
“IPO”СИ
Иқтисодий барқарорлик, аҳоли даромадини кўпайтиришнинг самарали омили
IPO нима, унинг қандай фойдали томони бор?
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: IPO ўзи нима, унинг давлат ёки халқимизга қандай фойдаси бор? Аввало, ўзаро мулоқотимизда нисбатан янги атама бўлган IPO ҳақида тўхталиб ўтсак.
Сўзимиз аввалида бежизга сармоянинг ҳаракатда бўлиши қўшимча пул, яъни даромад келтириши ҳақида фикр юритмадик. Зеро, айни мавзуимиз – IPO ҳам қайсидир маънода турғун маблағни ҳаракатга келтириш орқали иқтисодий барқарорликка эришишга қаратилган.
Аслини олганда, IPO (Initial Public Offering) – бирламчи оммавий таклиф бу компаниялар томонидан ўз акцияларини биринчи марта биржа листингига киритиб, оммага таклиф қилиш жараёни ҳисобланади. Демак бундан англашиладики, халқ IPOси ўз навбатида, компания акциялари чет эллик инвесторларга эмас, биринчи навбатда, маҳаллий аҳоли учун савдога қўйилишидир. Бошқача айтганда эса, бу мамлакат иқтисодиёти ривожи йўлида аҳоли қўлидаги пул маблағларини жалб қилишнинг бир усули.
Бугунги кун шароитида бу жараён барча тарафлар – давлат, компаниялар ва акцияларни харид қилувчилар учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Келинг яхшиси, ўша фойдали жиҳатлар, умуман, ушбу жараённинг иқтисодий самарадорлигини ўзимизнинг мисолимизда кўриб чиқсак.
Айтайлик, сиз бирор муқим иш билан бандсиз ва ундан топаётган даромадингизнинг маълум қисмини оила харажатларидан орттириб, бирор катта мақсад учун йиғиб боряпсиз. Шу кеча-кундузда сиз жамғариб бораётган пул, масалан, 20 миллион сўм бўлди. Сиз бу пулнинг инфляция ҳисобига қадрсизланмаслиги, аксинча, уни кўпайтириш учун нима қилган бўлар эдингиз?
Гап пулни энг самарали йўл билан кўпайтириш ҳақида борар экан, бу борада тадбиркорликка тенг келадигани йўқ, аслида. Лекин бу ҳолатда сиз бирор тадбиркорлик фаолиятини бошлашингиз қийин. Негаки, биринчидан, сиз бошқа фаолият тури билан бандсиз ва табиийки, тадбиркорлик кўникмангиз йўқ ёки етарли эмас. Иккинчидан, маблағингиз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга камлик қилади, шу боис банкдан кредит олишга тўғри келади. Умуман олганда, бу катта таваккал ва уни амалга ошириш учун сизда пухта бизнес режа бўлиши керак. Демак, тадбиркорлик бир томондан жуда самарали, аммо бошқа томондан эса, сиз учун охири мавҳум иш.
Шунинг учун ҳам одатда аксариятимиз эҳтиёжларимиздан орттирилган маблағга қишлоқ шароитида чорва, тилла буюмлар, шаҳарда эса хорижий валюта оламиз ёки уни банкка депозитга қўямиз.
Танловингиз уларнинг қайси бири бўлишидан қатъи назар, ютқазмайсиз. Чорва учун ем-ҳашак зарурлиги, банк депозитлари учун қайта молиялаш ставкаси ҳисобга олиниши, хорижий валюта курсининг тушиши мумкинлиги ва яна бошқа эҳтимолларга қарамасдан, пул “кучи”ни сақлаб туришингиз, ҳатто, вазиятига қараб фойда ҳам кўришингиз мумкин. Амалда кўпчилигимизнинг иқтисодий ҳаётимизда шундай бўляпти ҳам.
Иқтисодий самарадорлиги қандай?
Хўш, агарда IPO иштирокчисига айланиб акциядор бўлсак, иқтисодий ҳолатимиз қандай бўлади?
Халқ IPOси нафақат сиз, балки юқорида айтиб ўтганимиздек, барча тарафларлар учун бирдек фойдали бўлиши мумкин. Буни давлат, компания ва ўзимиз, яъни уч томон манфаати нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.
Аввало, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, IPO жараёнида сиз барқарор компанияларни танлаб, уларнинг акцияларини сотиб оласиз. Бундай акцияларга узоқ муддатга пул тикишда мураккаб даромад (compound interest) деган имконият бор. Бу – бизнес ривожланиши, улушларга бўлган талаб ошиши туфайли инвестициялар экспоненциал ўсиб бориши мумкин, дегани. Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, ўз омонатларингизни инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлиш имкони. Лекин ушбу жараёнда ҳам бизнесга хос таваккалчилик ва шунга мос равишда хатарлар мавжудлигини унутмаслик лозим. Хатарлар хавфини камайтириш эса сизнинг йирик ва истиқболли компанияларни танлашингизга боғлиқ. Демак, умумий жиҳатдан олиб қаралганда, бу биз учун иқтисодий жиҳатдан самарали танлов.
IPO давлат учун ҳам қатор қулайликлар яратади. Айтайлик, давлат энергетик барқарорликка эришиш йўлида соҳани ислоҳ қилмоқчи. Бу борада қўшимча энергия ресурслари қувватларни яратиш учун эса 25-30 миллиард доллар маблағ зарур. Табиийки, ушбу йўналишда фаолият юритаётган ациядорлик жамиятларининг ҳозирги молиявий ҳолати буни “кўтармайди”. Лекин соҳа ислоҳотга муҳтож. Бундай шароитда ушбу йўналишдаги корхоналар халқаро молия ташкилотларидан кредит жалб этиши талаб этилади. Бу эса ўз навбатида, мамлакат ташқи қарзи миқдори ошишига олиб келади.
Самарали IPO жараёни эса ҳам давлатни, ҳам компанияни бундай оғир “юк”дан қутқариши билан бир қаторда, кўзланган энергетик мақсадларга эришиш ҳам акциядорлар учун даромад манбаи яратишга хизмат қилади.
Қолаверса, акцияларини IPOга чиқарган компаниялар инвесторлари олдида ҳисобдор ва шаффоф бўлишга мажбур бўлади. Шунинг учун улар ҳисоб юритиш тизимларини ислоҳ қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланишга ўтади. Бу эса ўз навбатида, қимматли қоғозлар бозорининг ривожланишига ҳам туртки бўлади.
IPO арзон пул жалб қилишнинг самарали усулими?
Тасаввур қилиб кўрайлик, бирор компания ўзининг ишлаб чиқаришини кенгайтиришга қарор қилди ва бунинг учун унга пул керак.
Банкдан кредит олиш қимматга тушади: олинган пулни устама фоизи билан қайтариб тўлаш, мол-мулкни гаровга қўйиш керак бўлади. Банк қатъий белгилаган муддатларда кредитни қайтариш, гоҳида тўловлар кечиккани учун жарима тўлаш ҳам пул жалб қилиш нархини қиммат қилиб юборади, таваккалчилик кўлами ошади.
Шунинг учун жаҳон тажрибасида бизнесга қўшимча капитал олиб киришнинг банк қарзларига муқобил бўлган варианти – биржада улушларни сотишдир. Бунда компания инвесторлар пулини бизнесга йўналтиради, у фаолият ортидан фойда кўрадиган бўлса, ҳиссадорларга дивиденд тўлайди. Аксинча, бизнес амалиёт орқали даромад кўрилмаса, зарарга кирилса, шу хавф-хатарга кўплаб (одатда юзлаб ва минглаб) инвесторлар шерик бўлади. Шу нуқтаи назардан, IPO арзон пул жалб қилишнинг бир йўлидир.
Бунда биржадаги листинг мазкур компанияни машҳур қилади, мақом беради ва энг муҳими, иқтисодий капиталга эга бўлиш имконини осонлаштиради.
Албатта, самарали бизнес эгалари (стартаплар) ривожланиш учун тижорат банкларидан кредит олиши ёки корпоратив облигацияларни муомалага киритиши мумкин. Бироқ, ушбу фаолият жамиятнинг ўз акцияларини фонд биржасида шаффоф ва самарали жойлаштириб, миллионлаб инвесторлар ва миллиардлаб сармояларни жалб қилишга имкон яратади.
IPO компаниялар ривожи учун катта қадамдир, чунки у ИПО даврида ўз акцияларни чиқаради, уларни фонд биржасига жойлаштиради ва пировардида навбатдаги ривожланиш учун самарали капиталга эга бўлишни ва қарз инструментлари (облигациялар, тижорат банклари кредитлари)га нисбатан самаралироқ ҳамда молиявий рискларни бошқара оладиган воситани таклиф қилади. IPO айниқса, компаниялар учун жуда самарали ҳисобланади.
Жамият шунчаки янги акцияларини чиқара оладими?
Албатта, жамият шунчаки янги акцияларини чиқара олмайди ва уларни дарҳол биржага жойлаштира олмайди. Ундан олдин у инвестиция банклари, адвокатлар ва бошқа кўплаб мутахассислар иштирок этадиган бир неча босқичлардан ўтиши керак. Зеро жамият биржага кирганидан сўнг оммабоп бўлиши зарур бўлади ва бу ўз ўрнида жамият фаолиятини шаффофлаштиради ва ушбу амалиёт одатда 4 босқичда амалга оширилади:
1. Дастлабки босқич;
2. Тайёрлов босқичи;
3. Асосий босқич;
4. Якунловчи босқич.
Шу ўринда, янада тушунарлироқ бўлиши учун юқоридаги босқичларга изоҳ бериб ўтиш жоиздир: Яъни, дастлабки босқичда жамият ўз бизнесини, активлар тузилишини ва корпоратив бошқарувни баҳолаб, қандай нархда ва қанча акция чиқарилиши кераклигини ҳисоблайди ва шунга мос равишда компаниянинг келажакдаги капиталлашувини аниқлайди.
Дастлабки таҳлил натижаларига кўра, жамият кузатув кенгаши барча ижобий ва салбий томонларини кўриб чиқиб, IPO га чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида фикрларини акциядорлар умумий йиғилишига киритади. Агар қарор ижобий бўлса, жамият андеррайтер билан шартнома имзолайди ва IPO нинг навбатдаги тайёргарлик босқичи бошланади.
Маълумот учун: андеррайтер – бу аниқ шартнома доирасида эмитент қимматли қоғозларини чиқарилишини ташкиллаштириш ва/ёки кафолатли жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга оширувчи инвестиция воситачиси ёки тижорат банки ҳисобланади.
Иккинчи, тайёрлов босқичида андеррайтер акцияларни биржага олиб чиқишнинг барча тайёргарлик тартиби билан шуғулланади. Одатда IPO ларда бир нечта андеррайтерлар ишлайди. Бундан ташқари, акциялар жойлаштириладиган фонд биржаси танланади.
Андеррайтер компанияни баҳолайди ва бозор шароитларини инобатга олган ҳолда, бўлажак IPO параметрларини аниқлайди: жами қанча акциялар ва қандай бошланғич нархда чиқарилади, шунингдек, биржага қимматли қоғозларни чиқаришнинг энг яхши, мақбул вақти қачонлигини белгилаб беради.
Шунингдек, ушбу босқичда жамият андеррайтер билан биргаликда IPO ўтказиладиган мамлакат регулятори учун проспект тайёрлайди. Маълумот ўрнида - Россияда фонд биржаларидаги ишлар Россия банки, АҚШда Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (СЕС) томонидан назорат қилинса, Ҳиндистон, Хитой, Австралия ва Ўзбекистонда Молия вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, капитал бозори ривожланган мамлакатларда, проспектдан ташқари, андеррайтер эмитент билан инвестиция меморандумини – инвесторларга компанияга сармоя киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун зарур бўлган маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатни тайёрлайди.
Ва ниҳоят, инвесторларнинг жойлаштирилган ҳужжатларга қизиқишини ошириш учун реклама компанияси бошланади. Компания вакиллари ҳудудий молиявий марказларга саёҳат уюштиради ва шу жараёнда потенциал инвестор ва брокерлар билан учрашадилар. Бундай “Road show”лар инвесторларга жамиятнинг кўрсаткичлари ва аксияларни жойлаштириш маълумотларини очиб беради. “Road show” одатда икки-уч ҳафта давом этади.
Навбатдаги асосий босқичда, “Road show” пайтида эмитент акцияларига олдиндан аризалар йиғилади. Йиғилган аризаларга кўра, андеррайтер инвесторларнинг қанча акцияларни сотиб олишга тайёрлиги ва қандай нархда эканлиги тўғрисида маълумот олади. Халқаро тажрибага кўра, андеррайтер акцияларни IPO биржага киришидан олдин сотиб олиш ва уларни жойлаштиргандан кейин қайта сотиш ҳуқуқига эга.
Таъкидлаш керакки, агар компаниянинг IPO си шов-шувга сабаб бўлса, унда акцияларга бўлган талаб таклифдан ошиб кетади ва жамият андеррайтер билан биргаликда акциялар нархини ошириши ёки қўшимча қоғозларни чиқариши мумкинлиги юзасидан қарор қабул қилади.
Ниҳоят, якуний босқич, бунда акциялар биржада листингга киритилади ва қимматли қоғозлар муомаласи бошланади. Биржада савдолар бошланиши билан IPO қанчалик самарали эканлиги аниқ бўлади. Агар қимматли қоғозлар нархи бозор шароитларига мос келадиган бўлса, унда эмитент фонд бозорида барқарор обрў - эътиборни шакллантиришга ва унинг капиталлашувини оширишга ишонади.
Албатта, бу жараён қимматроқ бўлсада, IPO янги инвестиция имкониятларини яратиш ва соҳаларда ўсишни рағбатлантириш орқали иқтисодиётга ёрдам беради. Улар компанияларни тезроқ ривожлантиради ва бу одатда иш ўринлари яратилишига олиб келади. Кауффман жамғармаси томонидан 2012 йилда ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, 1996 ва 2010 йиллар оралиғида биржага чиқарилган 2 700 дан ортиқ компаниялар 2,2 миллион кишини иш билан таъминлаган ва жами савдоси 1 триллион доллардан ошган.
Маълумот учун: Шу билан бирга, IPOда иштирок этиш учун инвесторга (жисмоний ва юридик шахсга) брокерлик ҳисоб рақами керак бўлади. Унда акцияларга сармоя киритмоқчи бўлган маълум миқдордаги пул(жамғарма) бўлиши лозим.
Рақамлар таҳлили ёхуд IPOда янги қадамлар!
Барчамизга маълумки, коронавирус пандемияси, глобал иқтисодий инқироз, МДҲ минтақасидаги геосиёсий вазият ва халқаро санкциялар натижасида жаҳон ва минтақавий фонд бозорларида инвестициявий фаоллик секинлашди содда қилиб айтганда “иқтисодиётнинг динкасини қуритди”.
Масаланинг қизиқ жиҳати шундаки, 2022 йилда глобал IPO ҳажми 45 фоизга камайди, лекин пандемиядан олдинги вақтлар билан солиштирганда иқтисодий танг ҳолатларга қарамай, битимлар сони 16% га ошди ва муваффақиятли амалга оширилган IPOларнинг 67 фоизи Шарқий Осиё мамлакатларига тўғри келади.
Бундан хулоса қилиш мумкинки, пандемия сабабли ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий фаоллик тезлашган ҳамда рақамли иқтисодиёт ва оммавий ахборот воситаларининг (телевидения, ижтимоий тармоқлар ва ҳоказо) фаол ишитироки ҳисобига IPOлар ҳажми ошган.
Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан IPOларни муваффаққиятли амалга ошириш мақсадида тўғрида-тўғри капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан:
1. Чет эл банклари ва инвестиция воситачиларининг Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар бозорида махсус лицензия олмасдан туриб андеррайтинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.
2. Давлат корхоналари ва банклари учун оммавий таклиф жараёнлари амалга оширилади.
3. Халқаро инвесторлар учун давлат облигациялари билан савдо қилиш имкони берилди.
4. Соддалаштирилган AML/KYC жараёнлари билан депо/брокер ҳисобларини масофадан очиш имконияти пайдо бўлди.
5. Қонунчилик базаси доимий янгиланиб мустаҳкамланмоқда.
6. “Ўзбекистон республика валюта биржаси”да валюта хатарларини камайтиришга қаратилган валюта фъючерс шартномалари бўйича операциялар йўлга қўйилган.
7. Қимматли қоғозларни рўйхатдан ўтказиш, лицензия ва малака сертификатларини олиш тартиби стандартлаштирилди ва рақамлаштирилди.


Бундан ташқари, фонд бозори бўйича халқнинг молиявий саводхонлигини ошириш бўйича ўқув материаллари ва ўқув дастурлари тайёрланиб, мунтазам тизимли чоралар кўрилмоқда.
Молия вазирлиги томонидан регулятор сифатида кўрилган чора-тадбирлар натижасида, эмиссия қилинга акция ва облигация ҳажми 2018 йилга нисбатан кескин кўтарилди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан “UzAuto Motors” АЖ томонидан очиқ тендер асосида “IPO”ни ташкиллаштирувчи андеррайтер сифатида “Фреедом Финанcе” инвестиция воситачиси танлаб олинди, корхона “Тошкент” Республика фонд биржасининг биржа листингига киритилди, корхона акциялари халқаро стандартлар асосида 2,2 млрд. долл миқдорида баҳоланди.
10-20 фоиз чегирма билан бир дона акция учун нарх чегараси 72 500 – 81 500 сўм ва “ IPO” ҳажми корхона жами акцияларининг 1-2% (195,8 млрд – 391,6 млрд сўм) атрофида белгиланди, 9 та вилоят марказлари ва йирик шаҳарларида “Road show” тадбирлари ва инвесторлар учун тақдимотлар ўтказилди ҳамда буюртмалар китоби 2023 йил 15 февралга қадар республика бўйлаб аризалар қабул қилиш учун очилган.
Шу билан бирга, “Ўзметкомбинат” АЖ томонидан “Фреедом Финанcе” инвестиция воситачиси ёрдамида жамият тарихидаги илк корпоратив облигациялари (18 ойлик муддатга, 23% фоиз ставкасида) 2021 йил 28 декабрь санасида маҳаллий фонд бозорида муваффақиятли чиқарилди ва ҳозирги кунда “ IPO”га тайёргарлик жараёни кетаётган бўлиб, мазкур “ IPO” жорий йил 4 чорагида якунланиши кутилмоқда.
Бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, қувонарли жиҳат шундаки, Ўзбекистон “Тошкент” Республика фонд биржаси савдолари ҳажмини таҳлилига кўра, унда маҳаллий инвесторлар сони чет эллик инвесторлардан кўплигини кўрамиз ва шунинг учун халқчил IPO ни маҳаллий фонд бозоридан бошлаш зарурлигига ишора беради.

Кўпгина мамлакатларда COVID-19 ҳолатлари камайгани сабабли, ҳукуматлар табиий равишда иқтисодий ўсишни рағбатлантиришга эътиборини қаратади. Бу кўп қиррали ёндашув ва аниқ бажаришни талаб қиладиган муҳим вазифа. Юқорида таъкидланганидек, IPOлар иқтисодиётни қайта тиклашнинг тасдиқланган усули бўлиб, ижобий ва кенг кўламли тўлқин таъсирига эга. IPOлар фаровонлик сари айланма йўлни таклиф қилишлари мумкин бўлса-да, улар қизиқарли ва истиқболли йўналишга сармоя киритиш таклифи билан иш ўринлари яратиш ва катта инновациялар учун ишончли локоматив ҳисобланади.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тақдим этилган.
Т.ТЕШАБАЕВ,
Тошкент молия институти ректори, иқтисодиёт фанлари доктори профессор
М.МИРЗАМАҲМУДОВ,
Молия ва иқтисодиёт вазирлиги бошқарма бошлиғи