Кредит ташкилотлари кредит бериш тўғрисида қандай қарор қиладилар?

Охирги янгиланиш:  21.Июл.2020 10:40 AM
227
Кредит ташкилотлари кредит бериш тўғрисида қандай қарор қиладилар?
3

Кредит олишга қарор қилганингизда, банк, микрокредит ташкилотлари, шунингдек, ломбард каби кредит муассасалари Сизнинг қарзни қайтара олиш бўйича молиявий қобилиятингизни баҳолашади.

Кредит муассасаларининг кредит бериш тўғрисидаги қарорига нималар таъсир кўрсатади?

  • Қарз олувчининг кредит тарихи:
    • кредитлар бўйича кечиктирилган тўловлар қарз олувчининг кредит тарихида акс этади ва бу кредит олиш бўйича мурожаат рад этилишига сабаб бўлиши мумкин.
  • Қарз олувчининг ўртача ойлик даромади:
    • ойлик кредит тўловлар Сизнинг ўртача ойлик даромадингизни 50-70%дан ошмаслиги керак.
  • Кредит таъминоти (гаров/кафиллик/суғурта полиси):
    • агар Сиз тақдим этган гаров (автомобил, кўчмас мулк) қиймати Сизнинг тўлов қобилиятингиз йўқолган ҳолатида кредитни тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмаса, кредит миқдори камайтирилиши мумкин;
    • агар Сиз кредит мажбуриятлари учун кафолат сифатида учинчи шахс кафиллигидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, банк учинчи шахснинг кредитни ўз вақтида қайтариш бўйича молиявий имкониятларини ҳам баҳолайди, чунки кафил, қарз олувчи каби, кредитни ўз вақтида ундириш бўйича бирдек жавобгар бўлади;
    • қарздор кредит таъминоти сифатида суғурта полисини тақдим этганда, банклар суғурта компаниясининг молиявий ҳолатини ўрганиш ва баҳолаш ҳуқуқига эга.

Кредитга лаёқатлилик баҳоланишида нималар ҳисобга олинади?

Жисмоний шахснинг кредитга лаёқатлилигини баҳолашда камида охирги 6 ой давомидаги даромад ҳақида маълумотнома текширилади. Одатда, ушбу маълумотнома иш ҳақи ва унинг ушланмалари (даромад солиғи, пенсия жамғармаси ҳиссаси ва бошқалар) тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Агар кредит кафиллик билан таъминланган бўлса, кафилнинг даромади тўғрисидаги маълумотнома ҳам тақдим этилади.34

Шу билан бирга, тижорат банклари жисмоний шахсларнинг кредитга лаёқатлилигини скоринг баҳолаш натижалари асосида баҳолайдилар. Баъзи тижорат банклари кредит бериш ёки бермаслик бўйича қарор қабул қилиш учун ўз скоринг тизимига эга. Мазкур тизим мижознинг тақдим этган ҳужжатларида кўрсатилган асосий маълумотлари (иш жойи, ўртача ойлик даромади, бошқа кредитлар бўйича қарз ва бошқалар) асосида кредитга лаёқатлилигини баҳолайди.

Юридик шахсларнинг кредитга лаёқатлилигини баҳолаш жисмоний шахсларнинг тўлов қобилиятини баҳолашдан жуда фарқ қилади. Бунда, мезонлар янада мураккаб бўлиб, юридик шахснинг молиявий ҳолати ва қарз маблағларига муҳтож бўлган лойиҳанинг даромадлилигини баҳолаш кўзда тутилади.

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг кредитга лаёқатлилигини баҳолашда бошқа банклардан олинган кредитлар учун тўлов жадвали (агар мавжуд бўлса) ҳам ҳисобга олинади.

Қарз олувчининг истеъмол кредити бўйича тўловлилик қобилиятини баҳолаш мисолида кўриб чиқамиз. Масалан, Сизинг охирги 6 ойлик даромадингиз қуйидагидек акс этади:

Давр Ҳисобланди Сақлаб қолинди Қўлга
Иш ҳақи ва ёрдам пули Мукофотлар Бошқа тўловлар Фойда солиғи ШЖПҲ (1%) Кас.уюш бадали
Январь 2 592 207,1 1 458 458,7   482 029,2 4 050,6 40 506,6 3 524 079,4
Февраль 2 700 888,8 1 817 304,0   537 664,9 4 518,1 45 181,9 3 930 827,9
Март 3 581 471,7 1 570 794,0   613 119,6 5 152,2 51 522,6 4 482 471,3
Апрель 2 570 794,0 2 478 755,8   600 896,4 5 049,5 50 495,5 4 393 108,4
Май 3 603 215,8 2 504 260,7   726 789,7 6 107,4 61 074,7 5 313 504,7
Июнь 3 669 071,4 2 427 976,2   725 548,6 6 097,0 60 970,4 5 304 431,6
ЖАМИ 18 717 648,8 12 257 549,4   3 686 048,4 30 974,8 309 751,7 26 948 423,3

Шундай қилиб, Сизнинг 6 ойлик иш ҳақингиз умумий миқдорини ойлар сонига бўлиб, (бу ҳолатда, 6) ўртача ойлик иш ҳақининг ҳажмини аниқлаймиз.31

26 948 423,3/6 = 4 491 403,8 сўм

Ўртача ойлик иш ҳақидан кредитни қайтариш учун ойига максимал 70% сарфлаш мумкин (агар Сизда бошқа кредитлар бўлмаса) ва бу қуйидагига тенг

4 491 403,8 х 70% = 3 143 982,6 сўм.

Сиз www.finlit.uz сайтининг кредит калькуляторидан фойдаланиб, 1 йилга йиллик 26 фоиз тўлаш шарти билан 33,0 млн. сўмгача кредит олиш имконияти мавжудлигини ҳисоблашингиз мумкин. Шунда, кредит бўйича ҳар ой учун 3,14 млн. сўмгача тўловларни амалга оширишга тўғри келади.

Ушбу мисол, Сизнинг бошқа кредитингиз йўқлиги шартида келтирилган.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Кредит тарихи
12

Кредит тарихи

Кредит таъминоти учун гаров нимага керак?
11

Кредит таъминоти учун гаров нимага керак?

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?
10

«Микроқарз» нима ва уни қандай олиш мумкин?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X