Кўп бериладиган саволлар
Кўп бериладиган саволлар
Чет эл валютасида банк картасини қандай очиш мумкин?
Чет эл валютасида банк картасини очиш учун тижорат банкка ташриф буюрган ҳолда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжатни тақдим этиш ҳамда карта чиқариш учун тўловни амалга ошириш керак. Банк картаси одатда 1-3 иш куни ичида тайёр бўлади. Баъзи банкларда банк картасини очиш бўйича аризани онлайн тарзда тақдим этиш каби қулайликлари мавжуд.
Миллий валютада очилган банк картасига қандай қилиб смс-хабарномани ёқтириш мумкин?
Миллий валютада очилган банк картасига смс-хабарнома хизматини банк картаси берилган банкда ёки банкомат орқали ёқтириш мумкин (одатда банкоматлар банклар яқинида ва жамоат жойларида жойлаштирилади). Баъзи банкларда HUMO тўлов тизимининг банк карталарига смс-хабарнома хизматларини мобил иловалар орқали улаш имконияти мавжуд.
Чет эл валютаси банк карталаридаги CVV-код нима?
CVV-код банк картасининг орқа томонида кўрсатилган уч хонали рақам (код)дир. Қоидага кўра, картанинг орқа томонида кўрсатилган 7 та рақамнинг оҳирги 3 та рақамидир. Шуни таъкидлаш керакки, хавфсизликни таъминлаш мақсадида CVV-кодни учинчи шахсларга маълум қилмаслик тавсия этилади, чунки бу маълумотлар сизнинг картангизни интернет орқали бошқариш имконини беради.
Банк картаси йўқолган тақдирда нима қилиш керак?
Банк-эмитентга қўнғироқ қилиб, банк картасининг йўқолганлиги ҳақида хабар берилиши зарур, бунда банк картаси блокировка қилинади. Шундан сўнг, йўқотилган банк картасини қайта тиклаш учун банкка ариза топширилади. Шуни таъкидлаш жоизки, айрим банклар банк картасини блокировка қилиш ёки блокировкадан чиқариш амалиётларини банкнинг мобиль иловаси орқали амалга ошириш имкониятини тақдим этади.
Оилавий карталарнинг афзалликлари нимадан иборат?
Оилавий карталарнинг қуйидаги афзалликлари мавжуд:
1. бир банк ҳисобварағига боғланган оилавий карталар ўртасидаги пул ўтказмалари учун воситачилик ҳақлари ундирилмайди;
2. оилавий карта эгаси смс-хабарномани фаоллаштириш орқали унга уланган оилавий карталар орқали амалга оширилган барча операциялардан хабардор бўлиши мумкин;
3. картанинг бу тури мижозларга битта ҳисобварақни бошқариш ҳамда ҳар бир уланган оилавий карта учун чеклов белгилаш имкониятини беради.
Менинг акам Россияда. Яқинда у шу кунгача фойдаланиб келган VISA картасини йўқотиб қўйган ва унинг ичида пуллари қолган. Йўқотилган VISA картадаги пулларни қандай йўл билан олса бўлади, Россиядаги банклар орқалими ёки яна бошқа йўллари борми?
Агар VISA банк картаси Ўзбекистондаги тижорат банкларига тегишли бўлса, у ҳолда мурожаатда баён этилган масалаларни қуйидаги йўллар билан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ бўлади:
Биринчи – банк картаси йўқолган фуқаро хизмат кўрсатувчи банкига мурожаат қилиши ҳамда тегишли идентификациядан ўтган ҳолда, йўқотилган банк картасини ёпиши мумкин. Шундан сўнг, фуқаро Россиянинг ихтиёрий банкида карта очтириб, унинг реквизитларини Ўзбекистондаги банкига етказиш орқали картадаги қолдиқ маблағларни ўтказиб олиши мумкин;
! Бугунги пандемия шароитида банкга сўров ва мурожаатларни унинг коммуникация каналлари орқали (колл-маркази, расмий сайт ва ижтимоий мессенжерлар) йўллаш тавсия этилади.
Иккинчи – фуқаро йўқотилган банк картасини банк мобил иловасига улаган бўлса, VISA картадаги маблағларни Россия банкида очтирган бошқа янги VISA картасига ўтказиб олиши билан бир қаторда, йўқотилган банк картасини блокировка ҳам қилиш имконияти мавжуд;
Учинчи – фуқаро юқорида баён этилган тартибда хизмат кўрсатувчи банкка мурожаат қилиши ва ўзига яқин бўлган шахсга ишончнома бериш билан йўқотилган картасини ёпиши мумкин. Шундан кейин, ундаги қолдиқ маблағлар ишончнома берилган шахс томонидан олиниши ва халқаро пул ўтказмалари тизими орқали Россияга жўнатилиши тавсия этилади.
Нега банклар пул маблағларини банкоматлар орқали нақдлаштиришда комиссия тўловлари (фоизлар)ни ундиришади?
Қонунга кўра, банклар комиссия тўловларини белгилашда мустақилдирлар. Шуни таъкидлаш керакки, пул маблағларини нақдлаштиришдан тушган тушумларнинг маълум қисми банкоматларни сотиб олиш ва сақлаш, шунингдек, жой ижараси билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилади. Шу билан бирга, хизмат кўрсатувчи банкда банк картасидаги пул маблағларини комиссия тўловларисиз нақдлаштириш имконияти мавжуд.
Банк картанинг пин-кодини қандай алмаштириш мумкин?
UZCARD ва HUMO миллий тўлов тизимларининг банк карталари учун ўрнатилган пин-код исталган савдо терминали, банкомат орқали ёки банк картаси очилган банкда ўзгартириш мумкин. Халқаро тўлов тизимлари банк карталари сақловчилари эса пин-кодни банкоматларда ва хизмат кўрсатувчи банкларда ўзгартиришлари мумкин.
Электрон ҳамён нима?
Электрон ҳамён - электрон пуллар тизимининг дастурий таъминотидир. У микропроцессор (чип) ва электрон пулларни сақловчи ва ундан фойдаланиш имконини берувчи дастурий-техник қурилма. Электрон ҳамён электрон пуллар тизимида ҳар бир электрон пул эгаси учун шакллантирилади.
Банк картасининг муддати тугаган тақдирда нима қилиш керак?
Банк картасининг муддатини узайтириш мумкин эмас. Картанинг амал қилиш муддати тугаган тақдирда банкка бевосита мурожаат қилиб ёки банкнинг веб-сайти ҳамда мобиль иловалари ёрдамида янги банк картасини чиқариш бўйича ариза топшириш керак бўлади.
Менинг ҳисобварағимга пул маблағи келиб тушди. Жўнатувчи ким эканлигини қандай билса бўлади?
Пул маблағларининг жўнатувчисини банкнинг ёки тўлов ташкилотининг мобиль иловасидан билиб олиш мумкин. Таъкидлаш керакки, бундай хизматни барча банк ёки тўлов ташкилотлари таклиф этмайди.
Банк картаси йўқолганлиги тўғрисида банкни хабардор қилганимдан ва карта блокировка қилинганидан сўнг банк картаси топилди. Нима қилиш керак?
Бундай ҳолатларда шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан банкка ташриф буюриб, картани блокировкадан чиқариш бўйича ариза тақдим қилиш тақозо этилади.
Мобиль телефон орқали банк картасини қандай бошқариш мумкин?
Биринчи навбатда, банк картасида смс-хабарнома хизматини фаоллаштириш керак. Шундан сўнг, банк ёки тўлов ташкилотининг мобиль иловасини юклаб олиш ва ўрнатиш зарур. Мобиль иловада рўйхатдан ўтиш, хусусан, банк картаси тўғрисидаги тегишли маълумотларни киритиш орқали банк картасини масофадан бошқариш имконияти пайдо бўлади.
Банк картаси ҳисобварағидан кўчирмада мен амалга оширмаган тўловлар кузатилса, нима қилиш лозим?
Бу каби ҳолатларда банк картасини блокировка қилиш керак. Бунинг учун банк-эмитент ёки тўлов тизими оператори call-марказига қўнғироқ қилиш лозим. Шунингдек, банк ёки тўлов ташкилотининг мобиль иловаси ёки тўлов тизими оператори расмий сайти орқали банк картасини блокировка қилиш имконияти мавжуд.
Масофадан туриб банк картасини очиш мумкинми?
Мижоз уч усулдан бири ёрдамида масофадан туриб банк картасини очиш учун ариза топшириши мумкин:
1) банкнинг веб-сайтлари орқали;
2) банкнинг мобил иловаси орқали;
3) банкнинг телеграм боти орқали.
Шуни ёдда тутиш керакки, барча банклар ҳам бундай хизматларни таклиф қилмайди, шунинг учун банкнинг сall-марказлари билан боғланиш мақсадга мувофиқ.
Хорижда чет эл валютасидаги банк картасидан фойдаланиш бўйича чекловлар мажудми?
Ҳеч қандай чекловлар йўқ. Банк картасидан фойдаланиш тартиби банк картаси сақловчиси ва банк ўртасидаги шартномага биноан белгиланади.
Сотувчи банк картасидан пул маблағларини икки марта ечган тақдирда, амалиётни бекор қилса бўладими?
Айрим миллий тўлов тизимларида тўловни савдо терминали орқали бекор қилиш имконияти мавжуд.Шуни таъкидлаш жоизки, пул маблағларини қайтариш амалиёти мерчант ва эквайер ўртасида тузилган шартномада кўзда тутилган тақдирда амалга оширилади.
Банк-эмитент бўлмаган банк орқали банк картаси тўлдириш имконияти борми?
Банк картасини ҳар қандай банкда тўлдириш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, cash-in функцияси мавжуд бўлган банкоматлар орқали ҳам банк картасини маблағ билан тўлдириш мумкин.