Гаров – мижозга кредит ажратишда таъминотнинг бир туридир. У мулк, закалат, ҳуқуқлар ва товар кўринишида бўлиши мумкин.
Кредит таъминотига тақдим этилган мулк, закалат, ҳуқуқлар ва товар кредит асосий қарзи ва фоизларининг тўлиқ қайтарилишига гаров ҳисобланади. Шу муносабат билан, гаров баҳоси кредит суммасидан ўртача 20-30 фоизга кўпроқ бўлиши керак. Кредит тўловлари муддатида қайтарилмаган тақдирда, кредит тўловларини ундириш гаровга қўйилган таъминотга қаратилади.
Кредит таъминоти учун бир нечта гаров турларидан фойдаланиш мумкин. Улар:
Мулк:
кўчар мулк (автомобиль, ускуна, техника) ва кўчмас мулк (турар ва нотурар жой).
Закалат:
қимматбаҳо металлар (заргарлик буюмлари, олтин ва кумуш тангалар).
Ҳуқуқлар:
қимматли қоғозлар (депозит сертификатлари, акциялар),
ерга ёки мулкка эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқлари.
Кредит муддати давомида гаров эгаси мулкка (закалат тарздаги гаровдан ташқари) эгалик қилиш ва улардан фойдаланиши мумкин. Фақатгина, кредит ташкилоти гаров мулкидан бошқа шахсларнинг фойдаланишига чеклов қўйиши мумкин. Бу шартлар гаров шартномасида аниқ кўрсатилиши керак.
Қарздорнинг кредитдан фойдаланиш даврида, кредит ташкилоти розилиги билан гаровни алмаштириш имконияти мавжуд. Бунда кредит ташкилоти томонидан қарздорнинг кредит тарихи, таклиф этилаётган мулкнинг ҳолати ва кредит қолдиғига мутаносиблигини инобатга олади.
Гаров мулки баҳоси кредит суммасидан анча баланд бўлса, уни навбатдаги кредитга ҳам гаровга қўйиш ҳуқуқи қонун билан белгиланган (Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида”ги Қонуни, 15-модда). Бунда, гаров мулки даставвал биринчи кредит бўйича юзага келган мажбуриятларни қоплаши назарда тутилади.
Қарздорларнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш мақсадида тақдим этилган гаровга нисбатан кредиторларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги, шунингдек қарздорнинг мол-мулкни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир ҳуқуқларига қўйилган чеклов ҳамда қарздор ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлаши билан боғлиқ бошқа талаблар ҳақидаги ёзувларни ўз ичига олган гаров реестри маълумотлар базаси яратилган.
Гаров реестрига гаровга қўйилган мулклар тўғрисидаги маълумотлар мулк эгасининг розилиги билан киритилади. Ушбу маълумотлар базасида фойдаланувчи сифатида рўйхатдан ўтган ҳолда гаров мулки тўғрисидаги маълумотларни текшириш мумкин. Бу асосан кредитор учун гаров мулкига қўйилган мажбурий талабларни (масалан, мулк бошқа кредитга гаровга қўйилганлиги), шунингдек, гаровга қўйилаётган мулк тўғрисида батафсил маълумотларни қисқа муддатда аниқлаш имкониятини беради.
Эътибор қаратинг!
Кредит таъминоти сифатида турар жойингизни гаровга қўйишдан олдин уни йўқотиб қўйиш хатарини тўғри баҳоланг ва оила аъзоларингиз учун келтириб чиқаришингиз мумкин бўлган ноқулайликлар ҳақида ўйланг.
Асосий гаров мулкингиз кредит маблағини 125%ини қопламаяптими, унда, Сиз кредит суммасини камайтиринг ёки қўшимча таъминот турлари – бошқа юридик шахс кафиллиги, суғурта полиси кабилардан фойдаланинг.
Дўстингиз ёки танишингиз кредити гарови бўйича ўз мулкингизни тақдим этишдан аввал, шуни билишингиз керакки, агар кредитни қоплаш имконияти бўлмаса, кредитни ундириш Сизнинг ҳисобингиздан амалга оширилиши эҳтимоли юқори.