Саёҳатни режалаштиришдан олдин нималарга эътибор қаратиш керак? 10 та молиявий маслаҳат

Охирги янгиланиш:  30.Май.2022 7:15 PM
640
Саёҳатни режалаштиришдан олдин нималарга эътибор қаратиш керак? 10 та молиявий маслаҳат
1

Сафарингиз ёқимли ва самарали таассуротларга бой бўлиши учун ташкилий масалаларни олдиндан ўйлаб қўйиш керак. Дейлик, сафар чоғида сиз молиявий муносабатларга албатта дуч келасиз. Масалан, маҳаллий дўконларда сайр қилишни, эсдалик совғалари сотиб олишни ёки сизга ёққан ресторанда шунчаки чойчақа қолдиришни хоҳлайсиз...

Харажатларни қисқартириш ва саёҳатдан олдин қандай вазиятларга тайёр бўлиш борасида сизга 10 та молиявий маслаҳатни тақдим этамиз:

1. Тўловларни амалга ошириш имкониятларини олдиндан ўрганиб чиқинг. Кўпчилик машҳур сайёҳлик ўлкаларида карта орқали тўловларни эркин амалга оширишингиз ёки банкоматдан пул ечиб олишингиз мумкин. Аммо айрим мамлакатларда саёҳат вақтида қийинчиликлар пайдо бўлиши мумкин. Мисол учун, валюта айирбошлаш фақат банк офислари орқали амалга оширилиши ёки маҳаллий дўконлар банкоматлар ва тўлов терминаллари билан етарлича таъминланмаган бўлиши мумкин.

Шунингдек, саёҳат амалга ошириладиган кунлар ўша давлатнинг миллий байрам саналарига тўғри келмаслигига амин бўлинг, чунки байрам кунлари савдо нуқталари ёки банк офислари ишламаслиги мумкин.

2. Валюта курсларини солиштиринг. Саёҳатга бориладиган мамлакатда валюта курси қандай эканлигини аниқланг. Баъзи ҳолларда, жўнашдан олдин сўмни евро (€) ёки долларга ($) алмаштириш ва уларни жойида ўша мамлакатнинг миллий валютасига алмаштириш фойдалидир. Шунингдек, сиз маҳаллий банклардан бормоқчи бўлган мамлакатингиз валютасини сотиб олиш имкони бор ёки йўқлигини текшириб кўринг.

3. Пулларингизни нақдлаштиринг. Саёҳат вақтида пулингизни икки хил кўринишда – нақд ва нақдсиз банк картасида сақлашингиз мақсадга мувофиқ. Кичкина ва кутилмаган харажатлар учун кичик миқдордаги нақд валюталарни (масалан, чойчақа учун 1-2 долларлик банкноталарни) олиб юришингизни маслаҳат берамиз. Маҳаллий дўконларда товарлар нархини таққослашингиз учун валюта конвертациясини амалга оширувчи мобил иловаларни ҳам ҳар эҳтимолга қарши ўрнатиб олинг.

4. Банкоматларнинг жойлашув жойи тўғрисида ва улардан фойдаланиш қанчалик хавфсиз эканлигини билиб олинг. Google Maps ёки махсус мобил иловалардан фойдаланган ҳолда яшаш жойингиз яқинида банкоматлар мавжудлигини аниқлашингиз мумкин. Хавфсизлик нуқтаи назаридан банк филиали, меҳмонхона ёки савдо марказининг ҳимояланган ҳудудида жойлашган банкоматдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

5. Комиссион тўловлар миқдорини аниқланг. Хориждаги сиз фойдаланмоқчи бўлган банкоматлар нақд пул ечиб олиш ва харидлар учун тўловларни амалга оширишда қанча миқдорда комиссия олишига қизиқиш билдиринг. Буни банкнинг Call-марказига қўнғироқ қилиш орқали ҳам амалга ошириш мумкин. Айрим банклар қулай курслар бўйича харидлар учун тўловларни амалга ошириш ёки чет элда картадан комиссиясиз нақд пул ечиб олиш имконини берувчи банк карталарни очишни таклиф қилади. Шунингдек, карта бўйича амалга ошириладиган операциялар сони ёки пул миқдори бўйича чекловлар мавжудлигини олдиндан билиб олганингиз маъқул.

6. Бир нечта халқаро банк карталарини очинг. Баъзида тўлов тизимларида техник носозликлар юзага келади ва бу сизни чет элда маблағсиз қолишингизга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Сиз бормоқчи бўлган давлатда қайси халқаро тўлов тизими энг оммабоп эканлигини олдиндан аниқланг. Шунингдек, кутилмаган вазиятларда қариндошларингиз ва яқинларингиз картангизга пул ўтказмаларини амалга оширишлари учун уларга карта маълумотларингизни қолдиришни маслаҳат берамиз.

7. Банк мобил иловасини юклаб олинг. Банкнинг мобил иловасини смартфонингизга ўрнатинг ҳамда банкнинг алоқа рақамини сақлаб қўйишни унутманг. Мобил илова орқали сиз картангиздаги маблағларни мониторинг қилишингиз, картадан картага тўловларни амалга оширишингиз ёки бўлмаса саёҳат давомида ўз кредит, интернет, коммунал хизматлар ва бошқалар учун тўловларни амалга оширишингиз мумкин. Бундан ташқари, тўсатдан банк картангиз йўқолганда ёки ўғирланганда мобил илова уни дарҳол блоклаш имкониятини ҳам тақдим этади.

8. Мобил операторингизнинг роуминг тарифларини билиб олинг. Агар сиз таътил пайтида ҳам ишласангиз, харажатларингизнинг катта қисми алоқа ва интернет хизматлари учун тўғри келиши мумкин. Уяли алоқа операторингиз тарифларини ёки саёҳат қилинадиган мамлакатда амал қилувчи алоқа операторининг СИМ-картасини олиш шартларини кўриб чиқишингизни маслаҳат берамиз. Чунки маҳаллий интернетдан фойдаланиш бир мунча арзон ва фойдали бўлиши мумкин.

9. Диққатга сазовор жойларни томоша қилиш учун туристик карталар ва чегирмаларни қидиринг. Саёҳат қилиш учун диққатга сазовор жойлар рўйхатини тузганингиздан сўнг, улар учун чегирма ва имтиёзлар мавжуд ёки йўқлигини текшириб кўринг. Аксарият музейлар талабалар учун чегирмаларни таклиф қилади. Кўпгина жойларда музейларга кириш учун ягона чипта ва туристик карталар сотилади. Улар ёрдамида асосий диққатга сазовор жойларни кўриш ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш бирмунча арзонроқ бўлади. Бундан ташқари сиз узун навбатларда туришдан ҳам халос бўлишингиз мумкин. Диққатга сазовор жойларнинг расмий сайти орқали уларга кириш учун тўловсиз кунлар (соатлар) бор ёки йўқлигини билиб олинг.

10. Харажатларни тўғри тақсимланг. Кўпинча дам олишга борилганда ҳар хил вазиятларни инобатга олган ҳолда иложи борича кўпроқ пул олиб кетишга ҳаракат қилинади. Саёҳат давомида оила аъзоларига совғалар олиш, ресторандан қўшимча таом олиш, кўнгилочар ўйинларда иштирок этиш ва шу каби кутилмаган харажатлар кўпайиб кетади. Натижада таътилдан қайтганингиздан сўнг маблағларингиз камлиги сабабли ўз харажатларингизни амалга оширишда қийинчиликлар юзага келади. Шунинг учун, сафарга кетишдан олдин ўз маблағларингизни бир қисмини уйда қолдиринг ва у кейинги даромадингизга қадар харажатларингиз учун керак бўлади.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Оилавий бюджет

Оилавий бюджет

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X