Оилавий тадбиркорлик

Охирги янгиланиш:  23.Сен.2021 3:05 PM
767
Оилавий тадбиркорлик
1

Тадбиркорлик қилиш истаги бўлган шахс ишни аввало нималардан бошлаш кераклигини билиши, соҳадаги махсус билимлар, тадбиркорлик кўникмаларидан ташқари банк соҳасидаги молиявий билимларнинг етарлилигига эътибор қаратиши муҳим. Зеро, тижорат банклари ҳисобидан ажратилган кредитнинг тўғри ишлатилиши тадбиркорга даромад олиб келишдан ташқари бизнесини кенгайтиришга йўл очади.

Ушбу мақоламизда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш бўйича давлат томонидан яратилган имтиёзлар тўғрисида сўз юритамиз.

Тадбиркорлик – аниқ мақсадли ва доимий саъй-ҳаракатни талаб қилувчи таваккалчиликка асосланган ҳамда даромад топишга қаратилган фаолият ҳисобланади.

Тадбиркорликнинг муваффақият калити:

  • тадбиркорлик кўникмасини инобатга олиб, бозордаги талабни ўрганган ҳолда ўзи учун қулай бўлган истиқболли соҳани танлаш
  • энг кичигидан бошлаш
  • фаолиятни кенгайтиришга мойиллик
  • хатарларни баҳолай олиш
  • таваккалчиликка асосланган оқилона (рационал) қарорлар қабул қила олиш

Тадбиркор – ҳисоб-китобли таваккалчи, янгилик ва ривожланишга интилувчи, мустақил ва масъулиятли қарорлар қабул қиладиган ва уларнинг оқибати ҳамда натижасини олдиндан кўра оладиган шахс ҳисобланади.

Тадбиркорликни оила аъзолари билан биргаликда бошлаш амалиётда ўз самарасини кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишда “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида Агробанк АТБ, Микрокредитбанк АТБ, Халқбанки АТБ томонидан кредитлар ажратилмоқда.[1]

Ушбу дастур доирасида кредитлар оилавий тадбиркорликнинг ҳар қандай турига (масалан, иссиқхона ташкил этиш, паррандачилик, хизмат кўрсатиш, тикувчилик) шартномага асосан пул кўчириш йўли билан қуйидаги шартларда ажратилади:

  • жисмоний шахсларга - базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда (бугунги кунда 36,7 млн.сўмгача)
  • давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига - базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдорда (бугунги кунда 245,0 млн.сўмгача)
  • кредит фоизи: 14 фоиз
  • муддати: 3 йилгача
  • имтиёзли давр: 6 ойгача.

Тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитлар ушбу кредит ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳанинг бизнес-режасига мувофиқ ўзини ўзи қоплаш жиҳатларидан келиб чиқиб 2 йилгача имтиёзли давр билан 5 йил муддатгача ажратилиши мумкин. Бунда берилаётган имтиёзли давр ва кредитни қайтариш муддати батафсил асослантирилиши керак.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 27 мартдаги ПҚ-5041-сон “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ кредитлар боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш учун 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга сектор раҳбарлари ва туман (шаҳар) Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган ва натижадорлиги аниқ ҳисоб-китоб қилинган ҳолдаги хулосаси асосида берилиши мумкин.

Бугунги кунда, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар бўйича аризаларни қабул қилиш Ягона электрон платформаси oilakredit.uz ишга туширилган.

Ушбу платформада аризаларни юбориш 4 босқичда амалга оширилади:

  1. Шахсий маълумотларни киритиш.
  2. Қарздор билан боғланиш учун маълумотларни киритиш.
  3. Олинаётган кредит бўйича маълумотларни киритиш.
  4. Ариза тартиб рақами (ID) рақамини сақлаб қўйиш.
Масалан, агар истеъмолчи ўз томорқасида иссиқхона қуриш учун кредит олмоқчи бўлса, кредит олиш учун oilakredit.uz платформасида ариза бериш ушбу видеотаҳлилда[2] батафсил тасвирланган кетма-кетликда амалга оширилади.

Агар фуқаро дастур доирасида жисмоний шахсларга ажратиладиган кредит миқдорига нисбатан кўпроқ кредит олиш истагида бўлса, ўз фаолиятини давлат рўйхатидан ўтказиши ва қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши зарур бўлади. Бу бўйича батафсил маълумотларни ҳудуддаги тегишли тижорат банки орқали (Агробанк АТБ, Микрокредитбанк АТБ, Халқ банки АТБ) олишингиз мумкин.

[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 07.06.2018 йилдаги ПҚ-3777 – сонли “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида” қарори

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом (рўйхат рақами 3022, 2018 йил 9 июнь)




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар
22

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг
11

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш
8

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X