BNPL нима ва у қандай ишлайди?

Охирги янгиланиш:  25.Сен.2023 12:13 PM
540
BNPL нима ва у қандай ишлайди?

Бир қатор онлайн дўкон ва маркетплейслар харидорларга тўловнинг янги усулини – маҳсулотни тенг қисмларда, ортиқча тўловсиз харид қилишни таклиф қилмоқда. Ушбу тўлов усули ҳақиқатдан ҳам танловга арзирли ва фойдалими?

Банк ва микромолиявий ташкилотларнинг одатий кредитларига мурожаат қилмасдан, қисмларга бўлиб тўлаш имконини берувчи хизматлар BNPL-сервислар (инглиз тилидан buy now, pay later – ҳозир сотиб ол, пулини кейин тўла) деб аталади.

Бу сервислар харидорга маълум сумма лимитигача бўлган маҳсулотларни, умумий нархининг фақат бошланғич қисмини тўлаб, сотиб олиш учун қисқа муддатли кредит тақдим этувчи тўлов модели ҳисобланади. Тўловнинг қолган қисми эса бўлиб тўлаш учун йўналтирилади.

Ушбу тўлов усули танланганида, маҳсулот нархи бир қанча тенг қисмларга, одатда, 4 қисмга бўлинади. Харид вақтида сиз улардан фақат бир қисмининг тўловини амалга оширасиз. Қолганлари эса маълум муддат оралиғида, масалан, бир ойда бир марта, автоматик тарзда банк картангиздан ечиб олинади. Натижада, харидингиз тўловини 3 ой давомида тўлаш имконига эга бўласиз.

Шу билан бирга, савдогар ҳам ўз товари учун пулни тўлиқ кўринишда қабул қилади. BNPL-сервиси тўлиқ суммани харид вақтида ўтказиб беради. Харидор эса пулни дўконга эмас, шу ҳизматга тўлайди.

BNPL-сервис савдогардан ўз ҳизматлари учун комиссия тўлови олади. Шунга қарамай, харидор қисмларга бўлинган барча тўловларни ўз вақтида амалга оширса, товар нархидан ортиқча пул тўламайди.

Бу тўлов тизими оддий кредитлардан нимаси билан фарқ қилади?

Кредитлар билан BNPL-сервиси ўртасида бир қатор фарқли жиҳатлар мавжуд. BNPL-сервисларидан фойдаланиш учун қаергадир алоҳида мурожаат қилиш ёки кредит карталарини расмийлаштиришга ҳожат йўқ. Бу имконият аллақачон онлайн дўкон ёки маркетплейсларда йўлга қўйилган.

Аммо, ушбу схема бўйича сиз квартира ёки машина сотиб ололмайсиз. Бу ҳизмат маълум суммадаги (ўртача, 5-6 миллион сўмли) товарлар учунгина қўлланади. Бу эса хавф даражасини пасайтириш билан боғлиқ – қарзлар тўланмаган тақдирда, у пул харидорнинг банк картасидан автоматик тарзда ечиб олиниши керак.

Тўлов қилиш учун онлайн-дўкон ёки маркетплейс сайтидан контакт маълумотларни киритиб, рўйхатдан ўтилади. Сўнгра, тўловнинг қисмларга бўлиб тўлаш тури танланади. Бу қисмда шартнома шартлари билан диққат билан танишиб чиқинг.

Харид вақтида банк картангиздан фақат биринчи қисм тўлови ечиб олинади. Қолган тўловлар эса шартномада кўрсатилган вақтлар бўйича, автоматик тарзда, харид амалга оширилган банк картасидан ечиб борилади.

Бу тўлов усулини расмийлаштираётганда нималарни билиш зарур?

  1. Ёдда тутинг, “4 қисмли тўлов”га товар харид қилиб, сиз автоматик равишда банк картангиздан пул ечиб олинишига розилик берган бўласиз. Булар доимий, муддати ўтган ва жарима тўловлари учун ечиладиган пуллар бўлиши мумкин.
  2. Қарз сўндириш ва муддати ўтган тўловлар бўйича барча жараён сизнинг кредит тарихингизда акс этиши мумкин – буни диққат билан кузатиб борганингиз маъқул. Акс холда, бу сизнинг кредит рейтингингизга салбий таъсир кўрсатади.
  3. Харид қилишдан аввал, тўлов ечиб олинадиган куни банк картангизда маблағ бўлишини, албатта, инобатга олинг. Агар бу куни картангизда етарли маблағ бўлмаса, бу сафарги тўлов муддати ўтган ҳисобланади. Бу эса қўшимча харажатларни англатади.

Муҳим!

Маълум турдаги товарларни сотиб олишда, қарзларни тўлаб бўлгунга қадар ундан фойдаланишнинг дўкон томонидан киритилган алоҳида шартлари бўлиши мумкин.

Масалан, мобил қурилма буюртма қилсангиз, унда тўлов бўйича мажбуриятларнинг амалга оширилишини таъминловчи махсус дастурлар активацияси учун шартсиз розилик берган бўласиз.

Қисмларга бўлиб тўлаш учун розилик беришдан авал, барча ҳужжатларни диққат билан ўрганиб чиқинг. Тўлов қисмларининг ҳажмига, қарзни кимга, қанча муддатда, қандай шартлар асосида (Масалан, фоизлар ҳисобланадими, муддати ўтган тўловлар учун қандай жарималар юклатилади) қайтаришингизга эътибор беринг. Ана шунда, нимага розилик бераётганингизни яхши тушунасиз.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Пенсионерлар учун кредитлар

Пенсионерлар учун кредитлар

Кредит тарихи

Кредит тарихи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X