Бугунги кунда, тижорат банклари томонидан қатор ипотека кредитлари таклиф этилмоқда. Уларнинг фарқи нимада? Қайси бири сиз учун мос?
Ипотека кредитлари бўйича фоизлар уларнинг ресурс манбаасидан келиб чиқиб, бир-биридан фарқ қилади:
1.Тижорат банкларининг ўз маблағлари (22-26 фоиз);
2.Янги тартиб доирасида Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратиладиган маблағлар [1] (17-19 фоиз);
3.Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари [2](18 фоиз).
Янги тартиб бўйича ипотека кредитлари қандай шартлар асосида берилади?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрь санасидаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5886-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6186 сонли фармонида белгиланган Янги тартибга мувофиқ, ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида квартираларни сотиб олиш ва якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш учун бозор фоизлари асосида уй-жой ҳисобланган қийматининг 85 фоизидан ошмаган миқдорда, 20 йил муддатга (мижознинг хоҳишига кўра 6 ойлик имтиёзли давр билан ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ажратилади.
Янги тартиб доирасида қанча миқдорда ипотека кредитини олиш мумкин?
Янги тартиб доирасида ҳар бир ҳудуд бўйича уй-жой ҳисобланган қиймати, бошланғич бадал ва ипотека кредитининг энг кўп миқдори учун тегишли меъёрлар белгиланган. Агарда сотиб олинадиган уй-жойнинг бозор нархи белгиланган қийматдан юқори бўлса, қуйида келтирилган кредит суммасидан ошган барча қисмини қарз олувчи ўз ҳисобидан, ёки бошқа ипотека кредити расмийлаштириш орқали қоплаши мумкин:
Қишлоқ жойларда нархи 280 млн. сўмдан ошмаган квартиралар учун ипотека кредитининг энг кўп миқдори 238 млн. сўмгача;
Вилоят шаҳарларида нархи 364 млн. сўмдан ошмаган квартиралар учун ипотека кредитининг энг кўп миқдори 309 млн. сўмгача;
Тошкент шаҳрида нархи 399 млн. сўмдан ошмаган квартиралар учун ипотека кредитининг энг кўп миқдори 339млн. сўмгача;
Ипотека кредитлари учун қандай гаров мулклари таъминотга олинади?
“Ипотека тўғрисида”ги қонунга асосан, бирламчи бозордан уй-жой сотиб олиш учун олинган ипотека кредитлари таъминотига сотиб олинаётган уйнинг ўзи қўйилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги 6186-сон “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига асосан якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун ипотека кредити ажратишда таъминот сифатиди фуқароларга тегишли бўлган якка тартибдаги уй-жойнинг ўзи ёки бошқа турдаги таъминот турлари тақдим этилиши лозим.
Ушбу ҳолатда бошқа таъминот қўйилган бўлса, якка тартибдаги уй-жой қурилиши (реконструкция қилиниши) якунланиб, кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилганидан сўнг, ипотека кредити бўйича таъминот ушбу уй-жой гаровига алмаштирилади.
Ипотека кредитини олиш жараёнида қарз олувчидан қандай харажатлар талаб этилади:
- нотариал тартибда олди-сотди шартномаси бўйича харажатлар;
- квартиранинг кадастр ҳужжатларини тайёрлаш харажатлари;
- суғурта қилиш бўйича харажатлар.
Янги тартиб доирасида фуқаро кредит олиш учун банкка қандай ҳужжатларни тақдим этиш керак?
- кредит ажратилиши юзасидан ариза;
- қарз олувчи/биргаликда қарз олувчиларнинг паспорт нусхаси;
- қарз олувчи ва биргаликда қарз олувчининг (агар мавжуд бўлса) даромадлари ҳақидаги маълумотнома:
- уй-жой қурган пудрат ташкилоти билан квартирани сотиб олиш тўғрисида тузилган шартнома;
- сотиб олинаётган уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари; >
“Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ маблағлари ҳисобидан ипотека кредити олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилади ?
- қарз олувчининг (биргаликда қарз олувчининг) паспорти асл нусхалари;
- дастлабки олди-сотди шартнома;
- мустақил баҳоловчи томонидан тақдим этилган ҳисобот (иккиламчи бозор учун);
- қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи) томонидан охирги 12 ой мобайнидаги (12 ойдан кам ишлаган тақдирда ишланган давр учун) олган даромадлари тўғрисидаги маълумотномалари
- мавжуд уй-жойларни таъмирлаш учун смета ҳужжатлари.
Ипотека кредитларини тўлаш учун қандай имтиёзлар мавжуд?
Cубсидиялар дастлабки бадалнинг бир қисмини тўлаш учун уй-жой ҳисобланган қийматининг 10 фоизи миқдорида (қишлоқларда 28 млн.сўмгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 36,4 млн.сўмгача, Тошкент шаҳрида 39,9 млн.сўмгача [3]) ва биринчи беш йил давомида кредит бўйича фоизларни қоплаш учун - Тошкент шаҳрида 12 фоизлик пунктдан ошган қисмига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар шаҳарларида 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.
Масалан, агарда сизнинг ипотека кредитингиз фоиз ставкаси 18 фоизни ташкил этса, дастлабки беш йил мобайнида фоиз тўловларининг 10% қисмини ўз ҳисобингиздан, 8% қисмини давлат субсидиялари ёрдамида тўлашингиз мумкин бўлади.
Субсидиялар айнан кимларга тўланади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-cон “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан уй-жойга муҳтож фуқароларни аниқлашнинг ижтимоий мезонларига асосан 30 ва ундан юқори балл тўплаб, субсидия хабарномасига эга шахсларга ажратилади.
Субсидияга эга бўлиш учун қаерга мурожаат қилиш зарур?
18 ёшга тўлган ва 60 ёшдан ошмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали масофавий тарзда ариза бериши мумкин.
[1] Янги тартиб доирасида ипотека кредитлари қуйидаги 14 та тижорат банклари томонидан ажратилади: Миллий банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Капитал банк, Алоқа банк, Ҳамкор банк, Халқ банки, Ипотека банк, Турон банк, Ипак йўли банк, Ориент финанс банк, Асака банк, Агро банк, Қишлоқ қурилиш банк, Микрокредитбанк
[2] Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маблағлари ҳисобидан кредитлар қуйидаги 7 та тижорат бинклари томонидан ажратилади: Ипотека банк, Асака банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Агро банк, Турон банк, Қишлоқ қурилиш банки, Ҳамкор банк
[3] Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 мартдаги “Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6186 сонли фармони 3-иловасига асосан