Биргаликда қарз олувчи: бунга рози бўлишдан олдин нималарни билиши керак?

Охирги янгиланиш:  23.Мар.2023 7:10 PM
586
Биргаликда қарз олувчи: бунга рози бўлишдан олдин нималарни билиши керак?
1

Биргаликда қарз олувчи: бунга рози бўлишдан олдин нималарни билиши керак?

Биргаликда қарз олувчи - қарз олувчи билан кредит (микроқарз) ва унинг фоизлари бўйича ойлик тўловларни тўлашда қатнашувчи ҳамда кредит (микроқарз) бўйича қарз олувчи билан биргаликда жавоб берувчи жисмоний шахс.

Бунда, кредит ташкилоти мажбуриятларнинг бажарилишини асосий қарз олувчидан талаб қилганидек, биргаликда қарз олувчидан ҳам сўраш ҳуқуқига эга.

Кўпинча “биргаликда қарз олувчи” тушунчаси “кафил” тушунчаси билан адаштирилади. Бу тушунчалар моҳиятан ўзаро ўхшаш бўлиши мумкин, аммо улар бир-биридан фарқланади.

Биргаликда қарз олувчи ва кафил ўртасидаги фарқ нимадан иборат?

Асосий қарз олувчи олиниши режалаштирилган кредит бўйича тўловларни тўлаш учун етарли даромадга эга бўлмаганда, мазкур тўловларни биргаликда қоплаш учун даромадга эга бўлган бошқа жисмоний шахс, яъни биргаликда қарз олувчи жалб қилиниши мумкин.

Кафиллик шартномаси бўйича эса қарздор ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажармаган тақдирда кафил кредит ташкилоти олдида жавоб беришни ўз зиммасига олади. Бошқача қилиб айтганда, кафилликни таъминот тури сифатида эътироф этиш мумкин.

Кафилнинг биргаликда қарз олувчидан асосий фарқи шундаки, кафил қарздор томонидан мажбуриятлар бажарилмаган тақдирдагина мажбуриятларни бажарувчи сифатида иштирок этади. Биргаликда қарз олувчи эса, кредит сўндирилгунга қадар доимий равишда асосий қарз олувчи билан бир хил мажбуриятга эга бўлади.

Кимлар биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин?

Даромадга эга ҳар қандай жисмоний шахс биргаликда қарз олувчи бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–33-сонли Фармони асосида ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича қарз олувчининг оила аъзоси ва яқин қариндоши бўлмаган шахслар ҳам биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Биргаликда қарз олувчининг мажбуриятлари

Биргаликда қарз олувчи бўлишга розилик берганингиздан сўнг, сизда солидар жавобгарлик пайдо бўлади. Бу нима дегани? Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 252-моддасига биноан, Солидар (биргаликдаги) жавобгарликда кредит ташкилоти ҳамма қарздорлардан мажбуриятни биргаликда бажаришни ҳам, уларнинг ҳар биридан алоҳида-алоҳида бажаришни ҳам талаб қилишга ҳақли, ҳар бир қарздор эса ушбу талабни бажариши шарт.

Солидар мажбуриятга эга қарздорлардан бирининг кредити тўлиқ тўланмаган тақдирда, банк бошқа қарздорлардан қолган тўланмаган суммани талаб қилишга ҳақли.

Солидар мажбуриятга эга қарздорлар кредит тўлиқ тўланмагунча бир хил даражада жавобгар бўладилар. Шундай экан, кредит бўйича биргаликда қарз олувчи сифатида иштирок этишга рози бўлган ҳар бир киши кредит шартномасини имзолаш орқали асосий қарз олувчи билан биргаликда тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олаётганини билиши шарт.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Пенсионерлар учун кредитлар

Пенсионерлар учун кредитлар

Кредит тарихи

Кредит тарихи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X