Облигациялар ўзи нима ва қандай мақсадларда чиқарилади?

Охирги янгиланиш:  03.Июл.2020 10:35 AM
1882
Облигациялар ўзи нима ва қандай мақсадларда чиқарилади?
9

Маълумки, 2020 йил январь ойидан бошлаб Марказий банк облигациялари муомалага чиқарила бошланди. Хусусан, ўтган вақт мобайнида қарийб 1,4 трлн. сўмлик облигациялар чиқарилиб, тижорат банкларига жойлаштирилди.

Марказий банк облигациялари – пул-кредит сиёсати инструменти бўлиб, фоиз ставкаларини тартибга солиш ва тижорат банкларида мавжуд ортиқча ликвидлиликни нисбатан узоқроқ муддатга жалб этиш мақсадида чиқарилади.

Халқаро амалиётда марказий банклар томонидан облигациялар жойлаштириш кенг тарқалган.

Ҳукумат ва корпоратив қимматли қоғозлардан фарқли равишда Марказий банк облигацияларининг асосий мақсади қарз мажбуриятларини жалб қилиш эмас, балки банк тизими ликвидлилигини бошқариш самарадорлигини ошириш ҳисобланади. Облигациялар қисқа муддатли банк ликвидлилигини жалб қилишга мўлжалланган бўлиб, 1 йилгача бўлган муддатгачиқарилади.

Бунда, тижорат банклари ликвидлилик бўйича ўрнатилган нормативларни бажариш учун, шу жумладан, молиявий бозорлар яхши ривожланмаган ва бошқа ликвид инструментлар етишмаган ҳолатда, маълум миқдордаги маблағларни банк кассасида ёки Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағида сақлаб келади.

Бироқ, мазкур маблағлар ҳеч қандай даромад олиб келмайди. Марказий банк облигацияларининг муомалага чиқарилиши эса тижорат банклари учун юқори ликвидли активга эга бўлиш билан бир қаторда, маълум миқдорда даромад олиш имкониятини беради.

Марказий банк облигациялари тижорат банклари учун етарлича жозибадор инструмент ҳисобланади, чунки мазкур облигациялар хатарларсиз маълум миқдордаги кафолатланган даромад олиш имконини беради. Облигациялар, юқори ликвидлик бозор инструменти ёки гаров таъминоти бўлганлиги учун, тижорат банкларининг кредитлаш имкониятларини чекламайди.

Облигацияларни жойлаштириш эркин бозор шароитида аукцион ўтказиш орқали амалга оширилади. Тижорат банклари  сотиб олиш зарурияти ва ҳажми тўғрисидаги қарорларини мустақил қабул қиладилар.

Агар тижорат банкларида қўшимча ликвидлиликка бўлган талаб облигацияни сўндириш муддатидан олдин юзага келса, ушбу облигациялардан гаров сифатида фойдаланиб Марказий банкдан ёки бошқа тижорат банкларидан кредит олиши мумкин. Бундан ташқари, исталган пайтда банклар ушбу облигацияларни иккиламчи бозорда ёки Марказий банкнинг ўзига қайта сотишлари мумкин.

Умуман олганда, Марказий банк облигациялари қуйидаги асосий мақсад ва вазифаларни учун хизмат қилади:

биринчидан , пул бозори фоиз ставкаларини бошқаришга ва уларнинг Марказий банк асосий ставкасига яқин даражада шаклланишига хизмат қилади;

иккинчидан, тижорат банклари учун белгиланган нормативлар доирасида ликвидлиликни самарали бошқариш ҳамда бир вақтнинг ўзида даромад олиш имконини беради ва бу банкнинг кредит операциялари бўйича фоиз ставкаларини туширишга имкон беради;

учинчидан, молия бозорининг ривожланиши ва “даромадлилик эгри чизиғи”нинг шаклланиши учун зарур бўлган, фоиз ставкаларни белгилаш бўйича асос (бенчмарк) бўлиб хизмат қилади.

Маълумот учун: “даромадлилик эгри чизиғи” молиявий инструментларнинг (масалан, облигацияларнинг) муомала муддатига боғлиқ фоиз ставкаларидаги ўзгарувчанликни кўрсатади. Одатда, облигацияларнинг муомала муддати қанчалик узоқ бўлса, унинг даромадлиги шунчалик юқори бўлади.

тўртинчидан, Марказий банк облигацияларининг муомалага чиқарилиши пул ва молия бозорининг бошқа тармоқлари ривожланишига имконият яратувчи асосий инструмент сифатида қаралади.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X