USSD-банкинг афзалликлари

Охирги янгиланиш:  02.Апр.2021 5:04 PM
684
USSD-банкинг афзалликлари

Шаҳар ташқарисида, интернетга уланиш имконияти мавжуд бўлмаганда, банк офислари, инфокиоскалар ва тўлов тизимлари хизмат кўрсатиш пунктларидан узоқда бўлган вақтингизда ҳисоб рақамингизни қандай бошқаришингиз ва тўловларни амалга оширишингиз мумкин? Бундай имкониятни USSD-банкинг хизмати тақдим этади.

USSD-банкинг ўзи нима?

USSD-банкинг – интернет тармоғига уланмаган ҳолда масофадан туриб банк картаси бўйича тўлов ва пул ўтказмалари операцияларини бажариш имконини берувчи рақамли банкинг хизмат турларидан бири.

USSD-банкинг хизматларидан исталган мобил телефон орқали фойдаланиш мумкин. Бунинг учун ҳеч қандай мобил иловани юклаб олиш ҳам талаб этилмайди. Телефон рақамингиз ҳисобида маблағ бўлмаганда ва ҳатто телефон рақамингиз блокланган вақтда ҳам USSD сўровлар юбориш имконияти мавжуд.

Ҳозирда USSD сўровлар ёрдамида қуйидаги операцияларни амалга ошириш имконияти мавжуд:

  • Банк ҳисоб рақами балансини аниқлаш;
  • Мобил операторлар, коммунал хизматлар, интернет провайдерлар, вэб-сайтлар, ва бошқа қатор хизматлар, жумладан, давлат хизматлари, жарималар, кредитни сўндириш бўйича тўловларни амалга ошириш;
  • Бошқа фойдаланувчиларига пул маблағларини юбориш;
  • Бир ҳисоб рақамидан бошқасига пул маблағларини ўтказиш;
  • “Автотўлов” хизматини ёқиш ва мобил ҳисоб рақамингизни мунтазам “актив” ҳолатда тутиш;
  • Тўловлар тарихини мониторинг қилиш;
  • Банк ҳисоб рақами бўйича SMS-хабарнома

USSD – банкинг хизматларидан фойдаланиш учун қуйидаги амаллар кетма-кетлигини бажаришингиз керак бўлади:

  1. UZCARD картангизга банкомат орқали ва HUMO банк картангизга банк кассаси орқали SMS-хабарнома улаш;
  2. Мобил телефон орқали тегишли тўлов оператори, ёки тижорат бинкининг қисқа USSD рақамини териш;
  3. Шундан сўнг сизга аризангиз қабул қилингани тўғрисида SMS-хабар юборилади ва 15 дақиқа ичида USSD сўровни қайтадан юбориб PIN код яратиш сўралади.
Муҳим!!! PIN код бошқаларга маълум бўлмаслиги керак, аммо ўзингиз эслаб қолишингиз учун қулай бўлиши лозим. Шунингдек, USSD-менюга биринчи марта кирганингизда сиздан  ўзингизга қулай тилни танлашни таклиф қилади. Кейинчалик тилни “созламалар” бўлимидан ўзгартириш мумкин.

Агарда банк карталарингиз икки ёки ундан кўп бўлса сиз USSD-сўровлар ёрдамида тўловларни амалга ошириш учун асосий картани танлашингиз лозим бўлади.

Маълумот учун, қуйидаги жадвалда тўлов тизимлари ва тижорат банкларининг қисқа USSD рақамлари келтирилган:

Ташкилот номи қисқа USSD рақами
CLICK *880#
PayMe *505#
АКБ Капиталбанк *799#



Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Банк картаси нима?

Банк картаси нима?

Электрон ҳамён нима?

Электрон ҳамён нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X