Ҳар бир инсон шикастланган пулларга дуч келган ва бундай пуллар билан тўловларни амалга ошириш мумкинми деган савол кўпчиликни қизиқтиради. Аниқлик киритамиз!
Қуйидаги шикастланган банкнотлар товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ва банкка топшириш мумкин:
- ҳар қандай қисмида тешик ёки йиртилиш бўлган, қоғози сийқаланган (ишқаланиш оқибатида юпқалашиб, юмшоқ қоғоз кўринишига келиб қолган) ҳамда доғлари бўлган ва турли расм ва (ёки) ёзувлар ёзилган банкнотлар;
- йиртилиб бўлакларга ажралган ва елимланган пуллар - агар пулнинг қисмлари шубҳасиз битта банкнотга тегишли бўлса;
- бўёқ моддалари ёки кислота тўкилган, табиий ранги ўзгарган, куйган, бўялган ёки чизилган пуллар;
- банкнотнинг айрим қисмига (ёки қисмларига) ёзилган ёзувлар ёки бўялган (бўёқ тўкилган) жойи банкнот умумий ҳажмининг 5 фоизидан ошмайдиган банкнотлар;
- банкнотнинг йиртилган, тешилган жойини диаметри ёки йиртилиб тушган бурчаги (қисми) 1 см.дан ошмайдиган банкнотлар;
- ранги кескин тарзда ўзгармаган банкнотлар;
- "Давлат Белгиси" ДИЧБ корхоналари томонидан нуқсонли банкнот ва тангалар ишлаб чиқарилганлиги аниқланса, банк ҳеч қандай монеликсиз, Марказий банкнинг Ҳисоб-китоб касса марказларида, уларни "муомалага яроқли" пулларга алмаштириб олишлари мумкин;
- ҳимоя белгилари мавжуд бўлган банкнот бир нечта бўлакларга бўлинган бўлиб, унинг банкнот умумий ҳажмининг 55 фоизидан ортиқ қисми мавжуд бўлиб, унда пулнинг серияси ва тартиб рақами қайд этилган қисмлари сақланиб қолмаган бўлса ҳам бундай банкнотлар "тўловга яроқли" ҳисобланади;
Қайси ҳолларда банкнотлар тўловга яроқсиз ҳисобланади?
Банкнота қуйидаги ҳолларда тўловга яроқсиз ҳисобланади:
- Банкнот умумий ҳажмининг 55 фоизидан кам қисми сақланиб қолган бўлса;
- тегишли ҳимоя белгиларига эга бўлмаган банкнотлар яъни "қалбаки" пуллар;
- банкнотдаги унинг номинал қийматини акс эттирувчи ёзув ва рақамларни ўзгартириш орқали ҳосил қилинган "сохта" пуллар ҳам "тўловга яроқсиз" пуллар ҳисобланади.