Президент томонидан 18 феврал куни “Банклардаги омонатларни ҳимоя қилиш кафолатлари тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Эндиликда кафолатланган омонат миқдори бир банкда бир омонатчига 200 млн сўмни ташкил этади. Бу талаб банкка қўйиладиган янги омонатларга нисбатан қўлланилади. Агар Сизнинг банкларда янги қонун кучга киргунга қадар қўйган муддатли ёки жамғарма омонатингиз бўлса, омонатларингиз миқдоридан қат’и назар тўлиқ кафолатланади.
Агарда пулингиз 200 млн сўмдан кам миқдорни ташкил этадиган бўлса, унда омонатингиз тўлиқ миқдорда кафолатланади.
Яна бир янгилик, эндиликда фақат аҳолининг эмас, балки тадбиркорлик суб’ектлари, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳам омонатлари кафолатланади.
Омонатларни кафолатлаш нима учун керак ва уларни ма’лум миқдорда кафолатлашнинг муҳим жиҳатлари нималардан иборат?
Биринчидан, бу омонатчиларни ҳимоя қилиш, я’ни банк тугатилган тақдирда, омонатчиларга уларнинг маблағларини қайтариш;
Иккинчидан, бу банкларни юқори фоиз ставка билан эмас, балки барқарор фаолият билан рақобатлашишга ундайди.
Омонат миқдорингиз 200 млн сўмдан ошса, қандай кафолатланади?
Шуни айтиш керакки, кафолатланган омонат миқдори 200 млн сўмни ташкил этади дегани, банкка ундан кўпроқ пул қўйиш мумкин эмаслигини англатмайди. Аксинча пулларни банкда сақлаш, уларни уйда сақлашдан анча хавфсиз ва манфаатли. Омонатни бу миқдорда кафолатлаш эса фақатгина банк тугатилган тақдирдагина қўлланилади, акс ҳолда банклар омонатлар бўйича ўз мажбуриятларини шартнома асосида бажараверади.
Компенсатсия тўлаб бериш муддатларига тўхталадиган бўлсак: янги қонун қабул қилингунча омонатларни қайтариб беришни бошлаш муддати 83 кунни ташкил этган, энди эса бу муддат 20 иш кунини ташкил этади ва босқичма-босқич 7 иш кунига қисқартирилади. Бу дегани Агентлик компенсатсияни тўлаб беришни бошлаши учун унга энг узоғи билан 20 иш куни берилади, зарур тадбирлар амалга оширилган тақдирда, Агентлик ушбу муддатдан ҳам олдин тўлаб бериши мумкин бўлади.
Агарда сиз компенсатсия тўлаб бериш учун белгиланган муддат ичида ўз маблағларингизни қайтариб олишга улгурмаган бўлсангиз ҳам хавотирга ўрин қолмайди, я’ни ўз пулларингизни Агентликдан исталган вақтда қайтариб олишингиз мумкин бўлади.