Кредитни сўндириш усуллари | Кредит бўйича тўловлар

Охирги янгиланиш:  24.Апр.2021 12:16 PM
19675
Кредитни сўндириш усуллари | Кредит бўйича тўловлар
140

Кредитни сўндириш усуллари

Сиз банкдан кредит олсангиз, албатта у бўйича ойлик тўловларни амалга оширишингиз зарур бўлади. Кредит бўйича ойлик тўловлар икки усулда амалга оширилиши мумкин: ҳар ой бир хил суммада ёки суммасидан келиб чиқиб бўлинган миқдорларда тўловларни амалга ошириш. Булар аннуитет ёки дифференциал тўлов усуллари деб аталади. Ҳар бирини алоҳида батафсил кўриб чиқамиз.

Аннуитет тўлов усули бу нима?

Кредитни сўндиришнинг аннуитет усули бу кредитни сўндиришнинг шундай усулики, унда сиз банкка кредит бўйича тўловлар графигига асосан ҳар ой бир хил миқдордаги суммани ўтказиб боришингиз лозим бўлади. Сиз узоқ муддатга кредит олсангиз, биринчи ойларда тўловларнинг катта қисмини фоиз тўловлари ташкил этади. Асосий қарз аста секинлик билан қисқариб боради.

Finlit.uz кредит калькулятори ёрдамида мисол кўриб чиқамиз:

Дейлик, сиз 10 000 000 сўм миқдорида 6 ой муддатга йиллик 23% асосида кредит олмоқчисиз.

credite-loan-pic

Кредит бўйича ойлик тўлов суммаси 1 780 240,71 сўмни ташкил этади.

Ҳар ойда кредитни сўндириш суммаси ва фоиз тўловларининг нисбати ўзгариб боради. Биринчи ойда сиз 191 666,67 сўм миқдорида асосий қарзни тўлайсиз. Сўнгги ойда эса асосий қарз бўйича тўлов 1 746 761,13 сўмни ташкил қилади, фоиз тўловлари эса бор-йўғи 33 479,59 сўм бўлади.

Сиз банкка тўлайдиган умумий кредит миқдори 10 681 444,29 сўм бўлади.

Агар кредит муддати узоқроқ бўлса, кредитни сўндириш давомида асосий қарз суммаси ва фоиз тўловларининг нисбати ўзгаради.

Худди шу мисолни шартларини бироз ўзгартирган ҳолда кўриб чиқамиз:

Дейлик, сиз 10 000 000 сўм миқдорида кредит олмоқчисиз. Аммо, 6 ойга эмас, энди 2 йилга (24 ойга), 23% асосида. Ушбу шартларда:

Ойлик тўловлар миқдори 523 733,06 сўмни ташкил этади.

Биринчи ойда сиз 332 066,39 сўм миқдорида асосий қарз бўйича тўловларни ва 191 666,67 сўм миқдорда фоиз тўловларини амалга оширасиз биринчи ойда умумий тўлов миқдорининг деярли ярмини фоиз тўловлари ташкил қилади, сўнгги ойда эса фоиз бўйича тўлов бор-йўғи 9 849,44 сўмга тенг бўлади.

Сиз банкка тўлайдиган умумий кредит миқдори 12 569 593,45 сўм бўлади.

Кредитни сўндиришнинг дифференциал усули бу нима?

Кредитни сўндиришнинг дифференциал усули бу кредитни сўндиришнинг шундай усулики, унга кўра ҳар ой асосий қарз бўйича бир хил сумма тўлаб борилади, фоиз тўловлари эса кредит қолдиғи камайиб бориши билан бирга аста-секин камайиб боради.

Биринчи ойларда тўловлар миқдори энг юқори бўлади ва ҳар ой кичрайиб боради. Сўнгги ойда тўлов миқдори биринчи ойга нисбатан анча кам бўлади.

Finlit.uz кредит калькулятори ёрдамида худди юқорида келтирилган шартлар билан мисол кўриб чиқамиз

10 000 000 сўм миқдорида 6 ойга 23% асосида кредит. Кредитни сўндиришнинг дифференциал усулида ойлик тўловлар миқдори қуйидагича бўлади:

credite-loan-pic

Ҳар ойлик тўлов суммалари бир-биридан фарқланади. Шундай қилиб, биринчи ойда тўлов 1 855 707,76 сўмни ташкил этади ундан 189 041,10 сўм фоиз тўловлари. Сўнгги (6) ой учун тўлов миқдори 1 698 173,52 сўмга тенг бўлади ундан фақатгина 31 506,85 сўм фоиз тўловлари.

Сиз банкка тўлашингиз зарур бўлган умумий сумма 10 672 146,12 сўмга тенг.

Муддат узайтирилган тақдирда, масалан, 24 ойга, биринчи тўлов ҳажми 605 707,76 сўмни ташкил этади, шундан 189 041,10 сўм фоиз тўловлари. Сўнгги ойда (24) тўлов ҳажми 424 805.94 сўмга тенг бўлади ундан 8 139,27 сўм фоиз тўловларига тенг.

Кредит муддати икки йил бўлганда, банкка тўланиши зарур бўлган сумма12 398 721,46 сўмни ташкил этади.

Икки тўлов усулининг фарқи нимада?

10 000 000 сўмлик кредит бўйича тўловларни икки хил усулда амалга оширишни солиштириш натижасида хулоса қилишимиз мумкинки, дифференциал тўлов усули аннуитетга нисбатан 6 ой ва 2 йил муддат учун мос равишда 9 297,82 сўмга ва 170 871,99 сўмга фойдалироқ эканини кўришимиз мумкин.

Демак, кредитни аннуитет ва дифференциал усулда сўндиришни таққослайдиган бўлсак, шартлар бир хил бўлганида биринчи ҳолатда тўловлар миқдори бирмунча кўп бўлади.

Ушбу тўлов усулларининг афзалликлари ва камчиликлари

Кредитни сўндиришнинг аннуитет усули:

+ сиз ҳар ой қанча миқдорда тўлов амалга оширишингизни аниқ биласиз. Кредит мажбурияти бўйича ўз харажатларингизни билган ҳолда, бюджетингизни янада аниқ режалаштира олишингиз мумкин.

- биринчи тўловлар таркибида фоиз тўловлари катта қисмни ташкил этади.

Кредитни сўндиришнинг дифференциал усули:

+ муддатнинг сўнгги ойларида кредит бўйича тўлов миқдори камайиб боради, чунки, асосий қарз ва фоиз тўловлари мос равишда камайиб боради.

- кредит бўйича тўловларнинг бошида катта молиявий босим.

Эслаб қолинг! Фоизлар кредит қолдиғи бўйича ҳисобланади. Кредитни сўндириш графигида белгиланган суммадан кўпроқ тўловни амалга оширсангиз, кейинги ой учун ҳисобланадиган фоиз тўловлари суммасини камайтирган бўласиз.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Кредит тарихи

Кредит тарихи

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X