Кредитни тўғри сўндиришнинг 5 та қоидаси

Охирги янгиланиш:  17.Авг.2022 12:58 PM
1542
Кредитни тўғри сўндиришнинг 5 та қоидаси
5

Даставвал, кредит олаётганда пулни қандай сарфлаш ҳақида эмас, балки олинган қарзни қандай тўлаш ҳақида ўйлаш керак. Яъни, кредит мажбуриятларини бюджетингизга қай даражада мос келишини аниқлашингиз керак.

Агар сиз кредитни расмийлаштириш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз ёки уни эндигина олган бўлсангиз, шуни унутмангки, кредитни ўз вақтида ва тўғри сўндириш муҳим саналади. Бунинг учун қуйидаги тавсияларимиз билан танишиб чиқинг:

1.      Кредитни қайтариш жадвалига амал қилинг

Биринчи навбатда кредитни қайтариш жадвалини диққат билан кўздан кечиринг ва тақвимда тўловлар санасини белгилаш орқали имкон қадар унга риоя қилинг. Даромад ва харажатларингизни тўлиқ таҳлил қилишни унутманг. Сиз ўзингиз учун молиявий ҳисоботларни юритишингиз ва ҳар ойда натижаларни ёзиб боришингиз мумкин. Шунингдек, даромад ва харажатларнинг ҳисобини юритиш учун мобил илова юклаб олишингиз ҳам мумкин. Агар тўловларингизнинг кўпроқ қисмини банк картаси орқали амалга оширсангиз, банк ёки тўлов ташкилотининг мобил иловаси орқали уларни тизимлаштиришингиз мумкин. Бунда сиз кераксиз харажатларни кузатиб бориш имкониятига ҳам эга бўласиз.                                                                                                         

Бу муҳим! Сиз банкнинг мобил иловаси орқали кредитнинг жорий ҳолатини кузата оласиз. Бунинг учун кредитнинг ID рақамини билиш кифоя.

 

2.      Кераксиз харажатларни максимал даражада қисқартиринг

Шуни тушуниш керакки, маълум харажатларни камайтирмасдан, сиз кредитни сўндира олмайсиз, чунки кредит бўйича тўловлар ҳам бюджетингизнинг мажбурий харажатлар қисмига киради.

Барча даромад ва харажатларингизни таҳлил қилинг ҳамда энг муҳимларини қолдиринг (мисол учун, транспорт харажатларини).

Вақтинча нимадан воз кечишингиз мумкинлигини тартиб ва масъулият билан аниқ белгилаб олишингиз керак. Дейлик, қимматли одатлардан воз кечишни инобатга олинг (спиртли ичимликлар, тамаки маҳсулотлари, кафе ва ресторанлардаги режалаштирилмаган тушликлар ва бошқалар).

Шуни эсда тутинг, бу фақат сизни қарзингиздан қутилишга ёрдам берадиган вақтинчалик чоралардир.

3.      10% қўшинг!

Кредитни муддатидан олдин тўлаш ҳақиқатдан ҳам ортиқча тўловни тежашга ёрдам беради. Муддатидан олдин кредитни биттада тўлаш мақсадида пул йиғиш керак эмас. Ундан кўра, ҳар ойлик тўловингизни оз-оздан кўпайтириб бориш яхшироқ.

Агар сиз ҳар ойда кредит бўйича тўловингизни камида 10%га кўпайтирсангиз, сиз кредитни муддатидан олдин тезроқ ёпишингиз ва пулингизни тежашингиз мумкин.

Бу муҳим! Кредитни қайтариш графигида белгилангандан кўра ортиқ тўловни амалга оширсангиз, ушбу тўловларни кредитнинг асосий қисмини сўндиришга йуналтириш бўйича банкни (оғзаки/ёзма равишда) огоҳлантиришингиз лозим. Акс ҳолда улар сизнинг банк ҳисобрақамингизда қолиб кетиши мумкин. Ушбу шарт кредит шартномасида кўзда тутилган бўлади.

4.      Молиявий ёстиқчани шакллантиринг

Молиявий ёстиқча – бу кўзда тутилмаган вазиятлар учун ажратилган пул. Яқин келажакда нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди – иш жойини йўқотиш, соғлиқ бўйича муаммолар ва бошқа форс-мажор вазиятлар.

Кредит бўйича кейинги тўловларни ўтказиб юбормаслик учун молиявий хавфсизлик ёстиқчасига эга бўлиш лозим. Бунда молиявий ёстиқча энг камида сизнинг 6 ойлик жами харажатларингиз (шу жумладан, кредит тўловларингиз) миқдорида бўлиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун сиз онлайн омонат очишингиз ва ҳар ой унга маълум миқдордаги пулни йўналтиришингиз ҳам мумкин.

Бу муҳим! Бундай захирага пулни харажатдан кейин эмас балки даромад олганда ажратиш лозим. Жамғармага доимий равишда ажратиладиган бундай пул, кам миқдорда (иш ҳақининг 10 % атрофида) бўлса ҳам, вақт ўтиши билан сезиларли даражадаги пулни йиғишга ёрдам беради.

5.      Тўловларни кечиктиришдан сақланинг!

Кредитнинг ойлик тўловларига жарима ҳисобланмаслиги учун ҳар қандай ҳолатда ҳам тўловларни кечиктирманг. Тўлов ўз вақтида бажарилганлигига амин бўлиш учун кредит бўйича тўловларни белгиланган санадан бир неча кун олдинроқ амалга оширинг. Агар тўлов санаси дам олиш ёки байрам кунига тўғри келадиган бўлса, бунда ҳам тўловни олдинроқ амалга ошириш тавсия этилади.

Тўловга кечикмаслик учун, нафақат тўловни амалга ошириш санасини эслаб қолиш, балки керакли пулни ҳам тайёрлаб қўйиш керак.

Айтганимиздек, кредит тўловларини вақтида амалга ошириш учун тақвим эслатмалари сизга ёрдам беради.

Бу муҳим! Кредит шартномаси ва тўловлар графигини сақлаб қўйинг. Унга имзо қўйишдан олдин сиз уни ўрганиб чиқиш учун олиб кетишингиз ва ходимга тушунарсиз бандлар бўйича саволлар бериш ҳуқуқига эгасиз.
Кредитни тўғри сўндириш нима учун муҳим?

Тўловларни кечиктиришингиз сизнинг кредит тарихингизга салбий таъсир кўрсатади. Бу эса келажакда исталган кредит турини олиш имкониятингизни камайтиради.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Уй-жой сотиб олиш ва таъмирлаш учун қандай кредитлар олиш мумкин?

Пенсионерлар учун кредитлар

Пенсионерлар учун кредитлар

Кредит тарихи

Кредит тарихи

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X