Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди

Охирги янгиланиш:  24.Ноя.2022 9:18 AM
46
Oilakredit.uz платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тасдиқланди
1

Жорий йилнинг 8 июлида “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси орқали кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Қуйида низомга мувофиқ Oilakredit.uz платформаси орқали ажратиладиган кредитлар бўйича ўзгаришларга тўхталамиз.

Кредит миқдори ва фоиз ставкаси қанча?

Кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:

  • жисмоний шахсларга 33 млн сўмгача;
  • кичик тадбиркорлик субъектларига 225 млн сўмгача;
  • тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда 225 млн сўмдан ортиқ миқдорда ажратилади.
Кредит қанча муддатга берилади?

  1. 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга – оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган маълум меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш мақсадида;
  2. 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача бўлган муддатга – чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум етиштириш) учун; - чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар ажратишда асосий эътибор сут йўналишидаги қорамол ҳамда совлиқ қўй ва эчки сотиб олишга қаратилади.
  3. 1 йилгача имтиёзли давр билан 5 йилгача муддатга – оилавий меҳмон уйлари, хостеллар, экоуйлар мажмуаси, ўтов лагерлари мажмуаси, автокемпинглар, контейнер шаҳарчалар ва чодирли лагерлар ташкил этиш ва уларни таъмирлаш учун; - ички туризмни ривожлантириш йўналишида кредит ажратишда устуворлик оилавий меҳмон уйлар, хостеллар ва экоуйлар мажмуаларига берилади.
  4. 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача бўлган муддатга – боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун; - иссиқхоналарни ташкил этиш йўналишида кредит ажратишда устуворлик ҳудудлардаги ўзлаштирилмаган адир ерлардан фойдаланилаётган лойиҳаларга берилади.
  5. 3 йилгача муддатга – «Ҳунарманд» уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, «уста-шогирд» мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун ҳамда 18 ойгача муддатга – айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилади.
Кредит учун таъминот керакми?

Таъминот сифатида:

  • 33 миллион сўмгача – жисмоний шахсларга ҳоким ёрдамчисининг тавсияси;
  • 225 миллион сўмгача – ҳоким ёрдамчисининг тавсиялари асосида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари;
  • 225 миллион сўмдан ортиқ миқдорда — ҳоким ёрдамчисининг тавсияларига мувофиқ тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини кредитлашда қонун ҳужжатлари доирасида белгиланган таъминот турларига асосан ажратилади.

Ҳоким ёрдамчиси қарз олувчининг аризасига асосан унинг объектига чиққан ҳолда фаолият тури бўйича шарт-шароитлар, имконият ҳамда етарли кўникма мавжудлигини ўрганади ва кредит ажратиш учун тавсиянома ёки уни рад этиш тўғрисидаги хулосани беш иш куни мобайнида Ягона электрон платформага жойлаштиради.
Кредитлар қайси банклар томонидан ажратилади?

Кредитлар Агробанк, Халқ банки ва Микрокредитбанк томонидан ажратилади.

Кредитни уйдан чиқмасдан туриб қандай олиш мумкин?

Oilakredit.uz платформаси орқали кредитни қуйидаги тартибда масофадан туриб олиш мумкин:

  • Кредит ажратиш тўғрисидаги онлайн ариза тўлдирилади (барча сўралган маълумотлар киритилиши шарт) ва масофадан имзоланади. Ушбу жараёнда тегишли маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг кўмагидан фойдаланиш мумкин;
  • Киритилган маълумотлар ва ахборотлар базасига асосланиб, скоринг жараёни ўтказилади;
  • Ижобий скоринг натижаларидан сўнг, маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг ижобий тавсияномаси ёки кредит ажратишни рад этиш тўғрисидаги хулосаси электрон тарзда тақдим этилади;
  • Маркетплейс (электрон дўкон) орқали таъминотчи билан қар олувчи томонидан эркин ва мустақил равишда электрон шартнома тузилади;
  • Маркетплейс тизими орқали таъминотчи томонидан маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги электрон ҳисоб-фактура шакллантирилади;
  • Хизмат кўрсатувчи банк билан аризачи ўртасидаги кредит ажратиш тўғрисидаги шартнома электрон шаклда тузилади ва имзоланади;
  • Маҳаллага бириктирилган ҳоким ёрдамчисининг маҳсулот етказиб берилганлиги тўғрисидаги мониторинг далолатномаси расмийлаштирилади.

Муҳим! Ҳар бир босқичдаги тегишли ҳужжатлар қарз олувчи, банк, таъминотчи, ва ҳоким ёрдамчиси томонидан Электрон Рақамли Имзо калити билан имзоланиб, тасдиқланганидан сўнг, кредит маблағлари ҳисобидан пуллар таъминотчининг ҳисобварағига кўчириб берилади.

Электрон Рақамли Имзо калитини e-imzo.uz дан олиш мумкин.


Қуйидаги ҳолларда тавсияномалар берилмайди:

  • лойиҳани амалга ошириш учун қарз олувчида шарт-шароит бўлмаганда;
  • «етакчи» тадбиркорлик субъектлари ва «Томорқа хизмати» МЧЖ билан кооперация асосида ишлаётган фуқароларга;
  • мавсумга хос бўлмаган тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга;
  • ариза берувчи номидан бошқа фуқаро кредит олишни мақсад қилганлиги аниқланганда;
  • қонунчиликка зид бўлган фаолият амалга оширилиши аниқланганда.
Ягона электрон платформа орқали ариза юборилганданг сўнг у бир кун муддатда скоринг баҳолаш жараёнидан ўтказилади. 

Қуйидаги ҳолларда ариза тизим томонидан скоринг маълумотлари асосида автоматик равишда рад этилади:

  • қарз олувчининг олдин юборган аризаси кўриб чиқиш жараёнида бўлганда;
  • 18 ёшга тўлмаган фуқаро номидан ариза берилганда;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахсларга;
  • муомала лаёқати чекланган ёки меҳнатга лаёқатсиз фуқаро номидан ариза берилганда;
  • дастур доирасида тўлиқ қайтарилмаган кредит мавжуд бўлганда;
  • банк кредитлари бўйича муддати ўтган қарздорлик мавжуд бўлганда;
  • аввал ажратилган кредитлардан мақсадсиз фойдаланилганда;
  • салбий кредит тарихига эга бўлганда;
  • солиқ органлари, мажбурий ижро бюроси органлари ва бошқа тўловлардан қарздорлиги мавжуд бўлганда.
Унутманг! Қарзларингизни вақтида тўлаб боринг, чунки бу сизнинг кредит тарихингизга салбий таъсир кўрсатади




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X