Марказий банкнинг валюта интервенциялари ва монетар олтин операциялари

Охирги янгиланиш:  03.Июл.2020 10:28 AM
1215
Марказий банкнинг валюта интервенциялари ва монетар олтин операциялари
1
Марказий банкнинг монетар олтин сотиб олиш ва валюта интервенциялари ўртасида қандай боғлиқлик мавжуд?

Маълумки, Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги интервенциялари маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан монетар олтиннинг сотиб олиниши натижасида иқтисодиётга чиқарилган пул маблағларини стерилизация қилиш мақсадида амалга оширилади.

Юзага келган “ортиқча” ликвидликнинг камайтирилиши инфляция босимининг кескин ўсиши ҳамда макроиқтисодий номутаносибликларнинг олдини олиш бўйича зарурий чорадир. Aкс ҳолда, пул массаси сотиб олинган монетар олтин қийматида қўшимча равишда ўсиб боради.

Таъкидлаш лозимки, Марказий банкнинг валюта интервенциялари олтин-валюта заҳираларининг “нейтраллиги” тамойилига асосланади.

Олти-валюта заҳираларининг “нейтраллиги” тамойили йил давомида Марказий банк томонидан ички валюта бозорида сотилган валюта маблағларининг соф ҳажми ушбу даврда сотиб олинган монетар олтин қиймати доирасида бўлишини англатади. Бошқача қилиб айтганда, Марказий банк ички валюта бозорида операцияларни амалга оширишда пул массасининг кескин ўсишининг олдини олиш вазифаларидан келиб чиқиб, мавжуд олтин-валюта заҳираларини ишлатиш ёки уларни кўпайтиришни кўзламайди.

Бундай ёндашув ўзгарувчан алмашув курси режимига мос бўлиб, Марказий банкнинг ички валюта бозорида иштирок этмаслиги ёки минимал даражада иштирокини назарда тутади.

2019 йил давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан монетар олтин сотиб олиниши натижасида 36,6 трлн. сўм пул маблағлари эмиссия қилинган (қўшимча чиқарилган) бўлиб, ушбу юзага келган “ортиқча” ликвидликни бартараф этиш мақсадида Марказий банк томонидан ички валюта бозорида 33,6 трлн. сўм эквивалентидаги хорижий валюта сотилди.

Aгарда, Марказий банк томонидан ички валюта бозорида интервенция операциялари амалга оширилмаганда, 2019 йил давомида пул массаси 
(М2 агрегати) қўшимча 36,6 трлн. сўмга ошиб, ушбу ҳолат инфляцион босимнинг кучайиши ҳамда сўмнинг алмашув курси ошишини юзага келтирар эди.

Аксарият олтин ишлаб чиқарувчи мамлакатларда олтин экспорти асосан, Марказий банк иштирокисиз, корхоналар томонидан амалга оширилади. Бунда, Марказий банкнинг ички валюта бозорида иштирокига зарурият бўлмасдан, олтин сотишдан тушган тушум ишлаб чиқарувчилар томонидан мустақил равишда ишлаб чиқариш ёки бошқа мақсадларда фойдаланилади ёки ички валюта бозорида сотилади.

Марказий банкнинг монетар олтинни сотиш операциялари қандай амалга оширилади?

Марказий банк олтин-валюта активларини самарали бошқариш (шу жумладан, халқаро қимматбаҳо металлар бозоридаги вазиятни таҳлил қилиш ва олтин нархини прогноз қилиш) ва олтин-валюта заҳираларида хорижий валютадаги ликвидликни таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, монетар олтинни сотиш операцияларини амалга оширади.

Бунда, ташқи бозорда сотилган монетар олтин ҳажми маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган ҳажмдан фарқ қилиши мумкин.

Шу билан бирга, монетар олтин экспортидан тушган хорижий валютадаги тушум ҳажми Марказий банкнинг ички валюта бозорида сотилган хорижий валюта, яъни валюта интервенцияси ҳажмига мос келмаслиги мумкин.

Халқаро заҳираларидан алмашув курсини ушлаб туриш мақсадида фойдаланиладими?

Марказий банкнинг ички валюта бозоридаги фаолияти ва унинг валюта операцияларининг алмашув курсига таъсирини баҳолашнинг билвосита кўрсаткичларидан бири йил давомида олтин-валюта заҳиралари ҳажмининг ўзгаришидир.

Статистик маълумотларга кўра, 2019 йил давомида Марказий банк олтин-валюта заҳиралари 237 млн. долларга (нархлар ўзгариши ҳисобга олинмаган ҳолда) ошиб, ушбу даврда миллий валютанинг AҚШ долларига нисбатан алмашув курси 13,9 фоизга қадрсизланди.

Бу ўз навбатида, Марказий банк валюта курсининг фундаментал ўзгаришида захира активларидан фойдаланмаганлигини кўрсатади. Миллий валюта алмашув курсининг динамикаси, ички валюта бозорида талаб ва таклиф даражасини белгилайдиган ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида шаклланди.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X