Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Охирги янгиланиш:  06.Янв.2022 6:37 PM
6571
Фонд биржаси қандай фаолият юритади?
34

Компанияларнинг акциялари олди-сотдиси орқали бойиб кетган одамлар ҳақида кўп эшитганмиз. Даромадларни тўғри инвестициялаш ҳамда фирибгарлар қурбонига айланмаслик учун қимматли қоғозлар бозори механизмларини билиш керак бўлади.

Фонд биржаси нима?

Фонд биржаси – қимматли қоғозлар савдосига мўлжалланган уюшган бозор. Бу қимматли қоғозлар харидори ҳамда сотувчиси учрашадиган жой.

Мисол учун: дунёдаги етакчи фонд биржаларига NYSE, NASDAQ, LSE ва бошқалар киради.

Муҳим фактлар: Амстердам фонд биржаси дунёдаги энг кўҳна биржа саналади. Биржа 1602 йилда ташкил топган бўлиб, шу йили тарихдаги илк акциядорлик компанияси – Голландиянинг Ост-Инд компанияси ташкил этилган.

«Тошкент» Республика фонд биржаси - Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ягона фонд биржа. У 1994 йил 8 апрелда ташкил этилган. Ҳозирда у ерда 99 та компания ўз акциялари ва 4 та эмитент (акция чиқарадиган компания) ўз облигациялари билан савдо қилади.

Рўйхатга олинган қимматли қоғозлар биржаларга жойлаштирилади, у ердан уларни жисмоний ва юридик шахслар – инвесторлар харид қилиши мумкин.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси  – қимматли қоғозларни сақлаш, юритиш, ҳаракатини ҳисобга олиш ягона тизимини таъминлайдиган ҳамда бошқа турдош хизматларни кўрсатадиган ташкилот. (Марказий депозитарий ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йи 21 майдаги 263-сонли «Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийсини ташкил этиш ва уинг фаолияти масалалари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, мажбурий лицензиялашсиз амалга оширади).

Фонд биржаси фаолиятини ким тартибга солади?

Тартибга солувчи – мустақил ташкилот бўлиб, у бозорда, яъни фонд биржасида ҳаммаси қонуний асосда амалга ошишини назорат қилади. Ўзбекистонда ушбу вазифаларни Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги бажаради, у, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари (инвестиция маслаҳатчилари, брокерлар, дилерлар, инвестиция активларини ишончли бошқарувчи) фаолиятини лицензиялаш билан шуғулланади.

Акциялар котировкаси нима?

Акциялар котировкаси – бу акцияларнинг фонд биржасидаги баҳоси бўлиб, талаб ва таклифга кўра белгиланади ҳамда компаниянинг соф даромади, аввал тўланган дивидендлар ҳажми, фирманинг обрўси ва қимматли қоғозлар бозоридаги ўрни каби кўплаб омилларга боғлиқ бўлади.

Бу муҳим! Компания акцияларининг котировкаси доимо ўзгариб туради ва «Тошкент» РФБ сайтида «Биржа котировка варағи» номли махсус жадвалда доимий акс этади.

Ҳар бир акция бир вақтнинг ўзида бир нечта нархга эга:

Биринчидан, бу чиқариш пайтида акцияга белгиланган номинал нарх. Уни номинал қиймат ҳам дейишади. Акциянинг номинал қиймати эгаси ушбу акция бўйича оладиган даромад ёки дивидендга нисбатан аҳамиятли.

Акцияларнинг бозор нархи ушбу қимматли қоғозлар олди-сотдиси давридаги талаб ва таклифга кўра белгиланади. Одатда у амалга ошган битимларнинг ўртача қиймати сифатида ёки савдо кунининг (савдо ҳафтаси) якуний нархига кўра белгиланади.

Котировка нархлари – маълум вақт оралиғида қимматли қоғозлар олди-сотдиси бўйича операциялар бажарилган, биржадаги турли сотувчи ва харидорлар томонидан таклиф этилган нархлар.

Фонд биржасида листинг (биржа котировка варағи) – бу компаниянинг биржа талабларига жавоб беришини текширишдан иборат махсус биржа тадбири. Биржа қимматли қоғозлар эмиссияси (чиқарилиши) рўйхатдан ўтганлигини, унинг натижалари ҳақидаги ҳисобот, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига риоя қилинишини, ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиниши ва бир қатор бошқа талабларга риоя қилнишини текширади.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан тайёрланди.

Манзил: 100047, Миробод тумани, Амир Темур кўчаси, 13 уй
Телефон: (71)203-01-15
E-mail: info@cmda.gov.uz




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Тижорат банклари

Тижорат банклари

Марказий банк

Марказий банк

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X