Дўконга боришдан аввал
- Бир ҳафталик меню тузинг
- Зарур маҳсулотлар рўйхатини тузинг
- Дўконга боришдан аввал тамадди қилиб олинг
- Фақат аниқ расталар бўйлаб юринг
- Энг пастки ва энг юқори жавонларда турган маҳсулотларга эътибор беринг
- Ёрлиқларни ўқинг
- Маълум товарларга эълон қилинган акция талабларини текшириб кўринг
- 1 кг учун товар нархини ҳисобланг
- Иккинчи, учинчи қаторда жойлашган товарларни танланг
- Касса ёнидаги режалаштирилмаган харидлардан эҳтиёт бўлинг
Қачон ва нима тайёрлашни аниқ билсангиз, айнан қайси маҳсулотлар харид қилишингиз керак эканлигини, қайсилари эса музлатгичда бор эканлигини аниқлашингиз анча осон бўлади. Режалаштиришга бироз вақт ва куч сарфлаш сизни ўйловсиз харидлар қилишдан сақлаб қолади ҳамда кечга нима овқат қилиш ҳақида бош қотиришдан бир ҳафтага озод қилади.
Сизнинг хотирангиз мукаммал бўлган тақдирда ҳам, бу мавзуда унга ишониш тавсия этилмайди. Сотиб олиш керак бўлган маҳсулотларни қоғозга ёки мобил телефонингизга ёзиб олинг.
Қорни оч бўлган одамни турли озиқ-овқат маҳсулотлари “ўзига мафтун” қилиши жуда осон, у ўз саватчасини жадаллик билан тўлдириб боради. Ҳаттоки олимларнинг бу бўйича ҳисоб-китоблари бор: агар дўконга боришдан аввал тановул қилмасак, қорнимиз тўқ пайтга нисбатан ўртача 64% га кўпроқ пул сарфлар эканмиз.
Дўконда
Агар сизга нон маҳсулотлари, сабзавотлар ёки гўшт зарур бўлса, тўғри нон маҳсулотлари, сабзавотлар ҳамда гўшт расталарига боринг. Дўкон бўйлаб шошмасдан сайр қилиш сизни рўйхатда бўлмаган маҳсулотларни сотиб олишга ундайди.
Жавонларда кўз даражасида бўлган жойлар энг қиммат маҳсулотлар учун ажратилади. Шу сабабли, қулайроқ нархдаги маҳсулотларни топиш учун пастроққа қараш тавсия этилади.
Маҳсулот сотиб олаётганда яроқлилик муддати, ишлаб чиқарилган санаси, сақлаш талаблари ва албатта таркибига эътибор қаратинг. Шу орқали сиз яроқлилик муддати тугаган маҳсулот харид қилмайсиз, оилавий бюджетни тежаб қоласиз ва соғлигингиз тўғрисида қайғурган бўласиз.
Сариқ рангдаги нарх ёрлиқли маҳсулотлар сиз учун жозибадор бўлса, ушбу маҳсулотни танлаш жараёнига эътиборлироқ бўлинг. Биринчидан, товарнинг яроқлилик муддатини текшириб кўринг. Иккинчидан, акция шартларини текшириб кўринг. Балки акция ушбу маҳсулотдан фақат уч дона харид қилганда амал қилиши мумкин.
Баъзи дўкондарда маҳсулот ёрлиқларида 100 гр товар учун нарх ёзилиши мумкин. Тўғри ҳисоб-китоб учун 1 кг товар нархини ҳисоблаш зарур. Айнан шу сумма товарнинг реал нархи тўғрисида аниқроқ маълумотга эга бўлишингизга ва мавжуд бир нечта вариантлар орасидан энг яхшисини танлашингизга ёрдам беради.
Дейлик, сиз бир хафталик творог сотиб олмоқчисиз. Дўконда эса фақат яроқлилик муддати икки кундан сўнг тугайдиган твороглар бор. Иккинчи, учинчи қаторда жойлаштирилган творогларга қаранг. Сотувчилар нисбатан янги маҳсулотларни орқароққа жойлаштиришади ва бу мантиқан тўғри: шундай қилиб харидорлар биринчи яроқлилик муддати яқин орада тугайдиган маҳсулотларни сотиб олишади.
Касса атрофи режалаштирилмаган харидлар учун хавфли ҳудуд ҳисобланади. Навбатда туришдек ёқимсиз жараён ўзингизни ширинликлар билан сийлашга яхши сабаб бўлиши мумкин ва бунинг учун касса ёнида ширинликлар билан тўла стендлар жойлашган.