Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Охирги янгиланиш:  13.Июн.2022 11:48 AM
3561
Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг
14

Сизнинг қўлингизда ҳунарингиз бор, жисмоний ва юридик шахсларга маиший ва техник хизмат кўрсатасиз, хусусий репититорлик, тренерлик ва консультантлик ёки таржима қилиш хизматлари билан шуғулланасиз, ижтимоий тармоқларда фаолият юритасиз, дастурлаш хизматларини тақдим этасиз1. Демак, билингки, сиз ўзини ўзи банд қиладиган шахс – фрилансер ҳисобланасиз.

Ҳозирги кунда, ўзини ўзи банд қиладиган шахслар ўз фаолиятини давлат солиқ қўмитасидан рўйхатдан ўтказиш орқали иш стажига эга бўладилар. Бунинг учун ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида солиқ идоралари ёки Давлат солиқ қўмитаси мобил иловасидан рўйхатдан ўтиб, йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг 50%и, яъни 122 500 сўмни тўлаш орқали бир йиллик иш стажига эга бўлишингиз мумкин. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади. Шу орқали сиз ўз пенсиянгизни таъминлашингиз мумкин.

Ўзини ўзи банд қиладиган шахс сифатида рўйхатдан ўтиш учун қуйидагиларни амалга оширинг:

  • Давлат солиқ қўмитасининг “Soliq” мобил иловасини юкланг ва ўрнатиб олинг;
  • Ўзини ўзи банд қилиш бўлимига ўтинг;
  • ЖШШИР (ПИНФЛ) рақамини (паспортдаги 14 рақам)
    ва телефон рақамингизни киритинг;
  • Телефон рақамингизга келган тасдиқлаш кодини киритинг ва тасдиқлаш тугмасини босинг;
  • Фаолият турини қўшинг;
  • Фаолият жойини танланг ва рўйхатдан ўтиш тугмасини босинг;
  • QR кодингизни юклаб олинг.
Эслатма! Иловада хизмат ва маҳсулотингизни бепул реклама қилиш, буюртма олиш, даромад ва харажатлар ҳисобини юритиш имкониятига эга бўласи.

Рўйхатдан ўтиш солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунинг учун сизга soliq.uz сайтига кириш учун интернет бўлиши лозим.

Агар сизда смартфон ва интернетга уланиш имконияти бўлмаса, меҳнат фаолиятини амалга оширадиган ҳудудингиздаги давлат солиқ органига мурожаат этинг. У ерда сизга солиқ органи ходими кўмаклашади. Рўйхатдан ўтиш учун эса паспортингиз бўлса кифоя.

Эслатма! Рўйхатдан ўтиш мутлақо текин!

Яна бир ажойиб янгилик! Эндиликда, «Номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш» фаолияти ҳам ўзини ўзи банд қиладиган шахслар сафига киритилди2.

Ўзига хос вазиятлар таҳлили:

Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шартнома асосида ташкилотлар (юридик шахслар)га бир марталик хизматлар кўрсатиши мумкин. Кўрсатилган хизмат эвазига тўланган ҳақ ҳисобидан солиқ тўланмайди.

Масалан: гилам ишлаб чиқариш корхонасининг 5 нафар ишчи ходимларига махсус кийим тиктириш учун тикувчи хизматидан фойдаланилди ва хизмат эвазига 500 000 сўм миқдорида бир марталик ҳақ тўланди. Тикувчи ўзининг 500 000 сўм миқдоридаги даромади учун солиқ тўламайди.

Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар топаётган даромади солиққа тортилмайди.

Масалан: мижозларига хизмат кўрсатиб ўзини ўзи банд қиладиган сартарош ўз даромадидан солиқ тўламайди.

Агар ўзини ўзи банд қилган шахс меҳнат фаолиятини тугатмоқчи бўлса, олдиндан давлат солиқ хизмати органига фаолиятни тўхтатиш тўғрисидаги билдиришномани «SOLIQ» махсус мобил иловаси ёки шахсий кабинет орқали юбориши лозим.

Масалан: агар тикувчи ўз фаолиятини маълум сабабларга кўра тугатмоқчи бўлса, бу ҳақда «SOLIQ» мобил иловаси ёки шахсий кабинет орқали солиқ хизмати органларига маълум қилиши лозим.
Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида кредитлар олиши мумкин. Ушбу дастур доирасида кредитлар Агробанк, Микрокредитбанк, Халқбанки томонидан ажратилади.

Кредитнинг асосий шартлари:

  • Суммаси:
  • - таъминотсиз БҲМнинг 150 баробаригача, яъни 36 750 000 сўмгача;

    - таъминот билан БҲМнинг 1000 баробаригача, яъни 245 000 000 сўмгача (бунда, банкдан ҳисобрақам очиш зарур);

  • Муддати: 3 йил, 6 ой имтиёзли давр билан
  • Фоизи: 16% 

Зарур ҳужжатлар:

  • Ариза;
  • Паспорт нусхаси;
  • Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбари тавсияномаси;
  • Туман оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази хулосаси;
  • Маҳсулот етказиб берувчилар билан тузилган шартнома.

Эътибор қаратинг! Кредит бўйича қўшимча маълумотларни тижорат банкларининг веб-сайтларига кириб ёки call-марказга қўнғироқ қилиб батафсил билиб олишингиз мумкин.


1 Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари РЎЙХАТИ, ЎзР Президентининг 08.06.2020 йилдаги ПҚ-4742-сонли қарорига илова

2 ЎзР ВМнинг 2020 йил 23 декабрда қабул қилинган «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 806-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида»ги Низом




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ёшлар тадбиркорлиги учун янги имкониятлар

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Ўзини ўзи банд қиладиган шахсларга яратилган имкониятлардан фойдаланинг

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X