Пул ўтказмаларини амалга оширишда хатога йўл қўйсангиз ёки пул маблағлари қабул қилувчига етиб бормаса нима қилиш зарур?

Охирги янгиланиш:  02.Апр.2021 4:51 PM
4246
Пул ўтказмаларини амалга оширишда хатога йўл қўйсангиз ёки пул маблағлари қабул қилувчига етиб бормаса нима қилиш зарур?
11

Тасаввур қилинг, сиз банк картаси рақамини теришда адашдингиз ва пул ўтказмоқчи бўлган шахсга эмас, умуман бошқа инсонга пул ўтказдингиз, ёки сизнинг ҳисобингиздан пуллар ечиб олинди, аммо қабул қилувчига улар етиб бормади, ёки мобил алоқа хизматларига пул тўлашда телефон рақамини хато киритдингиз, ёки бўлмаса пул мобил телефон рақамингизга келиб тушмади.

Бундан ташқари, шундай вазият бўлиши мумкинки, сиз савдо терминал орқали тўлов амалга оширдингиз ва картангиздан нотўғри сумма ечилгани маълум бўлди. Бундай ҳолатларда нима қилиш зарур? Банк хизматлари истеъмолчиларида ушбу саволлар кўп учрашини инобатга олган ҳолда, ҳар бир вазиятни алоҳида кўриб чиқамиз:

Мобил алоқа хизматларига пул тўлашда юзага келувчи хатолик

Бунда икки хил ҳолат кузатилиши мумкин:

  1. Сиз тўловни амалга оширдингиз, банк картангиздан пул ечиб олинди, аммо мобил телефон ҳисоб рақамингизга пул келиб тушмади. 5-10 дақиқа кутиб туриб, мобил телефон ҳисобингизни қайта текшириб кўришингиз лозим. Агар пуллар мобил телефон ҳисобингизда кўринмаса, сиз тўлов хизматларини етказиб берувчининг ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Улар тўлов ҳақиқатдан амалга оширилганлиги ва керакли ҳисобга тушмаганлигини текшириб кўришади ва пулингизни ёки банк картангизга қайтариб ўтказиб ёки мобил телефон ҳисобингизга тушириб беришади.
  2. Иккинчи ҳолат – сиз адашиб пулни нотўғри мобил телефон ҳисоб рақамига ўтказиб юбордингиз. Ушбу вазиятда сиз тўловни қаердан амалга оширган бўлсангиз, ўша ташкилотга мурожаат қилишингиз зарур – мобил алоқа операторларига, агар уларнинг мобил иловалари ёки хизмат кўрсатиш офислари орқали тўлаган бўлсангиз.

Картадан картага пул ўтказишда юзага келиши мумкин бўлган хатолар

Баъзи ҳолларда, мобил иловалар орқали пул ўтказаётганда сизнинг картангиздан пул ечиб олинади, аммо қабул қилувчининг банк картасида кўринмайди. Бунда сиз биринчи навбатда пул ўтказмасини амалга оширган тўлов хизматларини етказиб берувчига мурожаат қилишингиз лозим. Банк ёки тўлов ташкилоти сизнинг операцияларингизни текшириб кўради ва агар пул ўтмай қолган бўлса, носозликларни бартараф этади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам хавотирга ва асабийлашишга ўрин йўқ. Пулларингиз йўқолиб қолмайди. Муҳими, тўловни амалга оширганингиз тўғрисида электрон ҳужжат – чекни сақлаб қўйиш (барча мобил иловаларда ҳар бир операция амалга оширилганидан сўнг электрон чекни юклаб олиш имконияти мавжуд).

Агар сиз банк картаси рақамини нотўғри киритган бўлсангиз

Нотўғри киритилган рақам бўйича банк картаси мавжуд бўлмаса, ўтказма автоматик тарзда бекор қилинади.

Бироқ, сиз янглиш тарзда нотаниш картага пул ўтказиб юборган бўлсангиз, қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

  1. Пул ўтказмасини амалга оширган тўлов хизматларини етказиб берувчи ёки картангизни эмиссия қилган банкка мурожаат қилиб вазиятни тушунтиришингиз зарур (қўнғироқ қилишингиз ёки телеграмм-бот орқали);
  2. Пул ўтказмасини бекор қилиш имкони бўлмаса, банкка бориб нотўғри ўтказилган пулларни қайтариш тўғрисида ариза ёзишингиз зарур. Пул ўтказмасини айнан хатолик туфайли амалга оширганингиз бўйича ишончли далиллар келтира олсангиз, банкингиз карта эгаси билан боғланиб нотўғри пул ўтказмаси ҳақида хабардор қилиши мумкин. Аммо, пул ўтказмаси хато амалга оширилганини исботлаш бирмунча қийин, чунки карта эгаси хизмат кўрсатилганлигини ёки сизнинг ундан қарзингиз бўлганлигини айтиши мумкин.
Қандай тўлов операциясини амалга оширишингиздан қатъий назар, маълумотларни эътибор билан киритиш ва қайта текшириш зарур – маблағларни ўтказиш амалиёти тасдиқланишидан аввал экранда банк картаси эгасининг фамилия ва исми кўрсатилади ва бунга албатта алоҳида эътибор қаратишингиз жоиз. Бу сизни анчагина вақт ва куч йўқотишдан асраб қолиши мумкин.

Сизнинг банк картангизга адашиб пул тушса нима қилиш лозим?

Биринчи навбатда, сизнинг ҳисобингизга пуллар ҳақиқатдан нотўғри ўтказилганлигига ишонч ҳосил қилиш зарур. Балки, сизга бу пуллар тўғри ўтказилган: бирор танишингиз қарзини қайтарган ёки иш жойингизда қайта ҳисоб-китоб қилиниб пул маблағлари ўтказилган бўлиши мумкин ва ҳ.к.

Агар сиз банк картангизга пул хатолик туфайли ўтказилганлигига амин бўлсангиз, картангиз эмиссия қилинган банкка мурожаат қилинг. Балки, сизга адашиб пул ўтказган шахс ўз банкига пулни қайтариш бўйича ариза билан мурожаат қилиб улгурган. Агар мурожаат қилмаган бўлса, сизнинг банкингиз, қайси банк ҳисоб рақамидан сизга пул келиб тушган бўлса, ўша банк билан боғланади ёки пул ўтказган шахс сиз билан бир банкнинг мижози бўлса, банк картаси эгаси билан боғланиб, нима мақсадда пул ўтказганлигини аниқлайди. Агар у банк картаси рақамини адашиб хато киритгани ва энди нима қилишини билмаётганини айтса, банк сизнинг ҳисобингиздан пулни қайтариб ўтказиб беради.

Муҳим!!! Агар сизга қўнғироқ қилиб ўзини банк ходими сифатида таништириб сизнинг картангизга хато пул келиб тушганлигини айтишса, пулларни қайтариб ўтказишни ёки картангиз реквизитларини айтишни сўрашса, ишонманг! Банк ходимлари сизга қачон ва қанча миқдорда пул келиб тушганлигини аниқ айта олишади ва фақат сиз тасдиқлаганингиздан сўнг, картангиздан пул ечиб олишади.

Банк ходимлари карта реквизитларини, ПИН-код ва СМС хабарномадаги кодларни ҳечқачон сўрашмайди.

Агар банк картангизга ҳақиқатдан пул келиб тушган бўлса ҳам, кимдир сизга қўнғироқ қилиб сизда ачиниш ҳиссини уйғотиб пулларни банк картасига ўтказиб беришингизни илтимос қилса ҳам (пул қайси банк картасидан юборилган бўлса, ўша картага эмас, бошқа картага), ишонманг – бу фирибгарлар! Дарҳол картангиз эмиссия қилинган банкка мурожаат қилинг ва пулларни юборилган картага қайтариб ўтказилишини талаб қилинг, ҳушёр бўлинг!

Савдо терминали орқали тўлов амалга оширилганда муаммо вужудга келса нима қилиш лозим?

Дейлик, дўконда маҳсулотлар харид қилдингиз, сартарош хизматларидан фойдаландингиз, дўстларингиз билан кино ёки бошқа хордиқ чиқариш масканларига бордингиз, ресторанда оилангиз билан овқатландингиз ва банк картангиз орқали савдо терминалидан пул тўладингиз. Сизга чекни беришганда эса, картангиздан нотўғри сумма ечилганлиги маълум бўлди (масалан, 20 минг сўм ўрнига 200 минг сўм) ёки бир хил сумма икки марта кетма-кет ечилди. Бу ҳолатда нима қилиш керак? – хавотирга тушишга шошилманг.

HUMO тўлов тизимининг банк карталари орқали савдо терминалидан нотўғри пул ечилганда, мазкур тўловни терминал орқали бекор қилиш имконияти ҳам мавжуд, бунда онлайн инкассация амалга оширилмаган бўлиши лозим. Бошқа ҳолларда нотўғри ечилган пул маблағлари банк-эквайер томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти аризаси асосида мижознинг банк картасига қайтарилади.

(!) Бундай муаммоларни олдини олиш учун кассада савдо терминалга ПИН-кодни шахсан ўзингиз киритишни талаб қилишингиз зарур. ПИН-кодни киритиш мобайнида тўлов суммасини яна бир бор текширишингиз ва хатолик бўлса кассир бир зумда тузатиши мумкин.  




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён нима?

Банк картаси нима?

Банк картаси нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X