Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда молиявий хавфсизликнинг 7 қоидаси

Охирги янгиланиш:  01.Мар.2022 12:40 PM
857
Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда молиявий хавфсизликнинг 7 қоидаси

1. Банк карта маълумотларини жойлаштирманг ва тарқатманг

Биринчи навбатда бу банк картасини расмига таълуқли. Албатта, агар бирор инсон картасига пул ўтказмасини кутаётган бўлса, унга карта рақамларини ёзиб юборишдан кўра расмга олиб юбориш қулайроқ. Бироқ бу хавфлидир. Унутманг, картадан картага пул маблағларини ўтказиш учун 16 талик рақамни ўзини билиш кифоя. Кўпчилик банк ва тўлов тизими операторларининг мобил иловаларида алоқа рақами орқали тўловларни амалга ошириш функцияси ҳам ишлаб чиқилган.

Бу муҳим! Агар сиздан банк картасининг бошқа маълумотларини сўрашса эҳтиёткорлик чорасини кўраверинг. Телефон рақамингизга келган смс хабарномалардаги ПИН кодларни ҳамда CVC/CVV кодларни ҳатто тўлов ташкилотлари ёки банк ходимларига ҳам маълум қилиш мумкин эмас.

2. Асосий банк картангизни онлайн харидлар учун ишлатманг

Интернет орқали харидларни амалга оширишда асосий банк картангиздан, айниқса ойлик маошингиз тушувчи картадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмас. Бундай харидларни амалга оширишда виртуал банк карталаридан ёки электрон ҳамёндан фойдаланиш тавсия этилади.

Тўловлар амалга оширилаётганда 3D-Secure хавфсизлик технологияси қўлланилишига эътибор қаратинг. Банк картасини ижтимоий тармоқлардаги ҳисоб билан боғлаш ҳам қўшимча хавфларни келтириб чиқаради.

3. Махфийлик ва икки томонлама аутентификатсия созламаларини ёқинг

Агар ижтимоий тармоқдаги саҳифангиздан фақат дўстларингиз билан мулоқот қилиш учун фойдалансангиз, унда ўз саҳифангизни бегоналар кузатмаслиги учун махфийлик созламасини ёқиб қўйганингиз маъқул. Бу шахсий ва муҳим маълумотлар тарқалишини олдини олади. Бундай созламалар деярли барча машҳур ижтимоий тармоқларда мавжуд.

Ижтимоий тармоқдаги саҳифанинг хавфсизлик даражасини ошириш имконини берувчи яна бир восита икки томонлама аутентификация ҳисобланади. Бунда паролдан ташқари ижтимоий саҳифага кириш учун яна битта тасдиқ код (қўшимча парол, смс хабарнома орқали келган код) керак бўлади.

4. Ижтимоий тармоқдаги шахсий профилингиздан чиқиб кетинг

Агар сиз бошқа бир қурилмадан ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга кирган бўлсангиз, фойдаланиб бўлганингиздан сўнг ундан чиқиб кетишни унутманг. Ҳатто бу сиз ишонган инсоннинг телефон қурилмаси ёки компьютери бўлса ҳам. Ушбу қурилмалар нотаниш инсонлар қўлига тушиб қолиши мумкин ва бунда сизга тегишли бўлган маълумотлар хавф остида қолади.

Шуни ҳам эътиборга олингки, баъзи интернет браузерлари паролни эслаб қолишни таклиф қилади. Бу фойдаланувчининг ишини осонлаштиради, айниқса бир вақтнинг ўзида кўплаб сайтларга кириш талаб этилса. Аммо ушбу операция билан эҳтиёт бўлинг, чунки қурилмангиз йўқолган тақдирда, фирибгарларда маълумотларингиздан фойдаланиш имкони пайдо бўлади. Шунинг учун, паролни автоматик сақлаб қолиш функциясидан фақатгина компьютерингиз ҳимояланган тақдирда фойдаланишни тавсия этамиз.

5. Профилдан маълумотларни сақлаш омбори сифатида фойдаланманг

Ижтимоий тармоқлар матнли хабарлар, ҳужжатлар, видеолар ва шу каби бошқа маълумотларни сақлаш ва узатиш учун бепул имкониятни тақдим этади. Бироқ шуни эсда тутингки, маълумотларни фирибгарларнинг қўлига тушиб қолиш хавфи мавжуд.

Шу сабабли, қуйидаги маълумотларни сақлаш ва узатишдан сақланинг:

  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • кўчар/кўчмас мулк ҳужжатлари;
  • мобил банкинг ва банкларнинг мобил иловаларига кириш учун логин ва пароллар;
  • электрон билет/ йўлланмалар ва бошқалар.

6. Махфий маълумотларни бўлишманг

Профилингиздаги маълумотлардан фойдаланишга рухсат сўрайдиган веб сайтлардан ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифангиз орқали рўйхатдан ўтманг. Айрим веб сайтлар сўровларда қатнашиш, изоҳ қолдириш ёки тест натижаларини билиш учун ижтимоий тармоқлар орқали рўйхатдан ўтишни таклиф қилиши мумкин.

Расм/видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштиришдан олдин қуйидагиларга эътибор беринг:

  • маълумотларнинг муҳимлилиги – ижтимоий тармоққа шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг фотосуратлари / видеоларини жойлаштирманг;
  • геолокация – фирибгарлар яшаш жойигиз, иш жойингиз, болалар борадиган мактаб ҳақида маълумот олишлари мумкин;
  • фон – фотосурат / видеода муҳим маълумотлар, масалан, автомобил рақамлари мавжуд эмаслигига эътибор беринг.

7. Нотаниш одамлар томонидан юборилган хабарларда келтирилган номаълум ҳаволаларга кирманг

Танловларда пул, гаджет ёки бошқа соврин ютиш ҳақида юборилган электрон хатлардаги ҳаволаларни босманг, айниқса, бегона сайтларга банк картаси маълумотларини киритманг. Банк картангизга кириш имкониятини қолга киритган  фирибгарлар сизнинг пул маблағларингизни ўғирлашлари мумкин.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Оилавий бюджет

Оилавий бюджет

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Қандай қилиб пул тежаб, роҳатланиб яшаш мумкин?

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Талабалар учун солиқ имтиёзи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X