Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Охирги янгиланиш:  08.Июн.2023 9:30 AM
32243
Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди
35

Жорий йилнинг 19 апрелида “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қуйида низомга мувофиқ Oilakredit.uz платформаси орқали ажратиладиган кредитлар бўйича ўзгаришларга тўхталамиз.

Кредит миқдори ва фоиз ставкаси қанча?

Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:

  • жисмоний шахсларга ҳамда кичик тадбиркорлик субъектларига 33 млн сўмгача;
  • кичик тадбиркорлик субъектларига 300 млн сўмгача;
  • тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда 300 млн сўмдан ортиқ миқдорда ажратилади.
Кредит қанча муддатга берилади?

Умумий тартибда:

 

  • 3 йилгача бўлган муддатга 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига оилавий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун;

Алоҳида йўналишлар учун:

  • 3 йилгача бўлган муддатга  1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик, куркачилик ва паррандачилик, биогумус ишлаб чиқариш, «дала дўконлари»ни қуриш ва кўчма музлаткичларни ўрнатиш учун;
  • 5 йилгача бўлган муддатга 1 йилгача бўлган имтиёзли давр билан оилавий меҳмон уйлари (50 млн сўмгача), хостеллар
    (1 млрд сўмгача), ўтов лагерлари мажмуаси (300 млн сўмгача), автокемпинглар (3 млрд сўмгача), экоуйлар мажмуаси (300 млн сўмгача), контейнер шаҳарчалар (600 млн сўмгача) ва чодирли лагерлар (60 млн сўмгача) ташкил этиш ва уларни таъмирлаш лойиҳаларини молиялаштиришга;
  • 7 йилгача бўлган муддатга 3 йилгача бўлган имтиёзли давр билан боғдорчилик (кўчатчилик), узумчилик (ток сўриси) ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона қуриш, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарини харид қилиш ҳамда уларни жойлаштириш учун бино ва иншоотлар қуриш, артезиан қудуқларини қазиш учун; - иссиқхоналарни ташкил этиш йўналишида кредит ажратишда устуворлик ҳудудлардаги ўзлаштирилмаган адир ерлардан фойдаланилаётган лойиҳаларга берилади.
  • 3 йилгача бўлган муддатга «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун ҳамда 18 ойгача муддатга – айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади.

 

Кредит учун таъминот керакми?

Таъминот сифатида:

  • 33 миллион сўмгача – жисмоний шахсларга ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига ҳоким ёрдамчисининг тавсияси;
  • 50 миллион сўмгача – аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш мақсадида узоқ муддатга қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларини ижарага олиб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган деҳқон хўжаликлари ва кичик тадбиркорлик субъектларига гаровсиз;
  • 50 миллион сўмгача – махсус ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб, тегишли сертификатни олган шахсларга оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб ускуналарни сотиб олиш мақсадлари учун гаровсиз;.
  • 300 миллион сўмгача – ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;
  • 300 миллион сўмдан ортиқ миқдорда — ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

Ҳоким ёрдамчисининг тавсиясига кўра, кредит суммасининг 10 миллион сўмгача бўлган қисми (ҳунармандлар учун 20 миллион сўмгача) банк карталарига (нақдлаштириш имкониятини чеклаган ҳолда) ўтказиб берилади.

Кредитлар қайси банклар томонидан ажратилади?

Кредитлар Агробанк, Халқбанки ва Микрокредитбанк томонидан ажратилади.

Кредитни уйдан чиқмасдан туриб қандай олиш мумкин?

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитни қуйидаги тартибда масофадан туриб олиш мумкин:

  • Мижоз томонидан oilakredit.uz сайти орқали ариза топширилади ва телефон рақами билан тасдиқланади. Ушбу жараёнда тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмагидан фойдаланиш мумкин;
  • Аризалар автоматик равишда (инсон омилисиз) скоринг жараёнидан ўтказилади. (ижобий — ҳоким ёрдамчисига ўтади, салбий смс хабарнома орқали аризачига юборилади);
  • Ижобий скоринг натижаларидан сўнг, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияномаси ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси электрон тарзда тақдим этилади (аризалар электрон навбат асосида кўриб чиқилади яъни сизга тавсиянома бериши ёки асослантириб рад қилиниши керак);
  • Хизмат кўрсатувчи банк билан аризачи ўртасидаги кредит ажратиш тўғрисидаги шартнома электрон шаклда тузилади ва электрон калит (ЭРИ) орқали имзоланади;
  • “Маркетплейс” (smart-market.uz) орқали таъминотчи билан қарз олувчи томонидан эркин ва мустақил равишда электрон шартнома тузилади;
  • Маркетплейс тизими орқали таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон ҳисоб-фактура шакллантирилади;
  • Ҳоким ёрдамчиси товарлар (иш, хизмат) ҳақиқатдан етказиб берилганлиги ёки берилмаганлиги юзасидан фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома тузади ва тизимга юклайди.
Муҳим! Ҳар бир босқичдаги тегишли ҳужжатлар қарз олувчи, банк, таъминотчи, ва ҳоким ёрдамчиси томонидан Электрон Рақамли Имзо калити билан имзоланиб, тасдиқланганидан сўнг, кредит маблағлари ҳисобидан пуллар таъминотчининг ҳисобварағига кўчириб берилади.

Электрон Рақамли Имзо калитини e-imzo.uz дан олиш мумкин.

 

 

Қуйидаги ҳолларда тавсияномалар берилмайди:
  • лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчида шарт-шароит бўлмаганда;
  • мавсумга хос бўлмаган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга;
  • ариза берувчи номидан бошқа фуқаро кредит олишни мақсад қилганлиги аниқланганда;
  • қонунчиликка зид бўлган фаолият амалга оширилиши аниқланганда;
  • дастурлар доирасида аввал берилган кредитларнинг ўз вақтида сўндирилмаслиги натижасида ресурслар етарли бўлмаганда.
Қуйидаги ҳолларда ариза тизим томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик равишда рад этилади:
  • қарз олувчининг олдин юборган аризаси кўриб чиқиш жараёнида бўлганда;
  • 18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга;
  • муомала лаёқати чекланган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;
  • дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредит мавжуд бўлганда (Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратиладиган кредитлар бундан мустасно);
  • банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда;
  • аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;
  • салбий кредит тарихига эга бўлганда;
  • солиқ органлари, мажбурий ижро бюроси органлари ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлганда.
Қуйидаги мақсадлар учун кредит ажратилмайди:
  • илгари олинган кредитларни ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтариш;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш;
  • савдо-воситачиликни амалга ошириш;
  • умумий овқатланиш ташкилотларининг айланма маблағларини шакллантириш;
  • ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) мақсадлари учун ишлатилмайдиган шахсий мулкни (мебель, уяли телефон, маиший техника ва бошқалар) сотиб олиш;
  • енгил автотранспорт воситалари (ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда иштирок этувчи кичик мототранспорт воситалари бундан мустасно), жумладан, йўловчи ташувчи автомобиллар сотиб олиш;
  • маъмурий харажатларни тўлаш, жумладан, хизмат автомобиллари таъминоти;
  • бино ва иншоотлар сотиб олиш ва қуриш (Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш дастури бўйича дала дўкони, уруғлик, минерал ўғит ва кўчат дўконлари ташкил қилиш бўйича кўзланган мақсадлар ҳамда енгил конструкцияли бино ва иншоотлар қуриш бундан мустасно) учун ажратилмайди.
Аризаларни кўриб чиқиш муддатлари
  • бир кун муддатда - скоринг баҳолаш автоматлаштирилган ҳолатда;
  • беш иш куни мобайнида – ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан жойига чиққан ҳолда кредит олиш учун тавсиянома бериши ёки рад этиши;
  • уч иш кунидан кеч бўлмаган муддатда – тижорат банклари томонидан кредит ажратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади;
  • ўн беш иш куни мобайнида - маркетплейс тизимида қарз олувчи ва маҳсулот етказиб берувчи ўртасида маҳсулот ва хизматларни етказиб бериш тўғрисида шартнома тузилиб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланиши лозим. (маҳсулот етказиб берувчи томонидан қарз олувчига маркетплейс тизимида танлаган товар(лар) шартнома тузилган кундан бошлаб ўн кундан ортиқ бўлмаган муддатда етказиб берилиши, хизматлар эса йигирма кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўрсатилиши лозим);
  • уч иш кунида - ҳоким ёрдамчиси жойига чиққан ҳолда, товарлар ҳақиқатдан етказиб берилганлиги ёки берилмаганлиги (хизматлар кўрсатилганлиги ёки кўрсатилмаганлиги) тўғрисида фотоҳисобот шаклида электрон далолатнома тузади;
  • уч банк иш кунида - тўловлар банк томонидан маҳсулот етказиб берувчига пул ўтказиш йўли билан ўтказиб берилади.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X