Инвестор ва брокер

Охирги янгиланиш:  23.Сен.2020 12:25 PM
3319
Инвестор ва брокер
11

Сиз қимматли қоғозларни сотиб олишга қарор қилдингизми? Бунинг учун нимадан бошлаш керак?

Биржада савдо қилишни бошлаш учун брокерлик ҳисобварағини очиш керак. Брокерлик ҳисобварағи қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш учун ҳамда барча амалга оширилган операцияларни кузатиб бориш учун керак. Ушбу ҳисобварақ билан биржа аъзоси, сизнинг расмий вакилингиз – брокер ишлайди.

Нисбатан ўзига ишонган ва тажрибали инвесторлар қимматли қоғозлар савдоси билан мустақил шуғулланиши мумкин, брокер эса фақат назорат қилади.

Брокер ким ва у ўз фаолиятини қандай амалга оширади?

Агарда сиз биржада савдо қилиш ва қимматли қоғозларга инвестиция киритишга қарор қилган бўлсангиз, унда сиз брокерни танлашингиз керак бўлади.

Брокер мижоз ҳамда фонд биржа ўртасида воситачи сифатида фаолият юритади ҳамда харидор номидан битимларни амалга оширади. Брокер ҳар бир мижоз пул маблағлари ҳисоботини юритади, мижоз билан тузилган шартномага мувофиқ унинг топшириғи билангина қимматли қоғозлар билан битим ва операцияларни амалга оширади, амалга оширилган битим ва операциялар ҳақида ҳисобот беради. Брокер – қимматли қоғозлар бозоридаги «қўллар» бўлиб, у инвестор топшириқларини бажаради.

Бу муҳим! Брокерларнинг тўлиқ рўйхати билан танишмоқчи бўлсангиз, «Тошкент» РФБ нинг расмий сайтига киринг.

Брокер танлашда айрим жуда муҳим жиҳатларга эътибор бериш лозим:

  • Брокерда Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги лицензияси ва «Тошкент» РФБ сертификати бор-йўқлиги;
  • Тарифлар - брокер акцияни сотиш ёки сотиб олиш топшириқларини бажаришда ўз хизматлари, шунингдек, белгиланган тарифларга мувофиқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, биржа савдолари ташкилотчиси («Тошкент» РФБ) хизматлари учун комиссия олади. Тўланадиган комиссия миқдорлари битим суммаси ҳамда битим амалга оширилаётган савдо секцияси тури билан бевосита боғлиқ (MainBoard, Negoboard, IPO ва ҳ.к.)1;
  • Брокернинг қимматли қоғозлар бозоридаги меҳнат стажи;
  • Брокернинг кафолат фонди миқдори – қимматли қоғозлар савдоси қоидаларини бузиш билан битим тузишда инвесторга зарарни қоплаш мақсадида қўлланади. Биржа брокерлари кафолат фондлари ҳажмлари рўйхати «Тошкент» РФБ сайтида расман эълон қилинади
  • Брокер обрўси ва у ҳақида ҳозирги ва аввалги мижозларининг фикрлари.

Брокерлик ҳисобварағи билан бирга депозитар ҳисобварағи ҳам очилади. Нима учун? Брокерлик ҳисобварағига қимматли қоғозларни харид қилиш учун пулларни туширасиз, депозитар ҳисобварақда эса харид қилинган қимматли қоғозлар сақланади. Фонд бозоридаги барча иштирокчилар қимматли қоғозлар кимга тегишли эканлигини билиши учун фонд биржасида барча амалга оширилган операциялар рўйхатга олинади. Олди-сотди операциялари амалга оширилиши билан, бу ҳақдаги маълумотлар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига жўнатилади.

Ҳозирги кунда мижозларнинг брокерлик ҳамда депозитар ҳисобварақлари Ягона дастурий-техник мажмуа тақдим этадиган ягона модуль билан бирлаштирилгани жуда муҳим. Унинг бош мақсади Ўзбекистон фонд бозорини узлуксиз ишлашини таъминлашдан иборат.

Акцияларни харид қилишдан аввал нималарга эътибор бериш керак?

Биринчи ўринда компаниянинг молиявий ҳужжатлари ҳамда корпоратив эълонларига эътибор бериш керак. Уларни компаниянинг расмий саҳифаси ёки Ягона корпоратив ахборот порталидан топиш мумкин. Бўлажак инвесторлар компания даромади (соф фойдаси), акциядорларга аввал тўланган дивидендлар ҳажмига эътибор қаратиш керак. Ундан ташқари, «Тошкент» Республика фонд биржаси сайтида қимматли қоғозлар бўйича котировкаларни, акцияларнинг аввалги нархларини кўриб олиш мумкин.

Ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни ошкор этиш шартлари ҳам ниҳоятда муҳим. Бундай маълумотларга компания фаолияти тўғрисидаги йиллик молиявий ҳисоботлар, йиллик бухгалтерия баланслари, акциядорларнинг умумий йиллик ва навбатдан ташқари йиғилишлари натижалари тўғрисидаги ахборот, ҳисобланган ва тўланган дивидендлар ҳажмлари, акциялар ликвидлиги кўрсаткичлари, улар бўйича савдо ҳажми ва бошқа муҳим маълумотлар киради. Ушбу маълумотлар қимматли қоғозлар бозоридаги барча иштирокчилар учун очиқ бўлиши керак. Бундай маълумотларни ўрганиш вазиятни объектив баҳолаш ҳамда у ёки бу компаниянинг қимматли қоғозларига маблағ киритиш борасида чуқур ўйланган инвестициявий қарор қабул қилиш имконини беради.

Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан тайёрланди.

Манзил: 100047, Миробод тумани, Амир Темур кўчаси, 13 уй
Телефон: (71)203-01-15
E-mail: info@cmda.gov.uz


1 Main board – асосий секция, қимматли қоғозлар бўйича котировкага таъсир қиладиган бозор битимлари; Nego board – музокара секцияси, қимматли қоғозлар котировкасига таъсир қилмайдиган бозордан ташқари музокара битимлари; IPO – қимматли қоғозларни бирламчи жойлаштириш секцияси.





Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Фонд биржаси қандай фаолият юритади?

Тижорат банклари

Тижорат банклари

Марказий банк

Марказий банк

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X