Имтиёзли таълим кредити кимларга ажратилади?
Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча хорижий, давлат, нодавлат, олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида, шунингдек, қўшма таълим дастурлари бўйича бакалавриат ва магистратура йўналишларида кундузги, сиртқи ва кечки таълим шаклида тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган ёки қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган талабаларга ажратилади.
Кредит олувчининг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари (ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси, эри ёки хотини) ёки бошқа учинчи шахслар таълим кредити шартномасида биргаликда кредит олувчи сифатида қатнашишлари мумкин.
Имтиёзли таълим кредити қанча муддатга ажратилади?
Расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатга. Агар талаба 1-курс бўлса 11 йил 7 ой муддатгача кредит тўловларини тўлаши мумкин.
Имтиёзли таълим кредити қанча миқдорда ажратилади?
Талаба ва таълим ташкилоти ўртасидаги тўлов-контрактда кўрсатилган миқдорда
Имтиёзли таълим кредит фоиз ставкаси қандай?
Таълим кредити тижорат банклари томонидан кредит олувчига Марказий банкнинг асосий ставкасида (14 фоиз) ажратилади. Бунда, Марказий банкнинг асосий ставкаси пасайтирилган тақдирда, таълим кредити бўйича фоиз ставкаси мутонасиб равишда пасаяди, Марказий банкнинг асосий ставкаси оширилган тақдирда эса таълим кредити бўйича фоиз ставкаси ўзгаришсиз қолдирилади.
Қандай хужжатлар талаб этилади?
-Ариза
-Мижоз шахсини тасдиқловчи хужжат
-Кредит қайтарилиш таъминоти
-Таълим муассасаси билан тузилган шартнома
Қандай таъминот турлари керак? Таъминотсиз ҳам олиш мумкинми?
-Мол-мулк ва қимматли қоғозлар гарови
-Учинчи шахс кафиллиги
-Кредит қайтмаслик хатари суғурта полиси
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилаларнинг фарзандларига ажратиладиган таълим кредити бўйича гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Имтиёзли таълим кредити қандай ҳолларда ажратилмайди?
Имтиёзли таълим кредити табақалаштирилган тўлов-контрактни ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг минимал миқдорига тенг бўлган бир марталик бошқа тўловларни амалга ошириш учун ҳамда қўшма таълим дастурларининг Ўзбекистондан ташқаридаги ўқиш даври учун ажратилмайди.
Имтиёзли таълим кредит олиш учун қайси банкларга мурожаат қилиш керак?
Кредит олувчи таълим кредитини олиш учун Иқтисодиёт ва Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тижорат банкларига мурожаат қилиши мумкин.
Вазирлик билан бош битим имзолаган тижорат банклар рўйхати:
- Микрокредит банк
- Турон банк
- Асака банк
- Orient Finans Bank;
- Агробанк
- Миллий банк
- Халқ банки
- Ўзсаноатқурилишбанк
- Ипотека банк
- Ҳамкорбанк
- Қишлоққурилишбанк