Маблағларни омонатга жойлаштиришда банк, маълум бир шартлар асосида омонат хизматини таклиф этиши мумкин. Омонатни очишдан олдин унинг шартларини ўрганиш жуда муҳим, шундагина у сармоя воситаси сифатида сизга фойда келтиради. Омонатларнинг қандай шартлари мавждулигини бирма-бир кўриб чиқамиз:
Омонатнинг минимал ва / ёки максимал миқдори
Банк ҳисобрақамдаги маблағлар миқдорига чеклов қўяди ёки чекловларсиз омонатни тўлдириш имконини беради. Ушбу чеклов омонатнинг сақланишини таъминлашга қаратилган. Банклар энг кам миқдорни онлайн омонатларни очишда таклиф этиши мумкин, бундай омонатларни очиш учун сизни қизиқтирган банк мобил иловасини ўрнатиш етарли бўлади. Агар сизни қизиқтирган банкнинг картаси сизда мавжуд бўлмаса, ҳавотирга ўрин йўқ – ўзингизни исталган банк картангизни асосий карта сифатида мобил иловага улашингиз мумкин.
Фоиз ставкалари
Омонат фоизлари поғонали ҳисобланиши мумкин, бунда омонатнинг фоиз ставкаси турли даврларда ўзгариб туради. Бундан ташқари, омонатни муддатидан олдин ёпган тақдирда, фоиз муайян шартларга кўра ҳисобланиши мумкин. Шунингдек, фоизлар оддий ёки мураккаб (бу капиталлизация деб аталади, яъни омонатнинг фоизларига фоиз ҳисобланиши) фоиз ставкасида ҳисобланиши мумкин.
Маслаҳатимиз! Агар сиз танлаган омонатда капитализация бўлмаса ҳам, ҳар ой омонатнинг асосий қисмига кўпайтириб, буни ўзингиз амалга оширишингиз мумкин. Шундай қилиб, ҳар ой алоҳида ҳисобвараққа келиб тушадиган фоиз даромадларингизни омонатнинг асосий қисмига қўшиб қўйинг.
Фоизларни ҳисоблаш
Ҳисобланган фоизлар ҳар ойда ёки омонатни муддати тугагандан сўнг берилиши мумкин.
Омонатни тўлдириш
Баъзи омонатлар қўшимча бадаллар миқдори ва улар амалга оширилиши мумкин бўлган вақт бўйича чекловларни ўз ичига олиши мумкин. Омонат қуйидагилар бўйича чекловларга эга бўлиши мумкин:
- омонатга қўшимча кирим қилиш мумкин бўлга сумманинг энг кам миқдори;
- омонат миқдорини кўпайтиришнинг максимал миқдори;
- омонатнинг муддатининг бошидан унинг амал қилиш муддатигача;
- омонат шартномаси муддати тугагунига қадар бўлган муддатгача.
Омонатнинг бир қисмини ечиш
Қисман ечиш имконияти мавжуд омонатлар, жамағармани эркин бошқаришга шарт-шароит яратиб, максимал даражада қулай шартларни таклиф этади. Бироқ, ушбу омонат тури бўйича ҳам банклар баъзи чекловлар қўйиши мумкин:
- қисман ечишнинг максимал миқдори
- қисман ечишнинг энг кам миқдори
- омонат асосий суммасининг энг кам қолдиғи
- омонатнинг бутун муддати давомида қисман ечиб олиш мумкин бўлган маблағнинг умумий суммаси;
- омонатнинг бутун муддати давомида қисман ечиб олиш бўйича вақтинчалик давр
Омонатни муддатидан олдин ёпиш
Агар омонатни муддатидан олдин ёпишга қарор қилсангиз, банк ҳисобланган фоизларни омонатнинг асосий суммасидан чегириб қолиши мумкин. Омонат фоизларини чегириб қолиш ҳолати омонатнинг муддатидан олдин ёпилган ойи учун, баъзида эса бутун давр учун қўлланилиши мумкин. Омонатни муддатидан олдин ёпганда фоизларини йўқотмаслик, фақатгина бундай шарт омонат шартномасида кўзда тутилган тақдирда, бунинг имконияти мавжуд.