Кобейджинг карталари: қандай ишлайди ва ўзига хослиги нимада?

Охирги янгиланиш:  22.Июл.2021 10:51 PM
1470
Кобейджинг карталари: қандай ишлайди ва ўзига хослиги нимада?
4

Кўпчиликка шундай ҳолат танишки, дўконларда харидларни амалга ошириш учун – алоҳида банк картаси, онлайн харидлар ва чет элга сафарлар учун эса – алоҳида халқаро/чет эл валютаси карталари зарур бўлади. Хизмат сафарига ёки саёҳатга йўл олсак, халқаро картамизга олдиндан пул ўтказишимиз, тугаб қолган тақдирда эса, асосий картамиздан яна пул кўчиришимиз ёки банкка мурожаат қилишимизга тўғри келади. Ушбу жараёнларнинг барчаси вақт, эътибор ва қўшимча маблағ талаб қилади.

Харидларни янада тезкор, фойдали ва хавфсизроқ амалга ошириш, шунингдек алоҳида карта учун қўшимча маблағ сарфламаслик учун кобейджинг карталари мавжуд.

Кобейджинг карталари ўзи нима?

Кобейджинг карталари - бу иккита тўлов тизими билан ишлаш имконияти мавжуд бўлган карталар ҳисобланади. Ушбу карталар ёрдамида алоҳида халқаро карта очиш, у бўйича қўшимча комиссия тўлашга ва вақт сарфлашга ҳожат қолмайди.

Кобейджинг карталарининг ўзига хослиги нимада?

  • Ушбу турдаги банк карталари 2 та анъанавий банк карталарининг ўрнини босади ва шу билан янада тезкор, тежамкор ва қулай молиявий восита ҳисобланади;
  • Харидлар ва тўловларни амалга оширишда карта эгаси ҳар сафар тўлов тизимини танлашига ҳожат йўқ, тизим автоматик равишда уланган тўлов тизимларидан қайси бири қулай эканлигини танлайди. Шунингдек, карта эгаси маълум бир операция учун комиссия тўловлари арзон бўлган тўлов тизимини ўзи танлаши ҳам мумкин;

  • Кобейджинг карталаридан нафақат POS-терминаллар, балки дунё бўйлаб онлайн дўконлар орқали харидлар қилиш учун мамлакат ҳудудида ва чет элда бирдек фойдаланиш имконияти мавжуд;
  • Ушбу карталар чет эл валютасида тўловлар амалга оширилганда бир зумда сўмдаги маблағларни автоматик тарзда конвертация қилиш имконини беради;
  • Кобейджинг карталарида замонавий технологиялар мавжуд (NFC ёрдамида контактсиз тўлов усули, бир неча даражали ҳимоя тизими ва б.)

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда “Uzcard-МИР”, “Uzcard-UnionPay”, “Uzcard-VISA”, “Uzcard-Mastercard”, “Humo-VISA” ҳамда “Humo-MasterCard” кобейджинг карталарини очиш ва улардан фойдаланиш имконияти мавжуд.

Шунингдек, виртуал кобейджинг карталарини очиш ҳам мумкин. Виртуал карталарнинг хусусиятлари ва афзалликлари билан танишиш учун ушбу ҳаволага ўтинг

Кобейджинг картасини очиш учун сиз банкка мурожаат қилишингиз ва керакли маълумотларни тақдим этишингиз зарур. Шуни унутмангки, танишларингиз, дўстларингиз ёки қариндошларингиз номига банк картасини очиш мумкин эмас; банк картаси эгасининг шахсан ўзи бўлиши ва тасдиқлаши талаб қилинади. Хизмат тарифлари ва кобейджинг карталари бўйича қўшимча имкониятлар тижорат банки томонидан белгиланади.

Кобейджинг карталари қандай кўринишга эга?

Кобейджинг карталарининг анъанавий карталардан ажралиб турадиган жиҳати шундаки, картанинг олд томонида иккала тўлов тизимининг логотиплари ва орқа томонида магнит чизиқ, имзо учун жой ҳамда CVC ёки CVV кодлар жойлашган бўлади (имзо учун жой ёнидаги етти хонали рақамнинг охирги 3 рақами). CVC ёки CVV кодлар хавфсизлик коди ҳисобланиб, улар ёрдамида банк сизни тўлов реквизитларига эга бўлган ҳақиқий карта эгаси сифатида аниқлай олади.

кобейжинг-карта6

CVC ёки CVV кодларини (хавфсизлик кодларини) бошқа шахсларга ошкор этиш жуда хавфли, чунки молиявий фирибгарликнинг қурбонига айланиш эҳтимоли жуда юқори бўлади.

Кобейджинг карталаридан фойдаланган ҳолда онлайн харидларни амалга оширишда хавфсизликни таъминлаш учун қуйидаги қоидаларга риоя қилинг:

  1. Картангиз суратини интернет тармоқларида жойлаштирманг ва мессенджерлар орқали ҳеч кимга юборманг! (ҳаттоки яқин дўстларингизга ҳам, чунки сизнинг аккаунтингиз бегоналар томонидан бузиб кирилиши мумкин);
  2. Интернетда ҳеч кимга шахсий маълумотларингизни, кобейджинг картаси ПИН-кодини, картангиздаги операциялар тарихини ва айниқса, CVC ва CVV кодларни ошкор қилманг;
  3. Номаълум манбалардан олинган дастурларни компьютерингизга ва мобил телефонингизга ўрнатманг;
  4. Фақат таниқли ва ишончли онлайн-дўконларнинг ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг веб-сайтларидан фойдаланинг;
  5. Фақат ўз компьютерингиздан харидларни амалга оширишга ҳаракат қилинг. Агар бошқа бировнинг компьютеридан фойдалансангиз, операцияни тугатгандан сўнг, шахсий ва бошқа маълумотларингизни компьютердан ўчирганингизга ишонч ҳосил қилинг.



Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён нима?

Банк картаси нима?

Банк картаси нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X