракт тўлови), мобил телефон, компьютер ёки автомашина ҳариди учун сарфланадиган харажатларни ҳам ўз ичига олиши мумкин. Бинобарин, икки оила истеъмол савати сезиларли даражада фарқланади.
Табиийки, болалар озиқ-овқати нархи кўтарилса биринчи оиланинг (оила аъзолари сезадиган) инфляция даражаси (биринчи оила томонидан мустақил ҳисобланган) иккинчи оиланикидан юқорироқ бўлиши ва аксинча, таълим учун тўлов миқдори ошганда эса иккинчи оиланинг инфляция даражаси (иккинчи оила томонидан мустақил ҳисобланган) биринчи оила томонидан ҳисобланган инфляция даражасидан ортиқроқ бўлиши ҳам мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакат ичидаги товар ва хизматлар нархларининг ўзгариши ҳар бир оилага уларнинг истеъмол саватига киритиладиган, яъни оила томонидан доимий равишда истеъмол қилинадиган товарлар ва хизматлардан келиб чиққан ҳолда алоҳида таъсир кўрсатади.
- Товарлар ва хизматлар нархлари даражаси ҳудудларга қараб фарқ қилиши мумкин. Ҳар бир ҳудудда аҳолининг харид қобилияти ва таклиф этилаётган товар ва хизматлар доирасидан келиб чиқиб, муайян ҳудуддаги талаб ва таклиф асосида товар ва хизматлар нархлари шакллантирилади. Бинобарин, бир хил истеъмол саватига эга бўлган турли хил ҳудудда истиқомат қилувчи икки уй хўжалиги (икки оила) ўртасидаги инфляция (оила аъзолари сезадиган) даражаси бир-биридан фарқ қилиши мумкин. Масалан, мева-сабзавотлар нархларининг ошиши қишлоқ жойларда истиқомат қилувчи оилалардан кўра саноат ҳудудларида истиқомат қилувчи оилаларга сезиларли таъсир этиши мумкин.