Тижорат банклари

Охирги янгиланиш:  02.Авг.2020 5:43 PM
9120
Тижорат банклари
25

Тижорат банки нима?

Тижорат банки – тижорат асосида банк фаолияти, яъни маблағларни жалб қилиш ва кредитларни тақдим этиш, банк ҳисобварақларини очиш ва уни юритиш ҳамда тўловларни ўтказиш каби амалиётларни амалга оширувчи кредит ташкилотидир. Тижорат банклари - бўш пулга (жамғармага) эга ва пулга муҳтож бўлганлар ўртасидаги воситачилардан бири ҳисобланади.

Тижорат банклари нима учун керак?

Тижорат банклари иқтисодиётнинг “қон томир тизими” бўлиб, аҳоли ва бизнеснинг тўпланиб қолган жамғармаларини тақсимлаш орқали иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар билан таъминлайди. Бу воситачилик иқтисодиётни янада ривожлантириш учун зарур бўлган “ёқилғи” билан таъминлайдиган омилидир.

Воситачи сифатида тижорат банклари пул маблағларидан фойдаланганлиги учун фоиз тўлаш шарти билан омонатларни жалб қиладилар ва уларни аҳоли ва тадбиркорларга кредитлар ва инвестициялар шаклида фоиз эвазига тақдим этадилар.

Ўзбекистонда тижорат банк фаолиятини юритиш учун Марказий банк томонидан бериладиган банк лицензиясини олиш зарур. Ушбу лицензия муддатсиз ва учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Тижорат банклари қандай хизматлар кўрсатади?

Биринчидан, банклар сизнинг маблағингиз билан самарали фойдаланишни ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, омонатга пулингизни қабул қилиб, фоиз тўлаш орқали маблағларингизни кўпайтириб беради.

Муҳим!!! Сизнинг омонатингиз хавфсизлиги Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан унинг ҳажми ва валютасидан қатъий назар тўлиқ кафолатланади

Иккинчидан, Сизга маблағ керак бўлганда ёки зарур нарсаларни сотиб олиш учун жамғармаларингиз етарли бўлмаганда, тижорат банклари сизга кредитлар тақдим этиши мумкин. Мисол учун, уй, техника, автомобил, мебел сотиб олиш, ўқиш тўловлари ва бошқалар учун кредитлар олишингиз мумкин.

Учинчидан, банкларнинг кассалари ва мобил иловалари орқали маҳсулотларнинг хариди, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, жарималар ва бошқалар учун тўловларни амалга ошириш осон.

Тўртинчидан, нақд пулсиз маблағлар билан тўлаш учун тижорат банкларида ҳисобварақ очиш мумкин. Бу, онлайн дўконларда амалга оширилган харидлар учун энг қулай тўлов йўли ҳисобланади. Банк ҳисобварағига маблағингизни қўйиб, уларни хавфсизликда сақлайсиз.

Шунингдек, тижорат банклари хорижий валютани нақд ва нақд пулсиз шаклларда сотиб олиш ва сотиш, банк консалтинг ва информацион хизматлар, ҳужжатларни ва бошқа қимматбаҳо нарсалар ва ҳоказоларни сақлаш учун сейф ва ячейкаларни ижарага бериш билан боғлиқ хизматлар кўрсатади.

Тижорат банкларининг хизматлар тури:

Жисмоний шахсларга Юридик шахсларга
  • Пул ўтказмалари
  • Омонатлар
  • Банк карталари
  • Кредит маҳсулотлари
  • Конверсион амалиётлари
  • Мобил банкинг
  • Индивидуал сейф ва ячейкалар
  • Ҳисоб-китоб ва касса хизматлари
  • Тўловларни қабул қилиш
  • Коммунал тўловларни амалга ошириш
  • Жамғарма сертификатлари
  • Мол-мулкни ишончли бошқариш
  • Пул ўтказмалари
  • Депозитлар
  • Банк карталари
  • Кредит маҳсулотлари, шу жумладан хорижий валютада
  • Лизинг
  • Факторинг
  • Конверсион амалиётлари
  • Интернет-банкинг
  • Индивидуал сейф ва ячейкалари
  • Ҳисоб-китоб ва касса хизматлари
  • Хорижий кредит линиялари
  • Лойиҳаларни молиялаштириш
  • Суғурта ташкилотлар номидан суғурта шартномасини тузиш
  • Омонат сертификатлари
  • Мол-мулкни ишончли бошқариш

Шу билан бирга тижорат банкларига молиявий амалиётлар билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш, савдо, суғурта ва бошқа фаолият билан бевосита шуғулланиш тақиқланади.

Юқорида таъкидланганидек, тижорат банкларининг асосий мақсади фойда олишдир. Банклар қандай қилиб фойда олишини кўриб чиқайлик.

Тижорат банклари даромадлари:

Фоизлар эвазига даромадлар: Фоизсиз даромадлар:
  • кредитлар
  • бошқа тижорат банкларига берилган карзлар
  • инвестициялар
  • қимматли қоғозларни қайта сотиб олиш келишувлари
  • Марказий банкдаги ҳисоблар
  • қарз мажбуриятларига инвестициялар
  • лизинг операциялари ва ҳоказолар
  • мижозлар учун ҳисоб-китоб ва касса хизматлари
  • банк кафолатларини тақдим этиш
  • мижозларнинг валюта шартномалари бўйича хизмат кўрсатиш
  • конверсия амалиётлари
  • брокерлик ва депозитар хизматлари
  • пластик карталар билан амалиётлар
  • ишончли бошқариш амалиётлари
  • факторинг хизматлари
  • депозит сақлаш ва бошқалар

Даромад билан бир қаторда банкларнинг етарли харажатлари мавжуд:

  • фоизлар бўйича харажатлар: талаб қилиб олингунгача бўлган депозитлар ҳисобварақлари, муддатли омонатлар, Марказий банк ва бошқа тижорат банкларига тўловлар, тўланадиган кредитлар бўйича;
  • фоизсиз харажатлар: комиссион харажатлар ва хизматлар учун харажатлар (масалан, банк рекламаси ёки тадбирларни ўтказиш), хорижий валюта курсининг салбий ўзгаришларидан йўқотишлар, инвестициялар ва бошқалар;
  • операцион харажатлар: иш ҳақи харажатлари, банк биноларини ижараси ва бошқа харажатлари, хизмат сафарлари, амортизация, суғурта, солиқлар ва бошқалар;
  • бирлашмаларга аъзолик бадаллари учун тўловлар ва фуқаролар омонатини кафолатлаш фондига маблағлар тўловлари.
Юқорида айтилган даромад ва харажатларнинг ўртасидаги фарқи тижорат банкларининг фойдаси ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, омонатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари нима учун фарқ қилишини тушунтиради.



Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Тижорат банклари

Тижорат банклари

Марказий банк

Марказий банк

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X