Инфляцион таргетлаш

Охирги янгиланиш:  02.Июл.2020 4:16 PM
8039
Инфляцион таргетлаш
17

Инфляцион таргетлаш бу нима?

Ҳозирги кунда инфляцион таргетлаш пул-кредит сиёсатини олиб боришнинг энг оммабоп усулларидан бири бўлиб, ушбу усул жаҳондаги 40 дан ортиқ мамлакатларда қўлланилмоқда.

“Target” сўзи инглиз тилидан олинган бўлиб, “мақсад” деган маънони англатади. Инфляцион таргетлаш режимида инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи (таргет) ўрнатилади.

19Инфляциянинг мақсадли кўрсаткичи (таргети)га эришиш учун пул-кредит сиёсати механизмлари босқичма-босқич ушбу режимга ўтказилиб, инфляцияни пасайтиришда самарали инструмент сифатида фойдаланилади.

Ўз навбатида, ушбу режимнинг қўлланилиши нархлар барқарорлигини таъминлаш орқали ўрта муддатли истиқболда мустаҳкам ва барқарор иқтисодий ўсиш учун қўшимча шароитлар яратиши мумкин. Шу билан бирга, Марказий банк инфляция даражасининг энг мос мақсад (таргет)ини аниқлаб олиб, унга пул-кредит сиёсати инструментларини қўллаш, иқтисодий ривожланишни мунтазам таҳлил қилиш ва пул-кредит сиёсати режаларини кенг ёритиш орқали эришади.

Бу режим ўзининг қабул қилинган стандартлари ва тартибларига эга. Масалан, макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизимидан кенг фойдаланган ҳолда қарор қабул қилиш, сузувчи валюта курсидан фойдаланиш, коммуникациявий сиёсат тамойиллари, валюта интервенсияси стратегияси ва бошқалар.

Марказий банк инфляциянинг эришилиши зарур энг мос мақсад (таргет)ини (масалан, инфляциянинг 5 фоизли даражасига эришиш) ўрнатиб, ушбу таргетни пул-кредит сиёсати инструментларидан фойдаланган ҳолда сақлаши лозим.

Нархлар барқарорлигини таъминлаш инфляцион таргетлаш режимига ўтишда самарали усуллардан бири бўлиб, у ўз навбатида, "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги Қонунга мувофиқ, Марказий банкнинг банк тизими ва тўлов тизимлари ишлашининг барқарорлигини таъминлаш сингари асосий мақсадлари қаторида туради

Нима учун аксарият мамлакатлар инфляцион таргетлаш режимини тадбиқ этмоқда?

21Гап шундаки, паст даражадаги ва прогоноз қилинадиган (барқарор) инфляция мамлакатда барқарор иқтисодий ўсиш учун жуда зарурий омил ҳисобланади. Бинобарин, инфляцион кутилма тижорат банклари томонидан кредит ажратишда ундаги фоиз ставкасига қўшилади ҳамда юқори инфляцион кутилма кредит фоиз ставкасининг юқори бўлишига олиб келади.

Шундай қилиб, тадбиркорлар қарз маблағ (кредит)лардан фойдаланганликлари учун ҳисобланган фоиз ставкаларининг юқори (юқори инфляция таъсирида) бўлиши, уларни қайтариш билан боғлиқ тўловларга таъсир қилади.

Агар фоиз ставкалари (кредит учун ҳисобланган) юқори бўлса, тадбиркорлар камроқ кредит оладилар. Бу эса уларнинг инвестициявий қобилиятига таъсир этган ҳолда, узоқ муддатли иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилади. Зеро, биз бугун киритаётган инвестициялар - эртанги кунда товар ва хизматларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш манбаларини яратишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

Барқарор иқтисодий ўсиш учун паст даражадаги ва прогоноз қилинадиган (барқарор) инфляция марказий банклар учун зарурий шартлардан бири ҳисобланади.

Шу сабабли, паст даражадаги ва прогноз қилинадиган (барқарор) инфляцияни таъминлаш аксарият марказий банклар томонидан уларнинг узоқ муддатли мақсади (таргет) сифатида белгиланади.

Нима учун инфляцион таргетлаш режимидан фойдаланиш керак?

Инфляцион таргетлаш режими бир неча макроиқтисодий мақсадларга эришиш имконини беради:

  • нархларнинг кескин ошиши ва юқори инфляцияни олдини олиш;
  • пул бозорини шакллантириш, пул бозорини сегментлаш сабабларини бартараф этиш;
  • ички ва ташқи омилларни ҳисобга олган ҳолда, аҳоли ва тадбиркорларнинг тўлов қобилиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда молия секторининг барқарорлигини таъминлаш.

Инфляцион таргетлаш режими қандай амалга оширилади?

Инфляцион таргетлаш режимини амалга ошириш учун, биринчи навбатда, қуйидаги шартлар бажарилиши зарур:

  • инфляциянинг доимий таргетини белгилаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш (инфляция, унинг омиллари ҳамда кўзланган инфляцион таргет ҳақида аҳолини мунтазам равишда хабардор қилиш);
  • инфляцион жараёнларни бошқариш ва пул бозорида фоиз ставкаларини тартибга солиш мақсадида пул-кредит сиёсати бўйича инструментлардан (РЕПО ва валютавий своп аукционлари, депозит аукционлари, ҳамда Марказий банк облигацияларини жойлаштириш бўйича аукционлар) кенг миқёсда фойдаланиш;
  • пул-кредит сиёсати соҳасида объектив қарорлар (хўжалик юритувчи субъектлар ҳолатини таҳлил қилиш: уй хўжаликлари соҳаси, тадбиркорлик соҳаси, давлат бошқаруви соҳаси ва ташқи дунё) қабул қилиш учун батафсил макроиқтисодий таҳлил қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда мавжуд бўлган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда прогнозлаш;
  • пул-кредит сиёсати мақсадлари (нархлар барқарорлиги, кредитларнинг оммабоплиги, паст даражадаги инфляция, аҳолининг миллий валютага бўлган ишончини ошириш ва ҳоказо)ни кенг жамоатчиликка етказиш учун коммуникациявий сиёсатни такомиллаштириш, макроиқтисодий ҳолатни прогноз қилиш имкониятини таъминлаш ҳамда бозор иштирокчилари ишончини шакллантириш

Инфляцион таргетлаш режими шароитларида пул-кредит сиёсатининг қандай инструментлари қўлланилади?

22

Инфляцион таргетлаш режимида инфляция даражасини ушлаб туриш учун пул-кредит сиёсатининг асосий инструментларидан бири бўлиб, Марказий банк томонидан белгиланадиган асосий ставка ҳисобланади. Марказий банк асосий ставкани ўзгартириш орқали тижорат банклари томонидан омонат ва кредитлар бўйича таклиф этиладиган фоиз ставкаларига таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ўз навбатида, умумий талаб орқали иқтисодиётдаги нарх даражасига таъсир кўрсатади.

Ўзбекистонда инфляцион таргетлаш режими

Юқоридагилардан келиб чиқиб, инфляцион таргетлаш деганда – олдиндан белгиланадиган инфляция даражаси (таргет)ни кенг жамоатчиликка эълон қилиш, ҳамда ушбу кўрсаткичга эришиш ва уни сақлаб қолиш жараёни тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтилаётган бўлиб, 2023 йилда 5 фоиз даражадаги инфляцион мақсад (таргет)га эришиш режалаштирилган.




Сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин:

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Инфляция ҳақида бошланғич тушунча

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Марказий банк асосий ставкаси бу нима?

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by X