Ҳамкасб дўстингиз ўзи олаётган кредит картаси, микроқарз, овердрафт ёки истеъмол кредити учун сиздан кафил бўлишни сўраганми?
Кафиллик – кредит таъминотининг бир тури бўлиб, унда кафил кредитни қарздор томонидан тўлиқ ёки қисман тўланишига кафолат беради, акс ҳолда, кафилнинг ўзи кредитни кафиллик суммаси доирасида тўлаб беришни ўз бўйнига олади. Банкнинг ички тартибидан келиб чиққан ҳолда, кредит таъминоти учун кафилликни қабул қилишга лимит ўрнатилиши мумкин, масалан, 50 млн. сўмдан юқори кредитларга кафилликдан бошқа таъминот турлари талаб этилиши мумкин.
Кафилнинг мажбуриятларини биласизми?
Сиз кафиллик шартномасига имзо чекканингиздан сўнг, дўстингиз билан бир қаторда кредит тўланишига жавобгар ҳисобланасиз. Дўстингиз маълум бир сабабларга кўра кредитни тўламаганда кредитни тўлаб бериш мажбурияти унинг ўрнига сизга юклатилади.
Банк кредит шартлари бузилганда муддати ўтган қарздорликни тўлиқ ундириш учун ишни судга ошириш ҳуқуқига эга. Бунда қарздор билан биргаликда кафил ҳам баробар жавобгар бўлади, ҳаттоки, суд бўйича давлат божи ҳаражатларига ҳам.
Кафилликка рози бўлишдан олдин, молиявий саводхонликка эга инсон сифатида дўстингиздан қуйидагиларни сўраб олсангиз, фойдадан ҳоли бўлмайди:
- кредит суммаси ва фоизи;
- кредит муддати;
- кредит тури ва мақсади;
- кредит тўлов графиги бўйича ойлик тўлов суммаси;
- кредит таъминотига бошқа гаров мулклари қўйилган ёки қўйилмаганлиги;
- дўстингизни бошқа кредитлари бор ёки йўқлиги;
- дўстингизнинг ойлик даромадлари;
- дўстингизни шахсий характерига: пунктуаллиги, тартиблилиги, ҳисоблилиги.
Кафиллик учун қандай ҳужжатлар топширилади?
Кафил – жисмоний шахс:
- паспортингиз нусхаси;
- иш жойингиздан ойлик даромадингиз тўғрисидаги маълумотнома.
Кафил – юридик шахс:
- ташкилотнинг сўнгги ҳисобот йили учун йиллик молиявий ҳисоботи (Форма 1, 2);
- ҳисобварақ айланмасидан кўчирма;
- ташкилот кафиллигини тақдим этишга ташкилот раҳбарининг розилиги.
Дўстингиз кредитни ўз вақтида тўлашига кафолат беришдан олдин, ўз молиявий имкониятларингизни ҳам сарҳисоб қилиб олинг. Чунки бу кредит бўйича сиз ҳам бирдек жавобгарсиз!