Интерчейнж комиссион тўлови ўзи нима?

Охирги янгиланиш:  17.Авг.2022 12:47 PM
452
Интерчейнж комиссион тўлови ўзи нима?

Интерчейнж (банклараро комиссион тўлов) – бу банк-эквайер (савдо нуқтасига хизмат кўрсатувчи банк) эмитент банкка (харидорнинг картасини берган банк) карта ёрдамида товар ёки хизматларни харид қилиш мақсадида амалга оширилган ҳар бир тўлов операцияси учун тўлайдиган комиссия ҳисобланади. Аслида, комиссия харажатлари икки банк ўртасида тақсимланади, шунинг учун у банклараро деб аталади.

Баъзи мамлакатларда, интерчейнж миқдори қонунчилик билан тартибга солинади: масалан, АҚШда – ҳар бир амалиётдан 2%, Европада – кредит ёки дебет карталигидан келиб чиқиб, 0,2–0,3%. Ўзбекистонда UZCARD ёки HUMO тўлов тизимидаги терминал орқали қабул қилинган тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар учун интерчейнж 0,2% миқдорда белгиланган. VISA ёки MASTERCARD тизими орқали ушбу комиссия 0,75% дан 1,75% оралиғида.

Нима учун интерчейнж ўрнатилади?

Интерчейнж нақд пулсиз тўловлар бозори фаолиятини таъминлайди. Банклар интержейнждан келган даромадларни терминалларни ўрнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш; киберхавфсизликни таъминлаш ва такомиллаштириш; NFC тўловларни интеграция қилиш каби янги тўлов технологияларини ривожлантиришга сармоя сифатида киритади. Бундай инвестициялар харидорлар ва чакана савдо дўконларига инновацион тўлов технологияларидан кенг қамровда фойдаланиш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, банклар кўпинча банклараро комиссиянинг даромадларидан банк карталари эгалари учун имтиёзлар яратиш учун фойдаланадилар. Интерчейнж туфайли cashback тизими ривожланмоқда.

Интерчейнж миқдорини ким белгилайди?

Интерчейнж миқдори тўлов тизими томонидан бозор таомиллари асосида белгиланади.

Интерчейнж миқдори қуйидагиларга боғлиқ бўлиши мумкин:

  • дўкон тури;
  • товарлар қиймати;
  • сотувчи томонидан ишлатиладиган тўловларни қайта ишлаш технологияси;
  • тўлов амалга оширилган мамлакат/ҳудуд.

Интерчейнж миқдори тўлов тизими томонидан белгилансада, тадбиркор ва банк ўртасидаги муносабатлар шартнома билан тартибга солинади. Шу сабабли, тадбиркор интержейнж бўйича белгиланган комиссиядан кўпроқ сумма тўлаши ҳам мумкин.

Тескари интерчейнж ҳам мавжуд бўлиб, бундай ҳолатда эмитент банк хизмат кўрсатувчи банкка фоиз тўлайди. Масалан, мижоз бошқа банкнинг банкоматидан комиссия билан нақд пул ечса, ушбу комиссиянинг бир қисми банкомат тегишли бўлган банкка интерчейнж сифатида юборилиши мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён нима?

Банк картаси нима?

Банк картаси нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X