Тижорат банки нима?
Тижорат банки – тижорат асосида банк фаолияти, яъни маблағларни жалб қилиш ва кредитларни тақдим этиш, банк ҳисобварақларини очиш ва уни юритиш ҳамда тўловларни ўтказиш каби амалиётларни амалга оширувчи кредит ташкилотидир. Тижорат банклари - бўш пулга (жамғармага) эга ва пулга муҳтож бўлганлар ўртасидаги воситачилардан бири ҳисобланади.
Тижорат банклари нима учун керак?
Тижорат банклари иқтисодиётнинг “қон томир тизими” бўлиб, аҳоли ва бизнеснинг тўпланиб қолган жамғармаларини тақсимлаш орқали иқтисодиётни зарур молиявий ресурслар билан таъминлайди. Бу воситачилик иқтисодиётни янада ривожлантириш учун зарур бўлган “ёқилғи” билан таъминлайдиган омилидир.
Воситачи сифатида тижорат банклари пул маблағларидан фойдаланганлиги учун фоиз тўлаш шарти билан омонатларни жалб қиладилар ва уларни аҳоли ва тадбиркорларга кредитлар ва инвестициялар шаклида фоиз эвазига тақдим этадилар.
Ўзбекистонда тижорат банк фаолиятини юритиш учун Марказий банк томонидан бериладиган банк лицензиясини олиш зарур. Ушбу лицензия муддатсиз ва учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.
Тижорат банклари қандай хизматлар кўрсатади?
Биринчидан, банклар сизнинг маблағингиз билан самарали фойдаланишни ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда, омонатга пулингизни қабул қилиб, фоиз тўлаш орқали маблағларингизни кўпайтириб беради.
Иккинчидан, Сизга маблағ керак бўлганда ёки зарур нарсаларни сотиб олиш учун жамғармаларингиз етарли бўлмаганда, тижорат банклари сизга кредитлар тақдим этиши мумкин. Мисол учун, уй, техника, автомобил, мебел сотиб олиш, ўқиш тўловлари ва бошқалар учун кредитлар олишингиз мумкин.
Учинчидан, банкларнинг кассалари ва мобил иловалари орқали маҳсулотларнинг хариди, кўрсатилган хизматлар, бажарилган ишлар, жарималар ва бошқалар учун тўловларни амалга ошириш осон.
Тўртинчидан, нақд пулсиз маблағлар билан тўлаш учун тижорат банкларида ҳисобварақ очиш мумкин. Бу, онлайн дўконларда амалга оширилган харидлар учун энг қулай тўлов йўли ҳисобланади. Банк ҳисобварағига маблағингизни қўйиб, уларни хавфсизликда сақлайсиз.
Тижорат банкларининг хизматлар тури:
Жисмоний шахсларга | Юридик шахсларга |
|
|
Шу билан бирга тижорат банкларига молиявий амалиётлар билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш, савдо, суғурта ва бошқа фаолият билан бевосита шуғулланиш тақиқланади.
Юқорида таъкидланганидек, тижорат банкларининг асосий мақсади фойда олишдир. Банклар қандай қилиб фойда олишини кўриб чиқайлик.
Тижорат банклари даромадлари:
Фоизлар эвазига даромадлар: | Фоизсиз даромадлар: |
|
|
Даромад билан бир қаторда банкларнинг етарли харажатлари мавжуд:
- фоизлар бўйича харажатлар: талаб қилиб олингунгача бўлган депозитлар ҳисобварақлари, муддатли омонатлар, Марказий банк ва бошқа тижорат банкларига тўловлар, тўланадиган кредитлар бўйича;
- фоизсиз харажатлар: комиссион харажатлар ва хизматлар учун харажатлар (масалан, банк рекламаси ёки тадбирларни ўтказиш), хорижий валюта курсининг салбий ўзгаришларидан йўқотишлар, инвестициялар ва бошқалар;
- операцион харажатлар: иш ҳақи харажатлари, банк биноларини ижараси ва бошқа харажатлари, хизмат сафарлари, амортизация, суғурта, солиқлар ва бошқалар;
- бирлашмаларга аъзолик бадаллари учун тўловлар ва фуқаролар омонатини кафолатлаш фондига маблағлар тўловлари.
Юқорида айтилган даромад ва харажатларнинг ўртасидаги фарқи тижорат банкларининг фойдаси ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, омонатлар ва кредитлар бўйича фоиз ставкалари нима учун фарқ қилишини тушунтиради.