Шрифт ҳажми: A A
Сайт ранги: A A

Солиқлар, жарималар, коммунал тўловлар ва бошқа тўловларни уйдан чиқмасдан туриб қандай тўлаш мумкин.

Охирги янгиланиш:  31 Окт 2022 11:04
3338
Солиқлар, жарималар, коммунал тўловлар ва бошқа тўловларни уйдан чиқмасдан туриб қандай тўлаш мумкин.

Кўпгина доимий харажатларни кечиктириб ёки бекор қилиб бўлмайди, жумладан: коммунал хизматлар учун тўловлар, солиқлар, жарималар, кредитлар ва бошқалар. Ушбу тўловлар учун пулни тежаб бўлмайди, лекин уларга сарфланадиган вақтни тежаса бўлади. Қуйида буни қандай қилиб бажаришни тушунтирамиз.

Деярли барча молия ва давлат ташкилотлари мобил иловалар орқали пул ўтказмаларини қабул қилишади. Тижорат банклари ҳам мобил иловалар орқали турли ҳил хизматлар учун масофавий тўловаларни таклиф қилишади. Бироқ, ушбу кўрсатиладиган хизмат учун олинадиган комиссион ҳақ миқдорига эътибор беришни унутманг. Одатда, бир хизмат тури учун олингадиган комиссион тўлов миқдори хизмат кўрсатувчи ташкилотга қараб ҳар хил бўлиши мумкин.

Келинг, қандай хизматларни масофадан туриб тўлаш мумкинлигини ва буни қандай қилиш қулайроқ экаглигини батафсил кўриб чиқамиз.

Уй-жой коммунал хизматлари

Тўлов квитанцияси бошқарув компанияси ёки хизмат кўрсатувчи ташкилот, тўловчининг шахсий ҳисоб рақами, хизмат кўрсатувчи ташкилот реквизитлари ва тўлов суммаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.

Банклар ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари орқали коммунал хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имконияти мавжуд.

Мобил илова ёрдамида коммунал тўловларни қандай тўлаш мумкин?

Мобил иловада хизматлар учун тўловлар бўлимидан керакли хизмат турини танланг ва ўзингизга тегишли тўловчи ҳисобрақамини киритинг. Биринчи тўловдан кейин сиз чекни сақлаб қўйишингиз ва кейинги тўловларни шу асосида амалга оширишингиз (қарз миқдори бўйича маълумотлар автоматик равишда электрон тўлов шаклига юкланади) ёки тўлов учун бошқа ихтиёрий суммани кўрсатишингиз мумкин. Кейинги босқичда тўлов учун пул ечиб олинадиган картани танланг ва яна бир бор маълумотларни текшириб кўрганингиздан сўнг тўловни тасдиқлашингиз мумкин.

Агар сиз илова менюсида ўзингизнинг бошқарув компаниянгизни топа олмасангиз, унда тўлов квитанциясида кўрсанилган ташкилот маълумотлари ва тўлов суммасини киритишингиз керак бўлади.

Хизматлар учун тўловлар амалга оширилгандан сўнг айрим иловаларда электрон квитанцияларда QR-код кўрсатилади. Агар сизда ҳам у мавжуд бўлса, сиз смартфонингиз ёрдамида ундан кейинги тўловларни амалга ошириш учун фойдаланишингиз мумкин. QR-код сканер қилинганда тўлов учун барча маълумотлар автоматик равишда юкланади. Бунда фақат маълумотлар яна бир бор текширилиши ва тўлов амалга ошириладиган карта танланиши керак ҳолос.

Солиқлар

Жисмоний шахсларнинг солиқларини Payme.uz, Click.uz ва бошқа тўлов тизимларининг сайтлари орқали ёки банклар ва тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали амалга ошириш мумкин. Сиз уларни Play Market ёки App Store иловалари ёрдамида смартфонингизга юклаб олишингиз мумкин.

Барча мобил иловаларда тўловларни амалга ошириш тартиби бир хил. Тўловлар бўлимига кирилади ва солиқлар учун тўловлар бўлими танланади. Тўланадиган солиқ тури кўрсатилади, ЖШШИРингиз ва тўлов суммаси киритилиб, тўлов тугмаси босилади.

“Хизматлар учун тўлов”–“Солиқларни тўлаш” бўлимида солиқ турини танлаш, СТИРингизни, тўлов миқдорини киритиш ва "Тўлаш" тугмасини босиш кифоя. Операция якунлангандан сўнг сизга тўлов муваффаққиятли амалга оширилганлиги бўйича СМС ҳабарнома келади.

Хизмат кўрсатувчи банк томонидан тўланган солиқлар тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларининг ахборот тизимига автоматик тарзда киритилади ва солиқ тўловчининг шахсий карточкаларига жойлаштирилади.

Шунингдек, тўланган солиқ тўғрисида маълумотни солиқ тўловчи my.soliq.uz [1] "Електрон солиқ хизматлари" порталининг жисмоний шахснинг шахсий кабинетидаги "Жисмоний шахснинг шахсий карточкалари" електрон давлат хизматидан фойдаланиб олиши мумкин.

Жарималар

Сизда ёки оила аъзоларингизда автомобил бор. Автомобилни нотўғри бошқарганлик учун жарималар сизнинг оилавий бюджетингизга кутилмаган харажатларнинг ошиши натижасида сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Жарималар бор ёки йўқлигини қандай қилиб текшириш мумкин?

Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар мавжудлигини бир нечта усуллар билан текшириш мумкин:

СМС ҳабарнома орқали. Сиз жарималарни энг оддий усулда, яъни авторизация ва рўйхатдан ўтмасдан туриб 8860 қисқа рақамларига СМС ҳабарнома юбориш орқали текширишингиз мумкин. Бунда “автомобилнинг давлат рақами” ва “автотраспорт воситаси руйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувохнома (техпаспорт) серияси ва рақами” бир биридан ажтарилган ҳолда кетма кет ёзиб юборилади. Мисол учун, 01A123AA AAC1234567 тарзда ёзилади.

Ягона интерактив давлат хизматлари маркази орқали (ЯИДХП) орқали. Агар сиз порталдан биринчи марта фойдаланаётган бўлсангиз, даставвал ундан рўйхатдан ўтиш [2] (my.gov.uz) лозим. Ундан кейин, автомобилингиз маълумотларини: давлат рақами, автотраспорт воситаси руйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувохнома (техпаспорт) серияси ва рақами, суғурта компанияси ва полис рақамини киритинг.

Автомобил тизимга қўшилгандан сўнг, сиз “Автотранспорт воситалари ҳақида маълумот [3]” бўлимидан йўл ҳаракати қоидаларини бузгинлик учун жарималарни бепул кузатишингиз мумкин. Ушбу маълумотлар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумотлар базасига тушганда бу бўлимда бирданига кўринади.

Тўлов ташкилотларининг иловалари орқали. Ушбу иловалар орқали сиз “Жарималарни мониторинг қилиш” хизматини фаоллаштиришингиз мумкин. Даставвал автомобил иловага қўшилади, бунда давлат рақами, автотраспорт воситаси руйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувохнома серияси ва рақами ҳамда телефон рақамингиз каби маълумотлар киритилади. Тизимда ушбу автомобил учун жарималар пайдо бўлганида, смартфонингизга СМС ҳабарнома келади. Ушбу хизмат пуллик.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги томонидан “Менинг жарималарим [4]” номли мобил илова ишга туширилди. Бу илова маъмурий ҳуқуқбузарликларни онлайн текшириш ҳамда уларни Uzcard ва Humo банк карталари орқали тўлаш учун мўлжалланган.

Иловада керакли жарималарни баённома, қарор ёки квитанция рақами ёрдамида топиш мумкин.

Дастлабки 15 кун давомида кўпчилик жарималарни 30% чегирма билан тўлаш мумкин.

Чегирма қуйидаги ҳолларда қўлланилмайди [5]:

  • маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун суд томонидан жарима белгиланиши;
  • жарима ундириш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш ёки этироз (протест) билдириш;
  • ҳудди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил давомида такроран содир этганда.

OneID (Ягона идентификация тизими) орқали “Менинг жарималарим” иловасида рўйхатдан ўтишда фойдаланувчининг маъмурий ҳуқуқбузарликлари тўғрисида тўлиқ маълумот олиш мумкин, хусусан:

  1. Маъмурий ишнинг ҳозирги ҳолати;
  2. Жарима тўловлари тарихи;
  3. Қарор ҳолати;
  4. Жарима тўланганлиги ҳолати;
  5. Суд мажлисининг санасини;
  6. Орган ёки суд қарорларини PDF форматида юклаб олиш;
  7. Йўл ҳаракати жаримасини тўлаш;
  8. Маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима тўлаш.

Кредитлар

Кретид бўйича тўловларни қуйидагилар орқали сўндириш мумкиш:

  • банк кассалари– бунинг учун сиз кредит расмийлаштирилган банкнинг коди (МФО) ва ҳисоб рақамни билишингиз керак;
  • банкнинг мобил иловаси – бунинг учун банкнинг мобил иловасида “Кредитлар” ёки “кредитни сўндириш” бўлимларини танланг (ушбу бўлимнинг жойлашуви мобил иловага боғлиқ бўлади) ва кредитнинг ID рақамини критинг;
  • банкнинг веб сайтидаги шахсий кабинет;
  • тўлов тизимлари (Click, Payme, Paynet.uz ва ҳ.к.) – бунинг учун тўлов тизимининг мобил иловасида даставвал “Тўлов” бўлимини, ундан сўнг “Банк кредитларини сўндириш” бўлимини танланг (ушбу бўлимнинг жойлашуви мобил иловага боғлиқ бўлади) ва кредитнинг ID рақамини критинг;

Банк кредитлари учун тўловлар кредитнинг ID рақами орқали амалга оширилади. Ушбу код кредит шартномасида кўрсатилган бўлади. Агар кредит шартномасида ID рақам кўрсатилмаган бўлса сиз шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар:паспорт/ID картангиз рақамлари орқали қуйидагилардан билиб олишингиз мумкин:

  • банк бўлимида – масъул ходимдан сўраш орқали;
  • банка веб сайтидаги шахсий кабинетдан фойдаланиш орқали;
  • банкнинг мобил иловаси орқали.
Муҳим! Коммунал тўловлар, солиқлар, жарималар, кредитлар ва бошқалар учун тўловларни ўз вақтида амалга оширинг. Бу билан сиз нафақат пеня ва жарима кўринишидаги ортиқча харажатлардан қутуласиз балким молиявий интизомли мижоз сифатида қайд этиласиз. Бу эса ўз навбатида келажакда кредит тарихингизнинг ижобий бўлишини кафолатлайди ва кредит хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратади. Сизнинг молиявий интизомингиз молиявий фаровонлигингиз калитидир!

[1] https://my.soliq.uz

[2] https://my.gov.uz

[3] https://my.gov.uz/uz/service/80

[4] https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.endpoint.ciasev&hl=ru&gl=US

[5] Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 332-модда прим-1. Жарима солиш тўғрисидаги қарорни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибига асосан:




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Оилавий бюджет

Оилавий бюджет

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X