Марказий банк жорий йил 22-28 март кунлари дунё бўйлаб ўтказиладиган “Умумжаҳон пул ҳафталиги”ни (“Global Money Week”) Ўзбекистон Республикасида ташкиллаштириш устида иш бошлади.
Жорий йил 18 февралда Марказий банк томонидан ушбу кампанияни ташкил этиш юзасидан тижорат банклари вакиллари билан муҳокама олиб борилди. “Умумжаҳон Пул Ҳафталиги” доирасида республика миқёсида кенг кўламли таълим ва кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Марказий банк Ўзбекистонда “Умумжаҳон пул ҳафталиги” доирасида амалга ошириладиган барча тадбирларни мувофиқлаштиради.
Манфаатдор вазирлик, идоралар ва ташкилотлар “Умумжаҳон пул ҳафталиги” (“Global Money Week”) кампаниясини ўтказишда иштирок этишга таклиф этилади.
Маълумот учун: Global Money Week – болалар ва ёшларнинг молия бўйича билим ва кўникмаларини оширишга бағишланган ҳар йили ўтказиладиган глобал таълим кампанияси. Молиявий таълимнинг ҳамда болалар ва ёшларни молия соҳасига жалб қилишнинг муҳим аҳамияти тўғрисида хабардорликни ошириш мақсадида бутун дунёдан турли мамлакатлар иштирок этишади. 2020 йилда ушбу тадбирни олиб боришда 175 мамлакат иштирок этди.