Очиқ бозор операциялари

Охирги янгиланиш:  03.Авг.2020 1:55 PM
3427
Очиқ бозор операциялари
7

Ушбу мақолада Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатини амалга оширишда муҳим воситалардан бири бўлган – очиқ бозор операциялари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Хўш, очиқ бозордаги операциялар деганда нима назарда тутилади?

Очиқ бозордаги операциялар (инглизча – “Open market operations”) - жаҳон амалиётида пул муомаласини тартибга солишнинг асосий воситаларидан бири ҳисобланиб, мамлакатдаги пул таклифи устидан назоратнинг энг мослашувчан усули ҳисобланади. Бунда, Марказий банк ўз маблағлари ҳисобидан очиқ бозорда қимматли қоғозларни сотиб олиши ва сотиши мумкин. Очиқ бозорда амалга ошириладиган операцияларда катта миқдордаги хилма-хил қимматли қоғозлар иштирок этади.

Очиқ бозордаги операциялар иқтисодиёти ривожланган мамлакатлар (АҚШ, Англия, Германия, Канада ва бошқалар)да XX асрнинг 40-йилларида давлат облигациялари бозорининг ниҳоятда кенгайиши ва уларнинг марказий банклар томонидан фаол сотиб олиниши орқали пул-кредит сиёсатининг асосий инструментига айланган бўлиб, ушбу амалиёт бугунги кунда, иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлар марказий банклари томонидан ҳам пул маблағларига бўлган таклифни назорат қилиш ҳамда тартибга солиб туришда энг муҳим дастакка айланди.

Хусусан, республикамизда ҳам 1996 йилдан 2011 йилгача давлат қимматли қоғозлари муомалага чиқарилиб, улар тижорат банклари ўртасида жойлаштирилган. 2012 йилга келиб давлат қимматли қоғозларининг муомалага чиқарилиши тўхтатилган.

Ҳозирги кунда, мамлакатимизда давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш, жойлаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича барча имкониятлар мавжуд бўлиб, бу борада етарлича тажриба шаклланган.2

Халқаро амалиётда давлат қимматли қоғозларининг доимий муомалада бўлиши нафақат давлат бюджети дефицитини молиялаштиришнинг мақбул йўли, балки мамлакат молия бозорини ривожлантиришнинг муҳим инструменти бўлиб ҳисобланади.

Ўз навбатида, Марказий банк очиқ бозор операцияларини фаоллаштириш мақсадида 2018 йилдан давлат қимматли қоғозларини муомалага чиқариш борасида Молия вазирлиги билан тегишли тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Бунда, бозорнинг фоиз ставкалари ва банк тизимида (тижорат банклари)ги ликвидлилик даражасига таъсир кўрсатиш, шунингдек, иқтисодиётдаги пул массаси ҳажми ўзгаришини мувозанатлаштириш мақсадида  Марказий банк очиқ бозорда давлат қимматли қоғозларини, шунингдек, ўзи чиқарган облигацияларни1 ҳамда бошқарув қарорига кўра бошқа қимматли қоғозларни2 сотиб олиши ва сотиши мумкин. Жорий йилда Марказий банк пул-кредит сиёсати инструментларини такомиллаштиришда давом этди ва 24 февралдан қисқа муддатли ликвидликни бошқариш инструментларини амалиётга жорий этди. Хусусан, банклар билан давлат қимматли қоғозлари гарови остида 2 ҳафталик РЕПО3 аукционлари ва 1 кунлик овернайт РЕПО операциялари ўтказилмоқда.

Марказий банк тижорат банкларидан қимматли қоғозларни харид қилиш, яъни сотиб олиш орқали банк тизими ликвидлиги миқдорини оширади. Аксинча, қимматли қоғозларни сотиш эса тескари таъсирга эга бўлиб, бу тижорат банклари ликвидлигини қисқаришига олиб келади. Ушбу операциялар Марказий банк ҳамда тижорат банклари ўртасида кечади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Марказий банк томонидан қимматли қоғозларнинг сотилиши банк тизими ликвидлигини қисқартириши, қимматли қоғозларнинг сотиб олиниши эса банк тизими ликвидлигини ошириши мумкин.

Марказий банк, ўз навбатида, банк тизими ликвидлиги жорий ҳолати таҳлили ва прогнозидан келиб чиқиб, ундаги (ортиқчалик) профицитни жалб этиш ёки (тақчиллик) дефицит юзага келганда ликвидлик билан таъминлаш мақсадида тегишли операцияларни амалга оширади.

1 Марказий банк фақат пул-кредит сиёсатини амалга ошириш мақсадида облигациялар эмиссияси (муомалага чиқариш)ни амалга оширади. Шунингдек, облигацияларнинг эмиссияси, жойлаштирилиши, муомалада бўлиши ҳамда муомаладан чиқарилиши тартиби ва шартлари Марказий банк томонидан белгиланади.

2 Хорижий давлатлар қимматли қоғозлари (облигация, вексель, депозит сертификатлари ва бошқалар) ҳамда маҳаллий корпоратив облигациялар.

3 РЕПО (инглизча “Repurchase Agreement”) – олдиндан белгиланган нархда ва келишилган муддатда қайта сотиб олиш (сотиш) мажбурияти остида қимматли қоғозларни сотиш (сотиб олиш) бўйича тузилган битим.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X